Гулнора Каримова "келажаги сиёсий ва дипломатик соҳадалигини тушуниб етган"

Сўнгги янгиланиш 20 август 2012 - 14:56 GMT

Гулнора Каримова қўшиқчиликдаги ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим қилиши мумкин

Ўзбекистоннинг "Узметроном" интернет ахборот сайтига кўра, 17 август куни "Келажак овози 2012" деб номланган медиа-лагернинг ёпилишида бу тадбирни ташкил этган Фонд Форумнинг раиси Гулнора Каримова журналистларнинг саволларига жавоб берган.

Каримованинг жавобларини "Узметроном" ўз саҳифасида чоп этган.

Таъкидлаб ўтиш керак, Гулнора Каримованинг журналистлар саволларига жавоблар, дея тақдим этилаётган бу мақолада саволлар келтирилмаган. Жавоблар эса, мавзулар остида берилган.

Kаримова хоним, тўхтаб ўтган бу мавзулардан дастлабкиси Гули бренди остидаги модалар кўргазмасининг Нью Йоркдаги, таъбир жоиз бўлса саргузаштлари ҳақида.

Гулнора Каримовага кўра, бу ҳодиса атрофидаги матбуотдаги чиқишлар, иқтибос келтираман, "кимдир қаердадир итга ўхшаб вовилладию, бошқалар илиб олди" қабилида бўлган экан.

Унга кўра, бу кампания кимлардир томонидан тўланган ва муайян мақсадга эга бўлган.

Матбуотда Гули брендига қарши, болалар меҳнатидан фойдаланилган пахта туфайли уюштирилган пикетлар ёритилгани, брендни ҳимоя қилиб чиққан пикетларга эса эътибор қаратилмабди экан.

Каримова хонимга кўра, аслида Гули модалар кўргазмасининг бошқа жойга кўчирилишига 11 сентябр ҳодисалари боғлиқ хавфсизликни таъминлаш чоралари сабабчи бўлган.

Бу савол-жавобларда кўтарилган бир неча мавзу Гулнора Каримованинг қўшиқчилик фаолияти, айниқса яқинда тақдим этилган Round Run қўшиғининг Америкадаги чартлардан бирида бешинчи ўринни олгани атрофидаги шубаҳлар ҳақида бўлган.

Каримова хонимга кўра, Round Run қўшиғининг муваффақияти ҳақидаги даъволари қалбаки эканлиги борасида айтилган фикрлар унга етиб келган. "Мен бу қўшиқ Hot Dance Hits рангида бешинчи ўринни олганлигини расман тасдиқлаш масуълиятини ўз бўйнимга оламан", деб айтган у.

Бу ўринда у қўшиқни яратишда оламшумул машҳурликка эга бўлган Леди Гага продюсерининг қўли борлигини ҳам қистириб ўтган.

Ҳа, "Биллборд" журналига реклама бериш учун ва қўшиқни оммавийлаштиришга бел боғлаган продюсерга бу борада бирон пул тўланмаган, деб айтган Гулнора Каримова.

Унга кўра, буларнинг ҳаммасини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим қилиши мумкин.

Би-би-сига Billbord дан билдиришларича эса, журнал муқовасида Googoosha сурати реклама бўлган ва бу реклама учун пул тўланган.

Шу ўринда у унинг овозини "шивирлаб қўшиқ айтиш мецо сопрано" эмас, дея танқид остига олган мақолани ҳам эслатиб ўтган.

Каримова хоним бошқа санъаткорларга ўхшаб юқори даражада сабоқ олмаган бўлиши мумкин, лекин бир вақтлар консерваторияда шуғулланиб, ҳатто Италиядаги машҳур Ла Скала тетарида опера қўшиқчилигини ҳам ўрганган. Ва ерда унинг овозига тегишли ташхис ҳам берилган экан...

Ўзбекистонда ўтказилаётган суннат тўйлар гўёки Гулнора Каримова жамғармаси номидан, лекин бошқа ишбилармонларнинг пулига ўтказилаётгани ҳақидаги танқидлар ҳақида ҳам тўхталади.

Бу борада матбуотда унинг ўзи ушбу оммавий тўйлар учун маблағни тўлиқ ажратмаётгани ҳақида гапирар экан, аввал бошданоқ бундай режа бўлмаганлигини айтган.

Бу тўйлар учун маблағ ажратиб, ном чиқармоқчи бўлмаганлиги, бу ғоя ўртага ташланиши биланоқ кўплаб ишбилармонлар ўзлари бу ишга қўшилганликларини айтган.

"Ишбилармонлардан ҳеч ким ҳеч нимани зўрлаб олмаган", деб айтиб ўтган Каримова хоним. Унга кўра, бу оммавий тўйлар Ўзбекистондаги анъанавий "ҳашар" маданиятининг инъикоси экан.

Гулнора Каримова тўхтаб ўтган мавзуларнинг энг эътиборлиси, унинг келажаги борасида бўлган дейиш мумкин.

Ўзининг профессионал келажаги ҳақида гапирар экан Каримованинг айтишича, унинг маслакий қобилиятлари сиёсий ва дипломатик соҳада эканлигини тушуниб етган.

Лекин бу қобилиятларини ҳозирги кунда не қадар тўлиқ амалга тадбиқ қила олади, айтиш қийин. "Суфийларда бир гап бор, яратганни кулдирмоқчи бўлсанг келгуси беш дақиқада қилмоқчи бўлган ишинг ҳақида гапир" деган ибора билан Каримова хоним ўз фикрига хулоса ясаган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>