Махсус лойиҳа: “Дўконимизга автоматлар билан бостириб киришди, бўлмади – Ўзбекистонга келдик” – Толибон ва Ўзбекистон

Сурат манбаси, Surxondaryo viloyati hokimligi
- Author, Аваз Тоҳиров
- Role, Би-би-си, Тошкент
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Кобулда туғилиб ўсган 22 яшар Фаёз хавфсизлик муаммоларидан безиб, Термизга келган ва бу ерда ҳашаматли ресторан очган. Атиги уч йилга яқин вақт ичида у ўзбек тилини мукаммал даражада ўзлаштирган. Фаёз бизнес қилиш учун Ўзбекистонни танлаган кўплаб афғонларнинг бири.
15 август куни Толибон Афғонистондаги ҳокимиятни эгаллаганига икки йил тўлди.
Ўтган вақт давомида инсоний ҳуқуқлар, айниқса, аёллар ҳақларини топташда айбланаётган Толибон ҳукуматини дунё тан олмади.
Аммо Ўзбекистон нега Толибон Афғонистони билан яқин алоқада?
Махсус видеомизни томоша қилинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Аммо Ўзбекистон ўзининг муаммоли жанубий қўшниси билан ҳамкорлик қилиш йўлини танлади, у ерда янги имкониятларни излай бошлади.
Бир вақтнинг ўзида, бизнеси келажагини таъминлаш йўлида Ўзбекистонни танлаётган афғонистонликларнинг сони ҳам ошиб бормоқда.
Хўш, тузуми, мафкураси, яшаш тарзи билан бир-биридан жиддий фарқ қилувчи бу икки қўшни бир-бирида қандай истиқболни кўрмоқда?
"Нима бўлмасин, Ўзбекистонни танлайман"
2001 йилда Кобулда дунёга келган Фаёз нисбатан ўзига тўқ оилада ўсгани ҳақида гапиради.
У эрта болалигидан бизнесмен яқинларига кўмаклаша бошлаган, беқарор юртида пул топиш сир-асрорларини ўрганган.

"10-11 ёшимда акаларимнинг мой магазинида ишлаганман. 6-7 йил уларга ёрдамлашдим. Кейин университетда ўқидим", ҳикоя қилади Фаёз.
У Ўзбекистонга акаларидан бирининг даъвати билан келганини айтади.
Бунга эса Афғонистондаги хавфсизлик билан муаммолар сабаб бўлган.
"Катта акамнинг Кобулдаги дўконига автомат билан бостириб киришди. Секурити [хавфсизлик] ёмонлиги учун у Ўзбекистонга чиқиб кетди. Бир оздан сўнг мени ҳам ёнига чақирди", давом этади йигит.
2021 йилда Термизга келган Фаёз яқинларининг кўмаги билан ҳозирда шаҳардаги энг ҳашамдор ресторанлардан бирини очган.
Йигит рестораннинг асосий мижозлари шаҳар аҳолисининг ўзига тўқ қатлами ва бу ерда ишлаётган бошқа чет эллик бизнесменлар эканини айтади.
Шунингдек, у маҳаллий аҳолидан ҳам узилиб қолмаган - атиги икки йил ичида ўзбек тилини бемалол сўзлашадиган даражада ўрганган.
"Термизга келгунимгача ўзбекчани умуман билмас эдим. Маданиятимиз, қадриятларимиз жуда ўхшаш бўлганидан тезда ўрганиб олдим. Ҳозир одамларга ўзимни ўзбек, деб таништираман. Кўпчилик фарқлолмайди", кулади Фаёз.
Фаёз Ўзбекистонга ватанидаги беқарорлик, талатўпдан безиб келиб қолгани, эндиликда эса, бу ернинг имкониятлари ва одамлари уни ўзига ром этгани ҳақида гапиради.
"Ўзбекистон президенти келинглар, бизда бизнес қилинглар деди, келдик. Мана бемалол ишлаяпмиз. Афғонистонда эса аҳвол жуда ёмон. Икки ой аввал бориб келдим - халқ жуда қийналяпти, иш йўқ, банклар ёпиқ. Секурити ҳам яхши эмас.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Бундан ташқари Ўзбекистонда одамлар ҳам бизни яхши қабул қилди. Мана икки йилдан ошди ҳали ҳеч ким сен афғонсан, деб ажратмади. Айтганимдек, ўзимни ўзбекистонликдек бемалол ҳис қила бошладим. Термизда яшаб ишлаётган афғонлар кўп. Биз Ўзбекистонга раҳмат айтамиз".
Эндигина 22 ёшга кирган афғон йигитининг узоқ муддатли режаларида Ўзбекистондаги бизнесини ривожлантириш биринчи ўринда.
"Агар яна бошқа иш бошласам, Ўзбекистонда бошлайман, бошқа давлатга бормайман".
Ўзбекистон нега чегарадош қўшниларига яқинлашмоқда - махсус видеолар:
Ўзбекларни уйли қилаётган афғон

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Мозори шарифлик 35 яшар Аҳмад Хаканий ҳам Ўзбекистонда ишбилармонлик қилишни танлаган афғонистонлик.
У Термиз шаҳрида кўп қаватли турар-жойлар, бизнес марказлар ва маиший-савдо мажмуалари қуриш билан шуғулланади.
Хаканий 2018 йилда Ўзбекистонга $3 миллион сармоя билан келгани ҳақида сўзлайди.
"Ўша йили Сурхондарё ҳокимлиги билан турар-жой ва маиший-савдо мажмуаси қуриш бўйича келишувга эришдик. 2021 йилда қурилишни тугатиб топширдик. Кейин $5 миллионлик бошқа бир лойиҳамизни бошладик", дейди Термиз марказида жадал қурилаётган маҳобатли кўп қаватли уйлар остида Би-би-си билан гаплашган Хаканий.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
У кўплаб афғонистонликлар ишбилармонлик ҳуқуқлари таъминланаётгани, давлат қўллаётгани учун ҳам миллионлаб долларни қўрқмай Ўзбекистонга олиб келаётганини тилга олади.
"Қилаётган ишларимизга сармоя фақат ўз ёнимиздан. Кредит, қарз олмаймиз. Кўпчилик сўрайди нега Ўзбекистонни танладинг, деб. Тадбиркор қаерда қонун, шароит бўлса, ўша ерни танлайди. Туркияда ҳам бизнесимиз бор, лекин у қадар катта эмас. Афғонистонда оилаларимиз қолган. Улар келади, биз борамиз. Яқинлиги учун ҳам Ўзбекистонни танлаганмиз".
Аҳмад Хаканий ҳам худди кобуллик Фаёз каби ўзбек тилини Термизга келгач ўрганган ва ҳозир унда бемалол сўзлаша олади.
У ўзи каби Ўзбекистонда муқим ишлаётган афғонистонликлардан ташқари бошқа юртдошлари қатнаб савдо қилаётгани ва яна кўплари ўзбеклар билан бизнес қилишни истаётганини тилга олади.
"Ўзбекистонлик тадбиркорлар Афғонистонга буғдой, ёғ, ловия олиб боради, у томондан ҳам афғонистонликлар картошка, мандарин олиб келяпти. Ўзбекистонга келамиз, Термизда фирма очамиз, деганлари бор".
Муаммоли, бир вақтда, имкониятли қўшни

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Пули бор афғонистонликлар урушдан, Толибон ўрнатган тузумдан қочиб, Ўзбекистонга келаётган бир пайтда, расмий Тошкент беқарор жанубий қўшнисида улкан имкониятларни кўрмоқда.
Ўзбекистон шу вақтгача урушдан чарчаган афғон халқига бир неча бор инсонпарварлик ёрдами кўрсатди, халқаро ҳамжамиятни Толибоннинг музлатилган активларини қайтаришга чақирди.
Афғонистон билан чегара яқинида эса улкан юк маркази барпо этди.
"Termiz Cargo Center" номли бу марказда эрталабдан иш қизғин бўлади - ишчилар Афғонистон орқали Жанубий Осиёдан келаётган гуруч, картошка каби маҳсулотларни юк машиналаридан туширадилар.
Марказдан унча узоқ бўлмаган ҳудуд - чегара ёнгинасида эса буткул янгича ва улкан эркин савдо мажмуасини тиклаш ишлари қизғин кетмоқда.
Маълум қилинишича, "Термиз халқаро савдо маркази" тўлиқ ишга тушгач, афғонистонликлар ва бу мамлакат орқали ўтиб келадиган бошқа хорижликлар ҳудудда эркин савдо билан шуғулланиши, дам олиб, ҳордиқ чиқариб кетиши мумкин.

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Бундай манзара Афғонистон расмий Тошкент учун аллақачон муҳим транзит ҳудудга айлангани ҳамда Ўзбекистон ҳамон нотинч, иқтисоди абгор қўшнисига анчайин катта умид тикиб, сармоя киритаётганини кўрсатади.
"Афғонистон, аввало, бизнинг саноат маҳсулотларимиз учун катта, яхши бозор. Бошқа томондан Афғонистон биз учун океанга чиқадиган йўл", бундай умид сабабини изоҳлайди таҳлилчи Анвар Ҳусаинов.
Бошқа таҳлилчилар эса Афғонистон учун Ўзбекистоннинг аҳамияти ҳам йирик экани, буни яхши англаган икки қўшни имкониятлардан ўзаро манфаатли фойдаланишга интилаётганини тилга олади.
"Ўзбекистон шу вақтгача жиддий чегара муаммоси чиқмаган ягона қўшни. Шунингдек, у Ўрта Осиёга очилувчи асосий дарвоза ҳамдир", сўзлайди афғонистонлик таҳлилчи Фазел Аҳмад Бургут.
Бироқ у Толибон билан мулоқот жараёнида ўта эҳтиёт бўлиш зарурлигини ҳам таъкидлайди.
"Толибон ишончли ҳаракат ўлароқ кўрилмайди. Шунингдек, унга нисбатан гиёҳванд моддалар етиштириш ва сотиш, халқаро террор кучларини қўллаш айбловлари ҳали ҳам янграб турибди. Шундай сабаблардан келиб чиқиб гапирилса, бу ҳаракат билан узоқ муддат ҳамкорлик қилиш хатарнок бўлиши мумкин".
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














