Мирзиёев Ички ишлар идоралари назоратини журналистларга ҳам топширмоқчи, бу тизимни қанчалик ўзгартиради? Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
Президент Шавкат Мирзиёев Ички ишлар идораларини "халқчил" тузилмага айлантириш тўғрисида қарор имзолади. Қарорга кўра, ички ишлар идоралари фаолиятини журналистлар ва фахрийлардан ташкил топган кенгаш доим назорат қилиб боради.
"Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарордан маълум бўлишича, жамоатчилик кенгаши Ички ишлар вазирлиги тизимида доимий фаолият юритади.
"Ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган, соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилсин", дейилади қарорда.
Қуйидагилар жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифалари этиб белгиланган:
ички ишлар органлари фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳа бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва тизимли мониторинг олиб бориш;
ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ижтимоий фикр ва жамият манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш чораларини кўриш;
ички ишлар органлари фаолиятидаги коррупция ҳолатлари бўйича интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганиш ва унинг натижасини кенг жамоатчиликка етказиш.
Қарор қандай натижа беради?
"Журналистлар ички ишлар органлари устидан назорат ўрнатади", деб ёзди rost24.uz нашри.
Qalampir.uz сайти эса "Энди ички ишлар органлари фаолиятини журналистлар назорат қилади", деган сарлавҳа билан хабар узатди.
Facebook да Улуғбек Шодиевич номли фойдаланувчи бундай сарлавҳалар билан халқни чалғитмаслик кераклигини айтади.
"Ҳурматли журналистлар, ОАВлари, энди Сизлар Халқни чалғитманглар, биринчи қарорни ўқинглар мазмунини! ИИБни ичида деяпти, бу ташқи жамоатчиликни, аниқроғи Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун назарда тутаётган жамоа ташкилотларни эмас, ёки ҳаммасини тушуниб "пахта қуйишга ўтдиларингми"? Энди ИИБни қариялари йиғилиб яна уларни сони ва бир икки сўмга ишлайдиган таъмагирлари пайдо бўлиши эхтимолдан ҳоли эмас! Шу сабабли жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонунни ижросини оширсин, доно Халқимиз назоратни қанақа олиб боришни яхши билади!", дейди у.
"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг Би-би-сига айтишича, илгари ҳам бу каби жамоатчиликка яқинлаштириш борасида қарор, фармонлар чиққан.
"Лекин афсуски, буларнинг бирортаси ўзини оқламаган. Албатта, бундай шартномаларнинг йўғидан бори яхши. Аммо бу туб муаммоларга, тизимдаги муаммоларга ечим бўлолмайди. Яъни Ички ишлар вазирлиги тизимини бутунлай ислоҳ қилиш керак. Дунёда жамоат осойишталиги, хавфсизлиги бўйича фаолият олиб борадиган полиция ёки шунга ўхшаган тизимга айлантириш керак. Буларни асосий жиноят қидирув фаолияти, тергов фаолияти сингари юкламалардан озод қилиш керак. Тизим ниҳоятда зўриққан. Уни битта-яримта ҳужжатлар билан тузатиб бўлмайди", дейди у.
Президент қарори билан Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланган.
Унда ички ишлар органларининг ҳар бир ходими Кодексда белгиланган қоида ва талабларни билиши, уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиши мажбурий ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Интизомий жазо тариқасида лавозимидан озод этилаётган ходимларни бошқа соҳавий тузилмаларга ўтказиш амалиётига чек қўйилиши алоҳида қайд қилинган.
Бундан ташқари, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимларини "Фуқаролар билан ишлаш модули" бўйича узлуксиз ўқитиш амалиётини йўлга қўйиш орқали шахсий масъулиятини ошириш кўрсатилган.
Ички ишлар органлари ходимлари ҳар уч йилда бир марта ўқитилиб, махсус синовдан ўтказилади ҳамда синовларни муваффақиятли топширган ходимларга келгусида ушбу соҳада хизмат қилиш ҳуқуқини таъминлайдиган сертификат берилиши айтилган.
Вазирлик ислоҳотга муҳтожми?
Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда энг кўп танқидлар нишонига айланадиган идоралардан бири.
Вазирнинг истеъфосини ва вазирликни тугатиш талифларини ҳатто депутатлар ҳам билдиришган.
2020 йилнинг июн ойида андижонлик Алижон Абдукаримов Ички ишлар идорасида еган калтаклари зарбидан ўлишига депутатлар ва ижтимоий тармоқдагилар кескин муносабат билдирганди.
Депутат Расул Кушербаев вазир Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилганди, кейин "Адолат" партиясидан депутат Гулруҳ Агзамова Ички ишлар вазирлигини тугатиш таклифини билдирган.
Расмий хабарда айтилишича, Андижон шаҳар Ички ишлар бошқармасининг 3 тезкор ходими 29 майдан 30 май тонгги соат олтигача 44 ёшли Алижон Абдукаримовни дўппослаган ва руҳий босим ўтказган.
Қийноқлар зарбидан комага тушиб қолган 3 фарзанднинг отаси 11 июнь куни шифохонада вафот этган.
2022 йилнинг ноябр ойида Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармасига қарашли марказда 15 яшар боланинг уриб ўлдирилгани блогер Шокир Шариповни пикет ўтказишга ундаган асосий омил бўлган.
Шарипов бундай ҳолатларда ички ишлар вазири шахсан халқ билан мулоқот қилмаётгани сабабли ҳам унинг истеъфосини талаб этаётганини айтганди.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













