Ҳиндистонда ҳибслар: Ўзбекистон хавфли сохта дориларга қандай рухсат берган? Янгиликлар Дунё

    • Author, Зарина Бухорий
    • Role, Ҳиндистон

Ҳиндистонда Marion Biotech фармацевтика фирмасининг 3 нафар юқори мартабали амалдори ҳибсга олинди. Бу ҳибслар Ўзбекистондаги болалар ўлимига алоқадорликда кўрилади. Воқеалар қандай кечмоқда?

Ушбу ширкатнинг асосий икки директори, эр-хотин Сачин ва Жая Жаинларни полиция қидирмоқда.

Дори воситаларини назорат қилиш маркази олиб борган текширувлар натижаларига кўра, Marion Biotech компанияси сохта дори воситалари ишлаб чиқарган ва, асосан, хорижий мамлакатларга жумладан, Ўзбекистонга етказиб берган.

Компанияда ишлаб чиқарилган Доc-1 Мах йўтал сиропи ўтган йили Ўзбекистонда 18 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган эди.

Алоқадар мавзулар:

Ҳиндистон дори-дармон департаменти 9 январ куни компаниянинг ишлаб чиқариш лицензиясини тўхтатиб қўйди. Расмийларга кўра, лицензия тез орада бекор қилинадиган.

Полиция бошлиғи ўринбосари ёрдамчиси Ражив Дикситнинг айтишича, Marion Biotech ходимлари сохта дори-дармонлар ишлаб чиқариш орқали болалар ҳаётини хавф остига қўйишган.

Компания директорлари қочган, лекин биз уларни тез орада қўлга оламиз. Улар болалар ҳаёти ва соғлиғига жиддий зарар етказган. Шунингдек, қўшимча қонуний чоралар кўрилмоқда".

Ҳиндистон Жиноят кодексининг дори воситаларини сохталаштириш ва дори-дармонлар тўғрисидаги қонуннинг қатор бандларига мувофиқ, Marion Biotech компанияси устидан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистонга импорт қилинган ушбу йўтал сиропларини истеъмол қилиб, вафот этган ўзбекистонлик 18 нафар боланинг ота-онаси учун адолат қисман бўлса-да, қарор топгандек туюлиши мумкин.

Дори моддалари текшириш бўйича инспектор Ваибҳав Баббарнинг айтишича, тергов учун сироп намуналари олинган.

"Ушбу намуналар декабр ва январ ойларида олинган", деди у.

"Сироп намунаси ҳисоботида препаратнинг ифлосланган, сохта эканлиги ва стандарт сифатга эга эмаслиги кўрсатилган. Ушбу намуналар минтақавий дори синов лабораториясида текширилди ва ҳисоботлар салбий чиқди" деди Баббар.

Унинг айтишича, бу сироплар дунёнинг турли бурчакларига экспорт қилинган. Текширувлар тугагач, у компанияга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, синовдан ўтказилган барча намуналар экспортга мўлжалланган дори воситалари эди.

Ўзбекистон ССВ текширувига кўра, Ҳиндистоннинг Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясига тегишли Док-1 Макс таблетка ва сиропи Ўзбекистонда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан савдога чиққан.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг маълум қилишича, ҳар бир дори серияллари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилган. Ўзбекистонга ушбу дори Quramax Medical МЧЖ томонидан импорт қилинган.

Ҳозирда Доc-1 Мах препаратининг таблеткалари ва сироплари Ўзбекистоннинг барча дорихоналаридан йиғиб олинган.

Ўзбекистон тиббиёт мулозимлари ота-оналардан дори-дармонларни фақат шифокор ташхиси бўйича дорихоналардан харид қилишни тафсия қилмоқда.

Ўзбекистонда январда олиб борилган лаборатория тадқиқотлари ҳам Доc-1 Мах сиропи таркибида этилен гликол борлигини тасдиқлаган эди.

Ушбу модда заҳарли бўлиб, уни ичган болаларда аввал қусиш, юқори ҳарорат, ҳушидан кетиш, юрак-қон томир касалликлари ва ўткир буйрак етишмовчилиги каби жиддий ўзгаришлар кузатилган.

Бир неча кундан кейин болаларнинг аҳволи оғирлашган ва сироп уларнинг ўлимига сабаб олган.

Ўз вазифасига бепарволик ва эътиборсизлик билан ёндашган Ўзбекистондаги баъзи масъул ходимлар лавозимидан озод этилган, қатор мутасадди ва мутахассисларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда Гамбиядаги болалар орасида 66 нафар ўлим ҳолати кузатилгач, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистондаги Maiden Pharma томонидан ишлаб чиқарилган йўтал сиропидан огоҳлантирган эди.

Бундан бир неча ой ўтиб, ЖССТ мамлакатдаги Marion Biotech фармацевтика компаниясида ишлаб чиқарилган иккита йўтал сиропи- Амброксол ва Доc-1 Мах сироплари борасида огоҳлантириш эълон қилади.

Ажабланарлиси, Marion Biotech дорилари ва сироплари Ҳиндистонда сотилмаган ва фақатгина хорижий мамлакатларга экспорт қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати Ҳиндистондаги Marion Biotech компаниясидан 18 бола ўлими учун товон пули талаб қилганми ё йўқми - бу ҳозирча номаълум.

Айни дамда яна бошқа муҳим савол ҳалича аниқ жавобини кутиб қолмоқда: Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дорилар сохта бўлса, Ўзбекистон масъуллари уларни қандай текширишган ва дорихоналарда бемалол сотишга ҳамда болаларга ичиришга нега рухсат беришган?

Ўзбекистонда ҳам болалар ўлими ортидан жиноят ишлари очилган ва текширувлар бошлангани хабар қилинган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.