Ўзбекистонни Россия таъсиридан ким қутқаради - Туркия ё Толибон? Дунё Янгиликлар

Ўзбекистон ташқи транспорт бобида Россияга қарамликдан қутулмоқчими ёки янги йўллар очиб, ўз имконларини кенгайтирмоқчими? Савол қай тарзда қўйилмасин, яна бошқа бир савол ўртага чиқади: Ўзбекистон ҳукумати бунга эриша оладими?

Охирги пайтларда Ўзбекистон темир ва автомобиль йўллари орқали Жанубий Осиё, Форс Кўрфази, Хитой, Яқин Шарқ ва очиқ уммонларга чиқишга ҳаракат қилмоқда. Бу ўринда муайян ютуқларга ҳам эришяпти.

Бироқ юз йилдан кўпроқ вақт давомида қуруқлик орқали дунёга чиқадиган йўлларининг аксариси Россия ҳудудидан ўтган мамлакат учун бу вазифа қанчалик осон?

Сўнгги хабарларга қараганда, Тошкент айни масалада ҳам геосиёсий, ҳам иқтисодий манфаатли мувозанатни ушлашга интилмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Қаёққа чиқамиз, қардош?

Хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонга Туркиядан илк юк поезди келган.

Аксар маиший техника маҳсулотлари ортилган 40 вагонли поезд Эрон ва Туркманистон ҳудудидан ўтгани айтилади.

Тўрт ярим минг километрлик янги темир йўл йўналиши на ўзи, на чегарадош қўшнилари очиқ уммонларга чиққан дунёдаги икки мамлакатдан бири бўлган Ўзбекистон учун озмунча аҳамиятга молик эмас.

Ўзбек ҳукумати сўнгги йилларда дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан саналмиш Туркманистон билан ҳам алоқаларни жипслаштиришга интилди.

Ғарб санкциялари остидаги Эрон билан муносабатларни кучайтиришдан қайтмади.

Ниҳоят, дунёдаги энг катта аҳолига эга икки туркий давлат - Марказий Осиёдаги Ўзбекистон ҳамда Яқин Шарқ ва Европа учрашган нуқтадаги Туркия темир йўл орқали боғландилар.

Бироқ бу - Ўзбекистон истаётган йўналишларнинг фақат биттаси.

Россия йўли ҳам қоладими?

Айни дамда, Ўзбекистондан Литвага йўлга чиққан илк контейнерли поезд ҳақида ҳам ёзилди.

Унда ҳозирча аксар минерал ўғитлар ташилгани айтилади.

Бироқ ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини Европа бозорларига сотишлари учун мазкур йўналиш фойдали бўлиши билдирилмоқда.

Тўрт ярим минг чақиримдан узоқроққа чўзилган мазкур темирйўл Ўзбекистонни бевосита Европа Иттифоқи билан боғлайди.

Ўзбекистон эълон қилган харитада у Қозоғистон, Россия ҳамда Беларусь ҳудудларидан ўтишини кўриш мумкин,

Хуллас, мавжуд йўллар бўйлаб ўтадиган Россия йўналиши ҳам Ўзбекистон учун аҳамиятини йўқотмайди.

Зотан ўзбеклар учун нафақат Шимол (Россия ё Европа), балки Шарқ (Қирғизистон ва Хитой), Ғарб (Эрон, Туркманистон ва Туркия) ҳамда Жануб (Афғонистон ва Покистон) йўналишларида ҳам узлуксиз қуруқлик йўлларини тиклаш - улкан геосиёсий ва иқтисодий аҳамиятга молик мақсад.

Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган темир йўл қурилиши устида ишлар кетмоқда.

Бу йўл қурилса, Ўзбекистон дунёнинг иккинчи йирик иқтисоди ҳамда ўзининг энг йирик савдо ҳамкорларидан бўлган Хитой билан бевосита боғланади.

Тошкент ва Толибон

Ўзбекистон анча йиллардан бери кўзлаб келаётган яна бир йўналиш - Термизни Покистон билан боғловчи поезд йўли истиқболи.

Аммо айни йўл нотинч Афғонистондан ўтади. Шунга қарамай, ўзбеклар унга катта умид тикишмоқда.

Ўзбекистон тарафи халқаро ҳамжамият тан олмаган Толибон ҳукумати билан ўз муносабатларини нафақат узмади, балки бу алоқаларни янада кучайтирди.

Тошкент Афғонистонни унутмаслик ва ташлаб қўймаслик ҳақида гапириб келади.

Охирги хабарларга кўра эса, Трансафғон темир йўли қурилиши илк ҳисоб-китоблардан анча қимматга тушадиган кўринади.

Покистон расмийларига иқтибосан ёзаётган samaaenglish.tv хабарига биноан, айни темир йўлни ётқизиш учун 8.2 миллиард АҚШ доллари атрофида пул кетиши мумкин.

Аввалги ҳисоб-китобларда эса 5 миллиард долларга яқин маблағ зарурлиги айтилган.

Режалар зўр, имконлар-чи?

Ўзбекистон истаётган янги йўллар мамлакат ташқи транспорт соҳасидаги Россия таъсирини камайтириши аниқ, аммо бу таъсир буткул йўқолмайди.

Қолаверса, ўзбеклар ўз саъй-ҳаракатларини ташқи дунёга чиқиш учун янги йўлларни излаш сифатида ифодалаб келадилар.

Ўзбекистондан ўтадиган йўллардан Хитой фойдаланишни истайди, Россия ҳам фойдаланиши эҳтимоллари йўқ эмас.

Бироқ бу йўналишларни ишга тушириш режаларига халал берадиган ҳолатлар эҳтимолини ҳам истисно этиш қийин.

Дейлик, Афғонистондаги Толибон ҳукумати халқаро саҳнада тан олинмаган ва бу мамлакатда хавфсизлик масалалари ҳам тўлиқ ҳал этилмаган.

Тўғри, Толибон келгач, хавфсизлик бироз яхшилангани айтилади.

Аммо ИШИД вакиллари ҳамон фаол ҳудудлар бор ва улар турли минтақаларда ҳужумлар уюштириб туришади.

Ўзбекистонни Туркманистон ва Эрон орқали Туркия билан боғловчи йўналишнинг ҳам нозик жиҳатлари йўқ эмас.

Аввало, Каспий Денгизи боис Марказий Осиё, Кавказ ҳамда Туркия ҳудудлари Россия ё Эронни четлаб ўтадиган узлуксиз темир йўл билан ўзаро боғлана олишмайди.

Минтақадаги яна бир муҳим транзит давлат ва газга бой Туркманистон ҳамон ёпиқ ва қўшниларига нисбатан ҳам виза тизими жорий этган.

Президент Мирзиёев қудратга келганидан бери Ашхобод ва Тошкент ўртасидаги алоқаларни яхшилашга катта эътибор қаратмоқда.

Эрон эса узоқ йиллардан бери Ғарб жазо чоралари остида. Шунингдек, ушбу мамлакат Россиянинг яқин иттифоқчиси ҳамдир.

Кейинги ойларда Эрон бўйлаб аксилҳукумат намойишлари ёйилди ва уларнинг қачон ё қандай тугаши ҳали номаълум.

Европа Иттифоқига элтувчи темир йўл эса Россия ва Беларусдан ўтади.

Россиянинг Украинага босқини ҳамда айни уруш туфайли Москвага қарши Ғарб киритган санкциялар ва сиёсий муносабатлар боис Россия (Беларусь ҳам) тобора якканишин бўлиб бормоқда.

Украина уруши қандай тугайди ва Путин бошлаган уруш Россия учун нималарни англатиши ҳам улкан савол остида.

Ўзбекистон учун эса ташқи дунёга янги йўллар топиш жуда долзарб ва ўта муҳим. Ва бу йўллар ўтадиган бошқа мамлакатлар деярли йўқ.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek