
Гулнора Каримова куйлашича, у ҳаётдаги барча имкониятлардан фойдаланиб қолишни истайди
Президент Ислом Каримов қизи Гулнора Каримова - Гугушанинг "Round Run" деб номланган инглиз тилидаги қўшиғига ишланган видеоклипи Интернетда эълон қилинган.
Гулнора Каримова бу қўшиғининг Америкадаги Billbord ҳафталик хит-парадида юқори ўринни эгаллаганини айтган ва шу йил ёзида қўшиқ асосидаги видеоклип Бухоро шаҳрида тасвирга олингани ҳақида хабар қилинган эди.
Видеоклип Интернетда эълон қилинганидан кейин веб оламидаги форумларда кенг баҳсу-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Видеоклип ва қўшиқ ҳақида ижобий фикрлар билан бир қаторда ўзбекистонликлар клипдаги ошиқ йигитнинг Бухоро шаҳрининг Ислом оламида қадрланадиган қадимги биноларини оёқости қилгани ҳақида ёзмоқдалар, ЮНЕСКО муҳофазасидаги биноларнинг устида видеоклип тасвирга олишга рухсат берилмаслиги лозимлиги айтилмоқда.
Гулнора Каримованинг интернетда чиққан "Round Run" клипини дастлаб кўраётган одам беихтиёр "ёпирай!" деб юбориши тайин.
Клипнинг бошидан охиригача севгилиси висолига етиш иштиёқидаги қаҳрамон йигит Бухоронинг қадимий кўчаларидаги минг йиллик бинолар томи устида ўмбалоқ ошиб маъшуқаси томонга ошиқади.
Ўзбекистонда ўзини ҳамма соҳанинг пешқадами қилиб кўрсатишни яхши кўрадиган Гулнора Каримова бу сафар ўз мақсадига аниқ етган дейиш мумкин. Қайси маънодаки, дунёда ҳали ҳеч бир қўшиқчи ватанидаги тарихий биноларни бу қадар оёқ остига олиб клип олмаган ва уни уялмай дунёга кўз-кўз қилмаган.
Клипда қатнашган йигитни тушуниш мумкин. Балки у бутун Ислом оламида Бухорои Шариф деб қадрланадиган шаҳарнинг тарихини билмаслиги, у ерда яшаб ўтган олиму-уламоларнинг ҳаёти ҳақида бехабардир.
Бироқ Бухоронинг тарихий муқаддас обидаларига нисбатан бу қадар беписанд муносабат билан Каримова хоним ўзининг маънавий даражаси, халқ тарихига ҳақиқий муносабатини ўзи билмаган ҳолда ошкор этиб қўймадими?- деган савол туғилади.
Биз Ўзбекистондаги интернет сайтлари орқали кўкка кўтариб мақталаётган ушбу клип ҳақида ҳуқуқ фаоли Намоз Нормўминнинг фикрларини сўрадик.
Унинг фикрича, клип фақат қўшиқ эмас, Гулнора Каримованинг рекламаси учун хизмат қилиш жараёнининг бир парчасидир.
"Бухорои Шариф эскидан исломий бир марказ, Имом Бухорийнинг ватани. Бундай бир тарихий обидаларнинг устида бу тарзда қўшиқ айтиш, ўзбек миллатининг на диний эътиқодига ёки бўлмаса миллий қадриятларига ҳеч бир шаклда мос келмайди. Бу фикр Исломда аёл киши қўшиқ айтмаслиги керак, санъат билан шуғулланмаслиги керак экан, деган маънони билдирмайди".
"Лекин бу шаклда исломий қадриятларни оёқ ости қилиб суратга олдириш мақсадга мувофиқ эмас, деб ўйлайман. Гулнора Каримова бу иши билан ўзбек маънавиятидан, қадриятларидан қанчалик узоқдалигини кўрсатиб қўйди. Бу унга тескари маънода хизмат қилиши ҳам мумкин. Бу қўшиқ билан у обрў топгани йўқ, олдинроқ Викиликс сайтида эълон қилинган маълумотларга биноан Гулнора Каримова Ўзбекистонда энг нафрат қилинадиган шахс сифатида келтирилади. Лекин Каримова хоним Ўзбек халқи хоҳлайдими-йўқми, шундай йўллар билан отасининг тузумини давом эттиришни хоҳлаяпти ва бунинг устида ишлаяпти" ,- дейди Намоз Нормўмин.
Ўзбекистонда бир неча йил фаолият юритган тадқиқотчи журналист Майкл Андерсон Гулнора Каримова атрофида халқаро миқёсда маш-машалар авж олаётган бир вақтда Гулноранинг унга эътибор қаратмаётгани табиий ҳол эканлигини айтади.
Гулнора ва унинг отаси бўлиб ўтаётган ҳодисалардан 100 фоиз бохабар. Гулноранинг ҳам, отасининг ҳам ўзларини ҳеч нарса бўлмаётгандек тутиши эса одатий ҳол. Каримов ва унинг қизи Ўзбекистонда бу каби воқеаларга эътибор берилмайдиган муҳит яратган. Бу шуни англатадики, Ўзбекистонда ҳеч қандай демократия йўқ. Агар шундай ҳолат Дания ёки Америкада бўлганда, албатта президент ҳам унинг оиласи ва бошқа сиётчилар ҳам муносабат билдирар эди, - дейди Майкл Андерсон
Бундан олдинроқ Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Каримова хоним, "Round Run" қўшиғининг муваффақияти ҳақидаги даъволари қалбаки эканлиги борасида интернетда айтилган фикрларга муносабат билдириб, "Мен бу қўшиқ Hot Dance Hits рангида бешинчи ўринни олганлигини расман тасдиқлаш масуълиятини ўз бўйнимга оламан", деб айтган эди.
"Биллборд" журналига реклама бериш учун ва қўшиқни оммавийлаштиришга бел боғлаган продюсерга бу борада бирон пул тўланмаган, деган Гулнора Каримова.
Унга кўра, буларнинг ҳаммасини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим қилиши мумкин.
Би-би-сига Billbord дан билдиришларича эса, журнал муқовасида Googoosha сурати реклама бўлган ва бу реклама учун пул тўланган.
Айни пайтда Ўзбекистондаги "Шов-шув.уз" интернет сайтида қатор ёш ўзбек қўшиқчилари Гулнора Каримованинг "Round Run" дискидаги қўшиқларни энг юксак санъат асарлари сифатида баҳолаб, ўзларига илҳом берадиган ижод намунаси эканини таъкидлашган.

























