You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистонда нима бўляпти? Журналист Анора Содиқовага таҳдид бўлганми, блогер Абдуқодир Мўминов қаерда?
Таниқли журналист Анора Содиқова йирик нефть-газ ширкати борасидаги материали ортидан ҳаётига жиддий таҳдид бўлганини айтмоқда. Блогер Абдуқодир Мўминовнинг уйида тинтув ўтказилилган ва унга нисбатан жиноят иши очилган.
Жамоатчиликка яхши таниш ҳар икки матбуот вакили билан боғлиқ хавотирли хабарлар бир кунда ўртага чиққан.
Содиқова босимлар ортидан, ҳатто, ўзи асосчиларидан бири бўлган Rost24 интернет нашри ёпилиши эҳтимолини ҳам билдирган.
Блогер, "Кўзгу" лойиҳаси муаллифи Абдуқодир Мўминовнинг эса қаерда экани номаълум қолмоқда. Унинг яқинлари Би-би-сига 8 февраль тонгида "12 нафар ходим" унинг уйида тинтув ўтказгани ҳақида гапирди.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Журналист Анора Содиқова нима учун ишдан кетди?
- Видео. Ўзбекистон: Журналист Анора Содиқова яна таҳдидлар ҳақида гапирди ва Япония Тошкентни “Хитой хавфи”дан огоҳлантирмоқчи
- Ўзбекистон: ДХХ “Компроматузб” ишини қатъий махфийликда ушламоқда – ҳибсга олинган журналистлар тақдири эса номаълум қолмоқда
"Жуда жиддий таҳдид"
Журналист Анора Содиқова 8 февраль куни Facebook тармоғидаги саҳифасида бундан бир неча кун аввал Rost24 нашрида эълон қилинган Epsilon компанияси фаолияти тўғрисидаги материал ортидан босимга учраётганига ишора қилувчи хабар қолдирган.
"Биз ёпиламиз шекилли. Қуйидаги материал менинг сўнгги материалим бўлиб қоладиган кўринади. Ёрдам сўраган одамларим жим. Ўзбекистонда журналистика қилиш мумкинми? Бу савол мен учун очиқ қолмоқда", дея ёзган журналист кейинроқ ўчириб ташлаган постида.
Бир неча кун аввал Rost24 нашри Youtube каналида эълон қилинган "Epsilon — Ўзбекистон ер ости бойликларини ўзлаштираётган компания ортида ким бор?" номли видеода журналист Анора Содиқова ширкат фаолияти қанчалик шаффоф эканини савол остига олганди.
"Халқимизнинг энг бой конларига шерик бўлаётган Epsilon Development Company фирмасининг сирли таъсисчилари ким? Офшор ҳудудда рўйхатда ўтган Epsilon DC компаниясининг асл таъсисчиси балки ўзимизнинг қоракўзлардир? Нима учун келиб чиқиши шубҳали бўлган компанияга Ўзбекистоннинг бешта конида геологик-разведка ишларини олиб боришга рухсат берилган?" каби саволлар видео давомида ўртага ташланган.
Шунингдек, видеода Анора Содиқова Ўзбекистон ҳукумати "келиб чиқиши шаффоф бўлмаган" мазкур компанияга қайси асосда лицензия берганини ҳам сўроққа тутган.
Айни вақтда, ушбу видео ва унга бириктирилган мақола Rost24 сайти ҳамда нашрнинг барча платформалардаги саҳифаларидан ўчириб ташланган.
Анора Содиқова ўтган йилнинг апрель ойида ҳам тадбиркор Жаҳонгир Усмонов ҳақидаги мақолани таҳдид ва босимлар остида олиб ташлашга мажбур бўлганини маълум қилганди.
Ўшанда, Миллий масс-медиа фонди Васийлик кенгаши собиқ раиси, ҳозирда, президент администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов "журналистга таҳдид қилишга, умуман, таҳдидларга ҳеч ким ҳақли эмас"лигини таъкидлаганди.
"12 та ходим тинтибди"
Анора Содиқованинг хабари билан бир вақтда блогер Абдуқодир Мўминов 7 февраль тунидан буён алоқага чиқмаётгани, 8 февраль куни эрталаб унинг яшаш уйида "орган ходимлари" тинтув ўтказгани борасида хабарлар тарқала бошлаган.
"Бугун эрталаб тонг соат олтиларда журналистнинг уйига номаълум шахслар келиб эшикни тақиллатишган. Уйда ҳеч ким йўқ деб ўйлашгач, соат саккизларда эшикни ташқаридан очиб киришган. Ўзларини РОВДданмиз деб таништирган битта ИИБ формасидаги шахс, ўзини маҳалла раисиман, деб таништирган шахс ва ўндан ортиқ фуқаролик кийимидаги номаълум шахслар уйга киришгач, уйда одам борлигини кўришган. Хонадон эгасининг қаршилигига қарамай, уйни тасвирга туширишган ва қандайдир ҳужжатни ордер, деб кўрсатиб тинтув ўтказишган", дея ёзган Мўминов билан яқин алоқада бўлган блогер Аслиддин Камол.
Блогернинг Би-би-сига айтишича, Мўминовнинг яшаш уйида "ҳамма нарса титилиб ётибди".
Би-би-си Абдуқодир Мўминовнинг онаси билан боғланди. У фарзандининг қаерда экани ҳамон номаълум қолаётганини, тинтув вақтида келини уйда бўлганини айтди.
"Ўзимиз Сурхондарёдамиз. Кечаси соат 8-9 ларда отаси билан гаплашган, ҳаммаси яхши эди. Хабарларни ўзимиз ҳам эрталаб эшитдик. Эрталаб келиним телефон қилиб, 12 та одам уйни тинтиганини хабар қилди. Ҳужжатимиз бор, деб қандайдир қоғоз кўрсатишибди. Уйдаги ноутбукларни олиб кетибди. Илтимос, боламни топишга ёрдам беринглар!".
Блогернинг онаси фарзандининг яшаш уйи нега тинтилгани сабабини билмаслигини айтди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида блогер Мўминов яшаш уйи ҳовлисида номаълум шахслар ҳужумига учраган, аммо ҳозирга қадар ҳужумчилар топилмаган.
Икки таниқли матбуот вакили билан боғлиқ нохуш хабарларнинг бир кунда чиқиши зумда жамоатчилик эътиборига тушган.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати Абдуқодир Мўминов иши бўйича расмий маълумот берди.
Унда айтилишича, Мўминов икки фуқародан келиб тушган ариза бўйича ушланган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси ("Фирибгарлик"), 165-моддаси ("Товламачилик") аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.