
Россия оммавий ахборот воситаларига кўра, россиялик ўсмирни жағини синдиришда айбланган Баҳром Хуррамов Ўзбекистонга қайтган.
Айни пайтда унга иш берган коммунал хизмат ташкилоти 4 миллион 400 минг рубл миқдорида жаримага тортилгани айтилади.
Россия муҳожирлик хизмати ходимларининг билдиришича, улар ўтказган текширув натижасида 30 га яқин хориж фуқаролари, шу жумладан Баҳром Хуррамов ҳам Россияда ноқонуний ишлаб келгани аниқланган.
Баҳром Хуррамов 16 февралда Россиядан чиқиб кетган. Орадан 5 кун ўтгач, Хуррамов ишлаб келган коммунал хизмат бошқармасига жарима солингани билдирилган.
Шу йилнинг бошида Баҳром Хуррамов москвалик ўсмир болага тан жароҳати етказганликда айблаб ҳибсга олган. Бироқ 4 февралда Москвадаги Зюзинский маҳкамаси жиноий ишни ёпиқ деб эълон қилган эди.
Ўтказилган текширув-суриштирув ишлари натижасида Хуррамов таёқ отиб жароҳатлаган ўсмир боланинг ўзи безориликка алоқадор бўлиши мумкинлиги аниқланган.
Бу воқеа жамоатчилик орасида, ижтимоий тармоқларда кенг фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлган.
Баҳром Хуррамовни ҳимоя қилиб чиққан журналист аёл меҳнат муҳожирни ёқлагани учун ўз ишидан ҳам айрилган эди.

























