Путин Трамп баёнотини жиддий қабул қилади, Си Цзиньпин Тожикистонда, Мирзиёев яна Қорабоғда

Минтақавий дайжест: Россия Президенти Владимир Путин АҚШ президентлигига номзод Доналд Трампнинг Украина урушини тугатишга тайёрман деган баёнотини жиддий қабул қилишларини айтди. Хитой Президенти Си Цзиньпин Қозоғистондаги ШҲТ саммитидан кейин Тожикистонга давлат ташрифини бошлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга амалий ташрифини бошлади.

Путин Трампнинг Украина урушини тугатиш истаги самимий деб ўйлайди

Остонадаги ШҲТ саммити якунида журналистлар Россия Президенти Владимир Путиндан Доналд Трампнинг "агар 5 ноябрда Оқ Уй ғалабасини қўлга киритса, Украина урушини осонликча билан тўхтатаман" деган баёнотига муносабатини сўрашди.

Президент Путин айтишича, у АҚШ президентлигига Республикачи номзод Доналд Трампнинг Украина урушига якун ясаш истаги самимийлигига ишонади, бироқ Трамп сайловда ғалаба қилса, истакни қандай ҳаётга татбиқ этишини билмайди.

"Президентликка номзод жаноб Трампнинг Украинадаги урушни тўхтатишни хоҳлаши ва бунга тайёр экани баёноти фактини биз буткул жиддий қабул қиламиз", деди Президент Путин.

"Албатта, мен у бу ишни қандай режалаётгани эҳтимолий таклифларидан хабардор эмасман. Бу асосий масала. Лекин мен унинг самимийлигига шубҳа қилмайман ва биз буни(урушни тўхтатиш ғоясини) қўллаб-қувватлаймиз", деди Россия президенти.

Шу йил апрель ойида Washington Post Доналд Трампнинг Украина уруши борасида ўзаро суҳбатларда илгари сурган ғояси ҳақида мақола ёзган, унда айтилишича, Трамп Путинга Қрим ва Россия 2014 йили босиб олган Донбасс ҳудудларини бериш билан Украинани тинчлик кўндирмоқчи.

Аммо Доналд Трампнинг кампанияси бу нарсани газетага тасдиқламаган.

Рейтер ахборот агентлиги хабар қилишича, Трампнинг икки маслаҳатчиси урушни тўхтатиш режасини унга тақдим қилишган, бу режа шартларидан бири шуки, Украинага "фақат сулҳ музокараларига кўнсангизгина, кўпроқ АҚШ қуролларини оласиз", дейилади.

Ўтган ой Президент Путин Россиянинг урушни тўхтатиш шартини очиқлаган, бунда Киев НАТОга қўшилиш истагидан ҳамда Москва шу вақтгача босиб олган Украина ҳудудларидан воз кечиши лозимлиги айтилган.

Буни таслим бўлиш деб қабул қиладиган Киев Путин таклифини рад этди.

Си Цзиньпиннинг Душанбега ташрифи "янги тарихий босқич"

Тун эканига қарамасдан, Душанбе аэропортида Хитой Президенти Си Цзиньпинни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Самолёт пиллапоясига Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг шахсан ўзи чиқди.

Ранг-баранг кийимдаги 1500 ўғил-қиз куй-қўшиқлар, гуллар ва икки мамлакат байроқлари билан Хитой раҳбарига пешвоз чиқдилар.

Икки мамлакат матбуоти хабар қилишича, давлат ташрифи олдидан Хитой-Тожикистон муносабатларини янада юқори босқичга чиқариш режалари ишлаб чиқилган, буни ҳам жаноб Си ва жаноб Раҳмон ўз баёнотларида алоҳида таъкидлаганлар.

Расмийлар Хитой раҳбарининг янги ташрифи икки мамлакат ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг янги истиқболарини очишини урғулаганлар.

Тожикистон Хитой қўшниси ҳисобланади.

Расмий маълумотларга қараганда, Хитой билан Тожикистон ўртасидаги савдо-сотиқ 2013 йилдан буён икки баравар кўпайган.

Бугунга келиб Хитой Тожикистоннинг энг йирик сармоя манбасига ва иккинчи йирик савдо шеригига айланган.

Тожикистон Хитой бошлаган "Бир белбоғ - бир йўл" улкан инфраструктура лойиҳасидан чиндан ҳам наф кўраётган мамлакат.

Икки мамлакат матбуотига кўра, ушбу лойиҳа доирасида Тожикистонда металлургия, энергетика, цемент ишлаб чиқариш ва тўқимачилик, инфраструктура соҳаларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилинаяпти, Хитой кўмаги етказилаяпти.

Ўтган йил майида Сиан шаҳрида Хитой- Марказий Осиё саммити бўлиб ўтган, унда Хитой минтақа мамлакатларига қарийб $4 миллиард доллар беғараз ёрдам беражагини айтган.

Қорабоғда Туркий давлатлар ташкилотининг саммити

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорабоққа борди.

Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити режаланган, у ерга Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан, Шимолий Кипр Турк республикаси Президенти Эрсин Татар, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиевлар ҳам етиб боргани ва уларни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қабул қилгани хабар берилди.

Президент Алиев ушбу норасмий саммитнинг асосий кун тартиби транспорт ва иқлим бўлади, чунки "транспорт алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтириш - Турк дунёсини бирлаштириш чамбарчас боғлиқ" деб айтган.

Ҳозир Туркий Давлатлар ташкилотига Озарбайжон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон киради, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи мамлакатлар ҳисобланади.

2020 йилги Қорабоғ урушида Озарбайжон ҳудуд устидан тўла назоратни қўлга киритганидан кейин Ўзбекистон Қорабоғни тиклашга ўз ҳиссасини қўшиб келади, 2023 йили августида Президент Мирзиёев Фузулий шаҳрида Ўзбекистон барпо этган Мирзо Улуғбек мактабини очиб берган эди.

4 июль. Си Цзиньпин Марказий Осиё раҳбарларига: Ташқи аралашувга қарши туринг

Хитой раҳбарининг пойтахт Остонадаги Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги баёноти жаҳон оммавий ахборот воситаларининг эътиборини ўзига тортди.

Хусусан, "Франс Пресс" ахборот агентлиги шундай ёзди:

Хитой Президенти Си Цзиньпин Қозоғистон пойтахти Остонада Марказий Осиё раҳбарларини "ташқи аралашувга қарши туришга" чақирди.

Алоқадор мавзулар:

"Биз қўлларимизни ташқи аралашувга қарши туришга бирлаштиришимиз, бир-биримизни қаттиқ қўллаб-қувватлашимиз, ҳар биримизнинг хавотирларимиз ҳақида қайғуришимиз... ва бизнинг қўлларимизда бўлган мамлакатларимизнинг келажаги ва тақдирини мустаҳкам назорат қилишимиз лозим", деган Президент Си Цзиньпин Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти(ШҲТ) саммитида.

"Дунё яна чорраҳада турипти. ШҲТ тарихнинг тўғри тарафида ва ҳақиқат ҳамда адолат тарафида туриши ҳаддан зиёд муҳим", деган Президент Си Цзиньпин сўзларини намойиш этди Хитой давлат телевидениеси CCTV.

ШҲТнинг 4 июлдаги саммитида Беларусь ташкилотнинг 10-аъзоси этиб қабул қилинди.

ШҲТнинг бошқа доимий аъзолари Хитой, Россия, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон ва ўтган йили қабул қилинган Эрондир.

Ушбу саммит ташкилотга раислик қилаётган Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтди ва 2024, 2025 йиллардаги раислик Хитойга ўтди.

3 июль куни ШҲТ саммити доирасида Президент Си Цзиньпин билан учрашган Россия Президенти Владимир Путин мамлакати Хитой раислигини қўллаб-қувватлашини билдиргани ҳақида хабар беришди оммавий ахборот воситалари.

Икки раҳбари мулоқотида Президент Путин "Шанхай иттифоқи ўзининг адолатли кўп қутбли дунёнинг устунларидан бир сифатидаги ролини кучайтириб бораётган"ини қайд этди.

ШҲТ саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Толибон билан мулоқотни ушлаб туриш Марказий Осиё хавфсизлиги манфаатларига хизмат қилади, деб айтди, "ШҲТ-Афғонистон" Мулоқот гуруҳи фаолиятини қайта тиклашга чақирди.

"Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган ва минтақавий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатадиган қўшни Афғонистондаги вазият ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Афғонистоннинг ҳозирги маъмурияти билан муносабатларни ўрнатиш борасидаги ёндашувлар турли экани маълум. Аминманки, Кобул билан мулоқотларни сақлаш бутун минтақанинг хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт борасидаги манфаатларига мос келади. Тобора кўпроқ давлатлар буни тушуниб етмоқда", деди Президент Мирзиёев.Таҳлилчилар ШҲТнинг аъзо мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларга ёрдамлашиш ва Хитойни Марказий Осиё орқали Европага боғлайдиган лойиҳаларни ривожлантиришга қаратилган ташкилот сифатида барпо этилганини эслатадилар.

Хитой қоралашдан бош тортган Россиянинг Украинага босқини минтақага дунёнинг йирик қудратлари қизиқишини орттирди.

Марказий Осиё Россиянинг таъсир доираси ҳудуди деб кўриб келинади ва Москва бу таъсирни ҳамон сақлаб туришни истайди.

Аммо охирги йилларда Хитойнинг минтақага таъсири ҳам кучайган, Пекиннинг "Бир белбоғ - бир йўл" улкан инфраструктура лойиҳаси доирасида тобора кўп қурилишлар амалга оширилаяпти.

Таҳлилчилар фикрича, ШҲТдек платформалар халқаро минбарлардан тушириб юборилган Россияга ўзининг ёлғиз эмаслигини, Ғарб жорий этган санкциялардан азият чекмаётганини, Ғарб истамаса, Шарқ билан иқтисодий муносабатларини ривожлантиришга қодир эканлигини намойиш этиб қўйиш имкониятини беради.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002