Ўзбекистон: Адлия вазирлиги "матбуотнинг оғзини ёпишга" ҳаракат қиляптими? Yangiliklar

Адлия вазирлиги Ўзбекистондаги икки нашрни тажрибасиз экспертлар билан суҳбат қилиб, ислоҳотларни салбий томондан кўрсатмоқда дея танқид қилди.

Айрим ўзбекистонлик журналист ва экспертлар ушбу баёнотни цензура ва мустақил фикрловчиларнинг оғзини ёпиш дея баҳоламоқда.

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими вазирлик сайтида 9 январ куни "Маъмурий ислоҳотларни ёритишда профессионал ёндашув зарур" сарлавҳали матн чоп қилди.

Унда "айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқлар масалани мутахассис бўлмаган ёки зарур билим ва тажрибаси бўлмасада, ўзларини эксперт деб эълон қилаётган шахслар билан интервьюлар" ташкил қилгани айтилади.

Вазирликка кўра, kun.uz ва qalampir.uz каби нашрлар "ўз кузатувчиларига ислоҳотларни бир томонлама фақат салбий томондан кўрсатиш ва баҳолаш билан" шуғулланган.

Адлия вазирлиги "маъмурий ислоҳотдек ўта профессионал масалани енгил-елпи ёндашувлар, ўзининг ҳиссиёт ва қарашлари орқали баён этиш, айниқса ОАВ орқали тарқатиш масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас"лигини таъкидлаган.

Вазирлик сўнгра номлари келтирилмаган интервьюлар ва мақолалардаги эътироз ва танқидларга батафсил муносабат билдирган.

Унда, асосан, маъмурий ислоҳотларнинг тўғри бўлганлигини асослашга ҳаракат қилинган.

Вазирлик раддия охирида бу борада муҳокамалар кечаётганини ижобий дея баҳолашини билдирган.

Шу билан бирга, "ОАВ ва ижтимоий тармоқ вакилларини бу борадаги ислоҳотларни ёритишда фундаментал билимларга эга профессионал экспертларни, вазирлик ва идоралар масъулларини ҳам жалб этишга" чақирган.

"Бу масалада ҳамкорликка доим тайёрмиз", дейилади унда.

Журналистлар: Янги Адлия вазири "ишини цензурадан" бошладими?

Kun.uz ва qalampir.uz сайтлари ҳозирча ушбу раддияга муносабат билдирмади.

Бироқ айнан шу мавзуда интервьюлар ташкил қилган Kun.uz мухбири Илёс Сафаров Адлия вазирлиги раддиясини "цензура" деган.

"Янги вазир ишини ОАВга цензурасифат раддиядан бошлабди. Бу билан аввалги вазир ва ўзи ўртасидаги савияни яққол кўрсатди. Бундан буёғига ҳукумат таркибидаги энг муҳим бўғинлардан бирида иш қандай кетишини тасаввур қиляпман. Цензорлик қилмаган фақат улар қолаётганди", дейди kun.uz мухбири Илёс Сафаров.

Kun.uz томонидан чоп қилинган ва ҳукуматдаги ўзгаришлар муҳокама қилинган "Ўзбекистондаги кадрлар муаммоси ва "тиши йўқ" парламент" кўрсатувига таклиф қилинган таълим масалалари бўйича эксперт Баҳодир Ғаниев ҳам Адлия вазирлиги "цензура билан шуғулланмоқчи" бўлаётганликда шубҳа қилган.

"Аввало, ҳар бир фуқаро давлатда бўлаётган жараёнларга муносабат билдиришга ҳақли, Конституциямизга асосан. Адлия вазирлиги мутахассислари конституцияни бир қайта ўқиб қўйиши керак шекилли. Уларнинг асосий вазифаси қонун устуворлигини таъминлаш эмасмиди?

Иккинчидан, экспертларни мутахассис бўлиши меъёр қоидалари йўқ. Давлатимизда номутахассислар вазир ҳам бўлиб ўтирибтику, Адлия эса жим. Номутахассис вазир бўла оладию, оддий эксперт бўла олмайдими?", дея савол беради Баҳодир Ғаниев.

"Адлия вазирлиги ўзини цензор ролида синаб кўришга қарор қилганга ўхшайди", деб ёзади Комил Джалилов.

У фикрлар хилма-хиллигини ҳозирча Конституция тақиқлагани йўқлигини таъкидлаган.

"ОАВлар ислоҳотларни фақат мақташга мажбур эмас - уларнинг вазифаси айнан жамиятдаги турлича фикрлар ва қарашларни муҳокамага олиб чиқиш. Ҳар қандай воқеликка нисбатан қарашлар турлича, шу жумладан, салбий ҳам бўлиши табиий ҳол.

Агар Адлия вазирлигига фақат мақтов керак бўлса, марҳамат, бюджетдан отнинг калласидай пул ажратиладиган ва ҳеч ким жиддий қабул қилмайдиган «Жаннатдан хабарлар 24», узр, «Ўзбекистон 24» (ва МТРКнинг бошқа каналлари) етарли. Ҳеч бўлмаганда муқобил ахборот манбаи бўлган мустақил ОАВларни тинч қўяйлик", деб ёзади Джалилов.

Олий Мажлис ҳузуридаги Ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан Давлат бошқарув органларининг медиафаоллиги бўйича тузилган рейтингда Адлия вазирлиги юқори ўринларни эгаллаган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.