Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик Украина воқеалари туфайли кучаймоқдами? Россияда мигрантларга патент нархи ошаяптими?

  • Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик Украина воқеалари туфайли кучаймоқдами?
  • Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти.
  • Ўзбек қирғиз чегараси муаммоси буткул ҳал бўлдими?
  • Ўзбекистон ва Британия савдо ҳажми икки баробар ошган
  • Россияда патент нархи қанчага ошаяпти?

чинчи давлатларнинг таъсири йўқ"

Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик Украина воқеалари туфайли кучаймоқдами? Ушбу масала бўйича Ўзбекистон Президентининг Матбуот котиби Шерзод Асадов изоҳ берди.

президент.уз

Сурат манбаси, Rasmiy

Алоқадор мавзулар:

Президент матбуот котибининг таъкидлашича, Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб боришига Украина воқеаларининг алоқаси йўқ.

«Ҳар қандай давлат ташқи сиёсий кун тартибини ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб шакллантиради. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий кун тартиби ҳам айнан мамлакатимизнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Бу қандайдир геосиёсий воқеалар ёки геосиёсий конъюнктурага боғлиқ эмас.

Яъни, кун тартибимизни шакллантиришда учинчи давлатларнинг таъсири йўқ. Бу ташриф ва мулоқотлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларидан келиб чиқмоқда. Европа иттифоқи бизнинг энг асосий сиёсий-иқтисодий ҳамкорларимиздан бири. Ўзаро фаол муносабатда бўлиш ҳар икки томон манфаатдор», — деди Асадов.

«Террорчилик хуружини кескин қоралаймиз»

Афғонистон шимолидаги асосан ўзбеклар яшовчи Саманган вилоятида мадраса портлаши оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлган, 23 киши жароҳатланган.

афғон

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги «Жиҳодия» мадрасасида амалга оширилган террорчилик ҳаракатини кескин қоралаб, баёнот берди.

«2022 йил 30 ноябрь куни Афғонистоннинг Саманган провинцияси Айбак шаҳрида содир этилган террорчилик хуружини кескин қоралаймиз. «Жиҳодия» мадрасасида амалга оширилган қабиҳ ҳаракат кўплаб инсонларнинг, асосан ёш талабаларнинг қурбон бўлишига олиб келди. Яна бир бор шуни маълум қиламизки, бундай зўравонлик ҳаракатлари кескинликнинг кучайишига сабаб бўлиб, Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатишга, шунингдек, миллий келишувга эришишга тўсқинлик қилади», — дейилади ТИВ баёнотида.

Чегара муаммоси буткул ҳал бўлдими?

Ўзбекистон Президенти Қирғизистон билан чегара ва Андижон сув омборига оид қонунларни имзолади. Бу ҳақда president.uz сайти маълум қилди.

харита

Хабарга кўра, Шавкат Мирзиёев 30 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификатсия қилишга оид қонунларни имзолаган.

«Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси билан икки қардош халқ ўртасидаги ҳурмат ва яхши қўшничилик мустаҳкамланиб, 30 йилдан бери ҳал бўлмаётган масалалар келишилмоқда», - дейилади расмий сайт хабарида.

Мазкур халқаро шартномалар Ўзбекистон ташқи ишлар вазири В.Норов бошчилигидаги делегатсиянинг 2022 йил 3 ноябрда Бишкек шаҳрига ташрифи чоғида имзоланган. Бу ҳақдаги қонунлар Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 14 ноябрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2022 йил 18 ноябрда маъқулланган. Уларни ратификатсия қилиш бўйича Қирғизистон қонунларини Қирғиз Республикаси Президенти 2022 йил 29 ноябрда имзолаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома 13 та моддадан иборат. Унда ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкасидаги умумий узунлиги 302,29 километр бўлган чизиғи белгилангани маълум қилинган.

Савдо ҳажми икки баробар ошган

Ўзбекистон-Буюк Британия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда икки баравар кўпайиб, тахминан 500 млн долларни ташкил этди. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Буюк Британия савдо ва саноат кенгашининг (UBTIC) сессиясида айтиб ўтилди.

Йиғинда Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (UzDIF) раҳбари Атабек Назиров бу йилги форумнинг асосий мавзуси маҳаллий корхоналарни хусусийлаштириш бўйича дастур эканлигини билдирган. Ўзбекистоннинг барқарор мамлакатлардан бири - глобал геосиёсий турбулентлик даврида инвесторлар учун асосий омил эканлигини таъкидланган.

Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳукуматлари томонидан 1994 йилда ташкил этилган мазкур форум ҳар йили ўтказилади. Сўнгги йилларда эса икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши қайд этилган. Жумладан, 2022 йилда икки баравар кўпайиб, тахминан 500 млн долларни ташкил этган.

Британиянинг Ўзбекистондаги расмий элчиси Тим Торлот икки давлат орасидаги фаол муносабатлардан мамнунлигини билдирган.

«Бу сиёсий муҳит сақланиб қолишига умид қиламиз ва бу борада Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга интиламиз», дейди Тим Торлот UBTIC йиғинида.

Патент нархи қанчага ошади?

Россия ҳукумати айрим ҳудудларда 2023 йилда мамлакатда ишлаётган меҳнат муҳожирлари учун меҳнат патентининг ойлик тўлов миқдори нархини оширмоқда.

мигрант

2023 йилда Москвада ишлаётган меҳнат муҳожирлари учун патент 6600 рублгача ошади. Бу ҳақда Москва шаҳар думасида бўлиб ўтган йиғилишда Москва шаҳар иқтисодий сиёсат ва ривожланиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, солиқ таҳлили бошқармаси бошлиғи Даря Мурченко маълум қилди, деб хабар беради "Фарғона" ахборот агентлиги.

"2022 йилда меҳнат муҳожирларининг ўзларининг анъанавий тармоқларидаги расмий маоши 11,5 фоизга ошди. Шу муносабат билан патент нархини мутаносиб равишда ойига 6600 рублгача ошириш таклиф қилинмоқда", — деб тушунтирди Мурченко.

Москва шаҳри ва вилоятида меҳнат патентининг ойлик тўлов миқдори жорий йилда 5900 рубл эди. Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида 4200 рублдан 4400 рублга кўтарилган.

Перм вилоятида эса 4100 рублдан 4700 рублга оширилган, Бошқирдистондаги муҳожирлар ҳам 2023 йилдан бошлаб 4700 рублдан тўлашларига тўғри келади.

Меҳнат патентининг энг қиммат ойлик тўлови Приморск ўлкасида белгиланган бўлиб, у ердаги ишчи мигрантлар учун янги йилдан бошлаб ойига 7680 рубл тўлов белгиланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek