Уруш ва мигрантлар: Муҳожирлардан келаётган "қорахат" - Видео Россия, Ўзбекистон, Украина Dunyo Yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Иккинчи Жаҳон Урушида жангда ҳалок бўлган аскарларнинг оиласига "қорахат" келган бўлса, Россияга тирикчилик, оила боқиш учун кетиб, Украинадаги уруш майдонларига тушиб қолаётган ўзбекистонликлардан яқинлари телефонига "қорахабар" кела бошлади.

Алоқадор мавзулар:

Озодлик ўрнига қурбонликми?

Андижонлик муҳожир Украина урушида вафот этганлиги тахминланмоқда.

21 ёшли мигрант гиёҳвандлик савдоси бўйича 9 йил муддатга қамалиб, Брянскдаги қамоқхонада жазони ўтаётган бўлган.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компаниянинг таклифи билан Украинага урушга кетган.

Онасининг айтишича, унга катта миқдорда пул, озодлик ва Россия фуқаролиги таклиф қилинган.

Орадан бироз муддат вақт ўтгач, она ўғлининг жангда ҳалок бўлгани ҳақида хабар олган.

Шундан сўнг ўғлининг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш ҳаракатига тушган ва миграция масалалари бўйича юрист Ботиржон Шермуҳаммадга мурожаат қилган.

- Муҳожир Украинага борганидан кейин онасига алоқага чиққан ва ўша ердалигини айтган. Улар гаплашиб туришган, аммо 20 кундан ортиқ муддатдан бери аёлнинг фарзанди алоқага чиқмай қўйган.

Онанинг айтишича, ўғли билан бирга хизмат қилган инсонлар муҳожирнинг 20 кун олдин ҳалок бўлди, деган маълумотни айтишган, - аниқлаштиради юрист.

"Жасад сотиш" бошландими?

Бу қора хабарнинг ҳақиқат ёки йўқлиги ҳали аниқланмай туриб, номаълум киши онага алоқага чиққан. Ўзини Луганскдаги ўликхона ходими деб таништириб, ўғлининг жасадини 1 ярим минг доллар эвазига юбориб беришини таклиф қилган.

- Аммо бу хабарни берувчилар бирон бир ҳужжат, расм ёки видеотасвир орқали фарзандининг ҳалок бўлгани ёки жасади уларда борлигини тасдиқлай олмаган.

Бизнинг маслаҳатимизга кўра, аёл Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилди. Улар қўлларидан келганича ёрдам беришларини ваъда қилишган. Шу бўйича ишлар олиб борилаяпти, - дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

Аввалроқ Россия матбуоти асли сурхондарёлик 29 ёшли ўзбек йигитнинг Украинадаги урушда вафот этгани ҳақида ёзди.

Ижтимоий тармоқларда Украинада асирга тушган, ўзбекистонлик эканини айтишган мигрантларнинг видеотасвирлари тарқалганди.

Яқинда эса Россия ОАВ «Вагнер»га ёлланиб Украинадаги урушга йўл олган, аммо Ростовда ўқув машғулотлари жойидан қочишга муваффақ бўлган 3 нафар ўзбекистонлик ҳақида хабар берди.

Элчихона нега жим?

- Афсуски, Ўзбекистон томонидан бундай ҳолатларга расмий муносабат берилмаяпти. Уларнинг шахси ким, қаердалар, ҳозирги кундаги тақдири қандай, на вафот этганлар, на қочганлар, ёки бошқаларнинг ҳаёти ҳақида шу пайтгача расмий эълон қилинмади. Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳеч қандай хабар берилгани йўқ.

Ҳозирги кунда Миграция агентлиги ва Ўзбекистон элчихонаси томонидан бу каби можароларга қатнашмаслик, қатнашганлик учун Ўзбекистонда жиноий жавобгарлик борлигидан огоҳлантириш билан чекланишаяпти, холос. Бошқа ҳеч бир расмий маълумот бўлгани йўқ, - дейди юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Би-би-си Ўзбек хизматига Россиядан Украинадаги урушга ёлланган ўзбекистонликлар ҳақида маълумотлар келмоқда.

Биз бу борада Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва консуллигига мурожаат қилдик. Аммо ҳанузгача жавоб ололганимиз йўқ.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бир неча саволларимизга жавоб берди.

«Уларнинг сони кўп эмас»

- Россияда юрган мигрантларни урушга бориш учун тарғибот бор, ойига 240 -300 минг рублгача ойлик ваъда қилади, бу албатта, манфаат эвазига ихтиёрий, лекин кимнидир мажбурлаш ҳолати ҳақида эшитмадик.

Ҳа, пул эвазига ўша ҳудудларга кимдир ишга, яна кимдир айнан урушга кетаяпти, лекин уларни сони кўп деб ўйламайман. Уларни сони бўйича аниқ рақам қайсидир ташкилотда бор бўлиши эҳтимоли жуда кам.

Биринчидан, кимдир қандайдир сабаб билан ўша жойларга бориб қолган бўлса, Ўзбекистон идораларидан расмий ёрдам сўрашга қўрқади, чунки бунинг учун жавобгарлик борлигини яхши билади.

Иккинчидан, агар яна кимдир шу жавобгарликка рози бўлиб, мурожаат қилмоқчи бўлса, у жойларда бунинг техник жиҳатдан имкони йўқ бўлса керак, қўл телефонлар олиб қўйилади, Интернет берилмайди деб эшитганман, - дейди Миграция агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов.

- Мигрантларнинг Украинада асирга тушганлиги кўрсатилди. Қамоқдан ёлланиб қочган 3 нафар ўзбекистонликлар ҳақида ҳам ёзилди. Улар ҳақида сизларда маълумот борми?

- У фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш ҳаракати бошланган деб эшитганман, лекин натижаси бўйича хабарим йўқ.Бунақа масалалар билан бошқа идоралар шуғулланса керак, Миграция агентлигининг ваколати етмайди.

Агентлик вакили бу борада мурожаатлар бўлса, вазиятни ўрганишга, ваколати доирасида мигрантларга ёрдам беришга ҳаракат қилишини билдирди.

Биз билан боғланинг

Би-би-си Ўзбек хизмати Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган, Украинадаги урушга ёлланган ёки алдов, босим ёки ўз ихтиёрига қарши олиб кетилган ўзбекистонликлар борасида маълумотлар йиғмоқда.

Агар Украина ҳудудида бўлсангиз, ёки танишингиз, қариндошингиз ва яқинларингиз шундай вазиятларда бўлса, бизга алоқага чиқишингизни сўраймиз. Истагингизга кўра, шахсингиз сир сақланади.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek