“Рус гази бизга ҳам етишидан умидвормиз”. Вазиятни яхшилаш учун $52 миллиард керакми? - Видео Янгиликлар O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Ўқилиш вақти: 5 дақ

"Бир хонадонга бир қиш давомида ўртача мингга яқин таппи, ўттиз қоп қўй қийи уйни иситиш, овқат қилиш, нон ёпиш ва бошқа нарсалар учун керак бўлади. Қани бизга ҳам газ келса - таппи қилишдан қутилар эдик".

Кўкдалалик Холбуви Маҳмурзаева ҳали ёздаёқ қишга тайёргарликни бошлаб юборган.

Унинг асосий тайёргарлиги - бу мол гўнгидан таппи тайёрлаш, қўй қийини тўплаш.

Аёл табиий газ келишидан умидини узган қишлоқлардан бирида яшайди.

Айритом номли бу қишлоқ аҳли хўжаликда газ баллонларидан ҳам фойдаланади, аммо ҳар 15 кунда газ сотиб олишга ҳамманинг ҳам имкони йўқ.

Шу сабаб Холбуви опа қатори аксар қишлоқ аёллари баҳор ойларидан то кеч кузгача умрининг катта қисмини таппи қилиш билан молхона ва далаларда ўтказадилар.

Улар ёзнинг жазирама кунларида ҳам қиш ғами учун кўчага чиқиб, далаларда чўпонларга тегишли қўралардан қўй қийларини навбат-навбат супуриб келадилар.

Бундай тер тўкиб меҳнат қилиш Айритом каби ҳудудларда қаҳратонни, ҳеч бўлмаса, амаллаб ўтказиб олишнинг кафолати ҳисобланади.

Қўй қийи ва таппи иссиқликни ўзида узоқ вақт ушлаб туради, кўмир вазифасини ҳам ўтаб беради.

Бироз имконияти яхши оилалар Холбўви опа каби аёллардан пулга таппи сотиб олади.

Таппининг донаси бу ерда 4 минг сўмдан 6 сўмгача баҳоланади.

Шу тариқа таппи Маҳмурзаева учун ҳам қишнинг ғами, ҳам бироз даромад манбаи ҳисобланади.

Аммо таппи тайёрлаш аёлнинг севимли иши эмас.

"Газ деган нарса бизда йўқ. Қанийди келса. Шу таппи қилишдан ҳам қутилардим, тўловидан ҳам қочмасдим. Таппи қилиш умуман ёқмайди менга. Буни қилиб бўлганимдан кейин қўлимни совун, шампунь билан анча ювишим керак", дейди август ойида Би-би-си билан сўзлашган Маҳмурзаева.

Холбўви Маҳмурзаева бу қишда ҳукуматдан газ кутаётган минглаб ўзбекистонликлардан бири, холос.

Совуқ эшик қоқар экан, қиш ғами яна кўпчиликнинг асосий ташвишига айланган.

Ҳукумат эса мавсумга тайёргарлик жадал кетаётганини таъкидламоқда.

Аччиқ тажриба

Ўтган қиш мавсумидаги қаттиқ совуқ ҳамон аксар ўзбекистонликларнинг ёдида.

2022 йил сентябрида бутун республикани мавсумга тайёрлаш учун 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилган эди.

Декабрь ойида Президент администрацияси собиқ раҳбари Сардор Умурзоқов Туркманистонга бориб, Ўзбекистонга кунига 20 миллион куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича келишувга эришиб келган.

Бу келишув билан мамлакатнинг қиш кунларида юзага келадиган газ муаммоси тўлиқ ҳал бўлиши маълум қилинган.

Алоқадор мавзулар:

Айни декабрь охирида эса депутатлар олдида чиқиш қилган Энергетика вазири собиқ ўринбосари Шерзод Хўжаев аҳолини суюлтирилган газ ва кўмир билан таъминлаш алоҳида назоратга олингани, энг муҳими - 2023 йил куз-қиш мавсуми учун "ҳозирдан тайёргарлик бошланган"и ҳақида ишонч билан гапирган эди.

Бироқ йил бошида келган қаттиқ аёз амалдорларнинг барча ишонч ила илгари сурган таъкидларини йўққа чиқарди.

Ҳатто пойтахт Тошкент ҳам узоқ йиллардан буён кўплаб ҳудудлар татиб келаётган аччиқ қиш тажрибасига дуч келди.

Ўн кундан кўпроққа чўзилган йирик энергетик инқироз вақтида Ўзбекистон бошкентида электр, иссиқлик энергияси, газ, ичимлик ва оқова сув таъминоти ишдан чиқди.

Пойтахт аҳолиси шу вақтгача гувоҳи бўлмаганларини кўрди: уйида совуқ қотганлар учун исиниш хоналари ташкил этилди, овқат пишира олмаганларга ош тарқатилди.

Энергетик инқироз маҳаллий бошқарувда ҳам ўзгаришларга сабаб бўлди.

Аёз ўтиши билан президент пойтахтнинг машҳур ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев, "Иссиқлик электр станциялари" раиси Фарҳод Абдураҳмоновни инқирозда айблаб ишдан олди, қатор масъул ташкилотлар раҳбарларини вазифасини бажарувчи даражасига туширди.

Янги мавсум умидлари

Аномал совуқ ортидан Ўзбекистон ҳукумати келаётган куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга жиддий бел боғлагани борасида кўп бор хабар берган.

Март ойида президент қарори билан биргина Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш йўлида 3,5 триллион сўм ажратилгани маълум қилинган.

Ҳукумат аҳолини узлуксиз ва барқарор энергия билан таъминлаш учун турли чораларни қўллашни бошлаган, ташланаётган қадамларни эълон қилган.

Янги электр станциялари, микрогеслар қуриш, мавжудларини модернизация қилиш, муқобил манбалардан фойдаланишни ошириш, хусусан, бино-иншоотларни имкон қадар қуёш панеллари билан қамраб олиш шулар жумласидан.

Шунга қарамай, маҳаллий матбуот саҳифаларида жорий йил ёзида бошланган пойтахт дохил турли ҳудудларда электр, газ таъминотидаги вақтинча ўчиришларга оид эълонлар ҳамон пайдо бўлмоқда.

Расмийлар буни куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги чоралар сифатида изоҳлашади.

Ошиб бораётган талабни қондириш йўлида ҳукумат Туркманистондан газ сотиб олишни бошлаган.

Август ойида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов "Туркмангаз" билан йилига 2 миллиард куб метргача газ етказиб бериш бўйича "қисқа муддатли" шартнома имзолангани, томонлар узоқ муддатли шартномалар устида ишлаётганини маълум қилган.

Октябрь ойидан собиқ шўро замонида Ўзбекистон Россияга табиий газ узатган қувурдан Қозоғистон орқали рус гази Ўзбекистонга кела бошлаган.

Расмийларга кўра, Россия билан икки йиллик шартнома имзоланган, Ўзбекистон кунига 9 миллион кубометр, йилига тахминан 2,8 миллиард куб метр газ сотиб олишга қарор қилган.

Аммо рус ва туркман гази ўзбекистонликлар учун қанчага тушаётганига оид рақамлар ошкор этилгани йўқ.

1 ноябрь куни Санкт-Петербургда ўтган газ форумида иштирок этган Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов охирги олти йил ичида мамлакатдаги электр энергияси истеъмоли 40 фоизга ошгани, 2030 йилга қадар ҳам айни суръатдаги ўсиш кутилаётгани, шу сабабдан бир вақтлар фақат четга газ сотган Ўзбекистон, эндиликда, табиий газ сотиб олишга мажбур бўлаётгани ҳақида гапирди.

Мазкур тадбирда Мирзамаҳмудов Ўзбекистон газдан воз кечмаслиги, мамлакат газдан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқаришни қарийб икки бараварга оширишни режалаштираётганини айтиб, келажакда газ импорти янада кўпайтирилишига ишора қилди.

Би-би-си билан гаплашган айрим ўзбекистонликлар Россиядан газ кела бошлагани ҳақида эшитса-да, у қадар умидвор эмаслигини билдиришди.

"Эгарчи қишлоғимизда газ йўқ. Тахминан 20 йилдан ошди. 2002 йилларда газ ёнарди, аммо жуда паст эди, шунга қарамасдан кўп пул тўлардик. Кейин газ янада пасайиб кетгани учун одамлар трубаларни узиб ташлашди. Шундан бери газ йўқ. Таппи, ўтиндан фойдаланамиз. Сўнгги йилларда ёнилғиларимизга кўмир ҳам қўшилди. Тахминимча, яқин йилларда газ қишлоғимизга келмайди. Шунга қарамасдан, яқинда Россия Қозоғистон орқали Ўзбекистонга юбораётган газ бизга ҳам етиб келишидан умидвормиз", дейди самарқандлик суҳбатдош.

"Эртага кеч бўлади"

Ҳукумат январь ойидаги энергетика бўҳрони қайта такрорланмаслиги учун ҳаракатлар жадал олиб борилаётганини билдириш билан бирга аҳолини ҳам энергетик саводхонликка кўпроқ чақира бошлаган.

Одамларга юборилаётган асосий мужда - бу энергетика нархларини ошириш ҳаёт-мамот масаласи эканини тушунтириш.

Шунингдек, йил бошидан бери электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида тизимга етказилаётган миллиардлаб сўм зарарлар тўғрисида мунтазам хабарлар бериб бориляпти.

20 сентябрь куни Энергетика вазирлигининг аҳолига йўллаган мурожаатида табиий газ етказиб бериш тизимида зудлик билан йирик маблағ талаб этувчи ислоҳотлар олиб борилмаса, 2025 йилга бориб ҳатто ёз ойларида ҳам керакли ҳажмда газ етказиб бериш имконияти чекланиб қолиши ҳақида сўз боради.

Мурожаатда вазирлик электр энергияси ва табиий газ нархини бозор механизмлари орқали белгилаш ва тежамкорликни "бугундан бошлаш зарур"лигини таъкидлайди.

"Бир қоп пулингиз бўлади, аммо сотиб олиш учун маҳсулот топилмаслиги мумкин. Импорт маҳсулотлар эса бирмунча қиммат бўлади. Ҳар қандай соҳани ривожлантириш учун энг аввало иқтисодий асослар керак. Шундоқ ҳам зарар билан ишлаётган соҳага инвестор ҳам келмайди, давлатнинг ўзи сарфлаган маблағлар ҳам беҳуда кетаверади. Бу худди таги тешик идишда сув ташигандек гап", дейилади вазирлик мурожаатида.

Нархларни ошириш аҳолига қанчалик ёқмайдиган қадам бўлса-да, ҳукумат аста-секинлик билан э бу йўлдан боришга қарор қилгандек кўринади.

26 октябрь куни Президент Мирзиёев энергетика ислоҳотларининг навбатдаги вазифаларига бағишланган йиғилиш ўтказганди.

Йиғилишда кўрилган асосий масала энергетика бозорини эркинлаштириш, соҳага хусусий инвестиция жалб этишни кўпайтириш бўлган.

Маълум қилинишича, иқтисодиёт ва аҳолининг энергияга нисбатан ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш йўлида янги генерация қувватларини ишга тушириш, тармоқларни тўлиқ замонавийлаштириш учун $52 миллиард доллар сармоя зарур бўлади.

"Бундай катта ҳажмдаги инвестицияларни хусусий сектор иштирокисиз шакллантириб бўлмайди. Соҳанинг хусусий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш учун эса, халқаро тажриба кўрсатганидек, энг аввало, очиқ рақобат муҳитига эга энергетика бозорини яратиш керак", дейилади ҳукумат порталида эълон қилинган хабарда.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.