Ўзбекистон: АИ-92 ўрнига АИ-80 бензини сотилаётгани ростми ё ёлғон - иддаони вазир текширди O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Ўзбекистондаги АЁҚШлардан бирида АИ-92 маркали бензин ўрнига АИ-80 бензини сотиладими деган гумоннинг ижтимоий тармоқда пайдо бўлиши ҳам ўзбекистонликлар орасида баҳсларга ва ҳам мутасаддиларнинг текширувларига етаклади.

Расмийлар "блогер"ни ёлғон маълумот тарқатишда айблаган, унинг устидан арз қилинишини билдирган.

Собиқ депутат Кобул Дусов ва Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлаганов Нурафшон шаҳридаги АЁҚШда АИ-92 маркали бензин ўрнига АИ-80 бензини сотилаётганини тахмин қилгандилар.

Тушунилишича, улар АЁҚШ ходимларидан сотилаётган бензин ҳақиқатан АИ-92 эканига исбот сўрашади, аммо орада келишмовчилик юзага келади.

Дусов ва Тўлагановнинг талаби турли важлар билан қондирилмаган.

Жараён собиқ депутат Кобул Дусовнинг Facebook тармоғидаги шахсий саҳифасида жонли эфирда узатилган.

Мамлакатда энергетика таъминоти мавзуси долзарб бўлиб турган, айниқса, ҳам метан, ҳам бензин заправкаларидаги тақчиллик ҳамда узун навбатлар муаммоси манзарасида бу ҳолат зумда тармоқ фойдаланувчилари назарига тушган.

Кейинроқ, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энергетика тармоғидаги бошқа масъул раҳбарлар билан бирга ҳолат рўй берган заправкага ярим тунга яқин шахсан боргани, вазиятни ўргангани маълум қилинди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфида бўлган мазкур заправкадаги ҳолатга оид расмий баёнотда баҳсга сабаб бўлган бензин АИ-92 экани аниқлангани таъкидланган, Кобул Дусов ёлғон маълумот тарқатиш, компания имиджига путур етказишда айбланган.

Ўзи нима бўлган?

15 декабрь соат 19:30 дан ўтганда собиқ депутат ва тадбиркор Кобул Дусов ҳамроҳи Жаҳонгир Тўлаганов билан бирга Нурафшон шаҳридаги UNG Petro тармоғи (Ўзбекнефтгаз)га қарашли АЁҚШ олдида Facebook орқали жонли ёйин бошлаган.

Ёйин вақтида Дусов мазкур заправкада АИ-92, дея нархи қарийб икки баробарга арзон бўлган АИ-80 маркали бензин сотилаётганидан хабардор қилинганини айтиб, оператордан бу маълумотга изоҳ сўраётгани кўринади.

"Ҳозир заправка қилаётгандик, харидорларингиздан бири 92 ўрнига 80 қуйиб беряпти, деди. Бу ҳақиқатан 92 эканига хулосангиз борми? Агар кўрсатсангиз, раҳмат дер эдим сизга", деган Дусов оператор билан мулоқот чоғида.

Бунга жавобан заправка ходими бензиндан намуна олишни таклиф қилган, таклифга Дусов розилик билдирган.

Бироқ мулоқотга номаълум шахс аралашиб, Дусов ва Тўлаганов спиртли ичимлик истеъмол қилганини даъво қилган.

Оқибатда, ёйин давомида заправка ходими икковлоннинг талабини билвосита инкор этиб, уларнинг спиртли ичимлик истеъмол қилган ё қилмаганига аниқлик киритиш мақсадида бирга лаборатория текширувига бориб келишни талаб қила бошлагани кўринади.

Дусов ва Тўлаганов эса ўзларининг маст ҳолатда эмасликлари ҳамда бу талабдан бош тортмасликларини таъкидлаган воқеа жойидан бир неча бор жонли эфирга чиқишган.

Бу вақт давомида улар ёйинда исми тилга олинмаган бир қатор шахсларга вазиятни тушунтираётгани, лаборатория таҳлили ўтказишни талаб қилаётгани кўринган.

Ёйиннинг сўнгги қисмларида воқеа жойига ички ишлар ходимлари ҳам етиб келгани кўзга ташланади.

"Талабларга тўла жавоб беради"

Дусов ва Тўлаганов билан юз берган воқеа ижтимоий тармоқда акс-садо бера бошлагач, Энергетика вазирлиги 16 декабрь куни тушдан сўнг ҳолат юзасидан расмий ахборот тарқатди.

Маълум қилинишича, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов воқеа юз беришидан кўп вақт ўтмай, ҳолат рўй берган заправкага "Ўзенергоинспекция" бошлиғи Илҳом Ниматуллаев ва "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов билан бирга зудликда етиб борган.

Вазирлик хабарида Дусов ва Тўлагановга қўнғироқ қилиниб, уларнинг иштирокида тегишли назорат-лаборатория текшируви учун таҳлил намуналари олиниши таклиф этилгани, аммо улар бу таклифни рад этгани тилга олинади.

"Шундан сўнг холислар ва гувоҳлар иштирокида блогер "АИ-80 қуйиляпти", деб тахмин қилган 4-сонли сиғимда сақланаётган АИ-92-русумли ҳамда ЁТУнинг 12-сонли дастакидан АИ-92 русумли, шунингдек, 3-сонли сиғимда сақланаётган АИ-80 русумли автобензиндан ўрнатилган тартибда сифат таҳлили учун намуналар олинди. Олинган намуналар "Ўзэнергоинспекция" Тошкент назорат-кимё лабораториясида сифат таҳлилидан ўтказилди. Лаборатория таҳлили блогер "АИ-80 русумидаги бензин", деб гумон қилган бензиндаги октан сони 92,3 эканлигини кўрсатди. Бу миқдор АИ-92 русумидаги бензин учун хосдир", дейилади Кобул Дусов жонли эфир вақтида "маст ҳолда бўлгани" даъво қилинган вазирлик расмий ахборотида.

Шунингдек, Энергетика вазирлиги ўз хабарида "блогер" дея аталган Кобул Дусов устидан тегишли идораларга мурожаат қилинишини ҳам таъкидлаган.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ мазкур воқеани шундай қолдирмайди ва ижтимоий тармоқ орқали ёлғон маълумот тарқатиб, одамларни чалғитган, ноҳақ айблов орқали компания имиджига ҳамда АЁҚШларда меҳнат қилаётган ходимлар шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказган блогерга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини сўраб ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга мурожаат қилишини билдиради".

"Бундай ҳолатлар учраяпти"

Дусов ва Тўлаганов билан рўй берган воқеа ижтимоий тармоқда акс-садо бермай қолмади.

Бир қатор тармоқ фойдаланувчилари уларнинг ҳаракатини қўллаб-қувватлаган.

Бундан ташқари, маркаси паст бензинни қимматга сотиш ҳолати азалдан мавжудлиги таъкидланган кўплаб изоҳлар қолдирилган.

Би-би-си айрим масалаларга аниқлик киритиш мақсадида Кобул Дусов билан боғланди.

Дусов расмийлар, ҳақиқатан, телефон орқали биргаликда таҳлил ўтказиш таклифи билан чиққанини тасдиқлади, таклифни нима учун рад қилганини шундай изоҳлади:

"Ростдан телефон қилишди. Лекин бу пайтда биз аллақачон Чирчиқ шаҳрига келиб қолган, вақт ҳам соат тунги бирга яқинлашиб қолган эди. Ким ҳам бунақа пайт 60-70 километр ортга қайтиб, Нурафшонга қайтиб боради? Ўша заправкада анча пайт турдик, олдимизда текширув ўтказишганда олам гулистон эди".

"Биз атайин провокация қилиш учун у заправкага бормадик. Жаҳонгир [Тўлаганов] машинамга бензин қуйишим керак, деб у ерга кирди. Энди бензин қуйиб кетаётсак - бизни таниб қолдими - бир киши ёнимизга келиб, бу ерда 92 ўрнига 80 сотяпти, деб қолди. Истеъмолчи сифатида, қолаверса, бошқа одамлар ҳам алданмасин, деб ҳақиқатан 92 эканини исботлаб беришларини сўрадик. Бор гап шу".

Дусов, шунингдек, воқеа пайтида маст ҳолатда бўлгани ҳақидаги иддаони қатъиян рад этиши ҳақида гапирди.

"Жаҳонгир рулда эди. Заправкадан чиқиб, ҳеч қанча юрмасимиздан, орқамиздан ГАИ машинаси келиб, бизни тўхтатди. Ҳамма текширувларни ўтказди. Бирор ножўя ҳолат аниқланмагач, бизни қўйворди".

Андижондаги бензин

Мазкур воқеа шов-шуви ҳали босилмасидан - 17 декабрь куни Андижон вилояти ҳокимлиги Андижон шаҳри ва Андижон туманидаги 7 та АЁҚШда АИ-80 бензини алдов йўли билан АИ-92 ёки АИ-95 русумли бензин ўлароқ сотилаётгани аниқлангани ҳақида хабар тарқатган.

Би-би-си Нурафшон шаҳрида юз берган ҳолат бўйича қўшимча, республикадаги мавжуд вазият бўйича умумий маълумот олиш мақсадида "Ўзэнергоинспекция"га мурожаат қилди.

Инспекция матбуот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев Дусов ва Тўлаганов билан Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган воқеа мутасадди раҳбарлар иштирокида батафсил ўрганилганини қайта маълум қилди.

"80 ни 92 деб сотиш ҳолатлари учраяпти - бу сир эмас. Лекин бу 80 ёки 90 сифатсиз дегани эмас. Сифат даражалари белгиланган. Бизнинг ишонч телефонимизга бу масала бўйича ҳар куни мурожаат келиб тушяпти. Ҳудуддаги лаборатория ходимлари мурожаат тушган куннинг ўзида бориб, намуна олиб, таҳлил натижаларини етказишаяпти".

Маълум қилинишича, "Ўзэнергоинспекция" Марказий назорат кимё лабораторияси белгиланган қонун доирасида мамлакатдаги нефть маҳсулотлари сифатини давлат стандарти ва техник регламент талабларига жавоб бериши юзасидан доимий назорат қилиб бормоқда.

"Жорий йил давомида марказий лаборатория томонидан мурожаат ва текширувлар бўйича жами 4 минг 780 та олинган намуналар Давлат стандарт талаблари мослиги юзасидан олиб борилган назорат тадбирларида жами 28 миллон нефть маҳсулотларидан 2 миллон литри сифатсиз яъни давлат стандарт талабларига мос келмаслиги аниқланган".

Биргина декабрь ойида жами 138та намуна Давлат стандарт талаблари асосида олиниб таҳлил қилинганда нефть маҳсулотларидан 215 минг 355 литри давлат стандарт талабларига мос келмаслиги аниқланган. Ушбу сифатсиз деб топилган нефть маҳсулотлари исътемолга (сотувга) чиқарилиши олди олинган ҳамда сифатини тиклаш ишлари амалга оширилган, дея таъкидланади инспекция томонидан Би-би-сига тақдим этилган бензин заправкаларидан олинган намуналар асосида шакллантирилган маълумотда.

Бироқ маркаси паст бензин алдов йўли билан қимматга сотилаётгани ҳолатлари ҳақидаги иддаолар бўйича батафсил маълумот тақдим этилмаган.

6 ноябрь куни "Ўзэнергоинспекция" биргина октябрь ойи давомида 6 миллион 105 минг литр нефть маҳсулотларининг сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилишининг олди олинганини хабар қилган эди.

Наврўз Норбобоев бундай салмоқли рақам сабабини шундай изоҳлади:

"Бу ерда Қарақолпоғистондаги нефт базасидаги (заҳирадаги) қўшиб келтирилган. Биласизки, нефт баъзаларида катта ҳажмдаги нефт маҳсулотлари сақланади. Улардан вақт ўтган сайин фойдаланмаслик ёки нормадаги талаблар асосида сақланмаслиги оқибатида сифати ўзгаради. Бу [маҳсулотлар] сифатсиз дейилгандан кейин қайта ишлаб АЁҚШларга юборилади".

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.