
Хуррамовни озод этиш учун Россиядаги ўзбек жамолари ҳаракат қилгани айтилади
Москва шаҳар Зюзинск туман маҳкамаси январ ойи бошида 12 ёшли ўспиринга тан жароҳати етказишда айбланган ўзбекистонлик фаррош Баҳром Хуррамовни қамоқдан озод этган.
Хуррамовга нисбатан жиноий иш тарафлар ярашгани туфайли бекор қилинган.
Маҳкама Хуррамовга нисбатан жиноий ишни тўхтатишни сўраган ўспирин онасининг аризасини инобатга олган.
Прокурор ўзбекистонликка нисбатан қўзғатилган ишни тўхтатишларига эътироз билдирган, бироқ маҳкама фаррошнинг ўспириндан кечирим сўрагани ва етказган зарарни қоплаганини инобатга олган.
Россиядаги ўзбеклар диаспораси ўспирин оиласига 50 минг рубл (тахминан 1700 доллар) товон пули тўлаган.
Маҳкама 9 январда Баҳром Хуррамовни ҳибсга олишга қарор қилганди.
Ўспириннинг айтишича, у ва унинг дўстлари отган қор парчаси тасодифан фаррошга тегади ва фаррош болалар ортидан қувалай бошлайди.
Хуррамов отган белкурак ўспирин юзига тегади.
Ўспирин бош чалғиши ва жағ синиши ташхиси билан шифохонага ётқизилганди.

























