Ўзбекистон: Депутатлар ҳаво ифлосланишига қарши қандай курашмоқчи? - Yangiliklar O'zbekiston

Олий Мажлис депутатлари Ўзбекистондаги экологик ҳолатни янада яхшилашга қаратилган — "айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишмоқда.

Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати ўз Телеграм каналида ёзишича, қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг кескин ортишига сабаб бўлмоқда.

Шунга кўра, Олий Мажлисга кўра, "атроф табиий муҳитнинг нормативдан ортиқ даражада ифлосланишининг олдини олиш мақсадида табиатга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш ва тўхтатиб қўйиш мезонларини қайта кўриб чиқиш" кўриб чиқилади.

"Мазкур қонун лойиҳаси билан қонун ҳужжатларига атроф табиий муҳитни нормативдан ортиқ даражада ифлослантирувчи корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклашни ҳамда тўхтатиб туришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда", - дейилади парламент хабарида.

Охирги йилларда Ўзбекистон пойтахти Тошкент дунёдаги ҳавоси энг ифлос ва инсон саломатлиги учун хавфли шаҳарлар рўйхатидан ўрин олиб келмоқда.

Air Quality Index сайтига кўра, Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши октябрь ойи охирларида кескинлаша бошлайди.

AQI маълумотига кўра, Ўзбекистонда ҳавонинг ифлосланишига асосий сабаблар - автомобиллар, қурилиш, корхоналар фаолияти, ҳамда ёқилғи ва ҳашак ёқишдан пайдо бўладиган қаттиқ ва суюқ аэрозол заррачалари ва газлар.

Ноябрь бошида Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлослиги бўйича IQAir рейтингида дунёда 5-ўринга чиқиб, Мумбай ва Карачини ортда қолдганди.

IQAir сайти маълумотларига кўра, 7 ноябрь тонгида Тошкент ҳавосида майда PM-2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 100 мкг/м3ни ташкил этган. Бу "зарарли" таснифидаги кўрсаткич ҳисобланади.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.