Франция ва Ўзбекистон: «нозик» даврдаги эътибор. Украинада «Турон» қўшинини ким тузди? Ўзбекистон ва дунё, янгиликлар

Ўқилиш вақти: 3 дақ
  • Украинада Путинга қарши «Турон» қўшинини кимлар тузди?
  • Қозоғистондаги сайлов нега танқид қилинаяпти?
  • Хитой Тожикистон билан ҳарбий машғулотларни нега ўтказмоқчи?
  • Ўзбекистон франциялик инвесторларни жалб қила оладими?

«Путин ва Рамзанга қарши қўшин»

«Украинада Туркий халқларнинг «Турон» деб номланган биринчи қўшини ташкил этилди» деб номланган видеолавҳани Украинанинг «Обозревател» хусусий сайти эълон қилди. Унда қўшин жангчилари «Владимир Путин Туркий халқлар геноциди»да айблашган, «Кремл диктатори Владимир Путин ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров тузумларини йўқ қилишга тайёр»ликлари айтилган.

Бир кун ўтиб, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Украина томонида жанг қилиш учун туркий халқлар қўшинини ташкил этгани айтилган Алмаз Кудабек ули исмли Қирғизистон фуқароси устидан тергов бошлади, деб хабар берди кеча «Kaktus Media» нашри.

Нашрга кўра, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ушбу фуқаронинг баёнотлари Қирғизистоннинг расмий позициясига «зид» эканини ва мамлакат «Россия ва Украина ўртасидаги муносабатларда бетарафликни сақлаб туришини» таъкидлаган.

Агар Алмаз Қудабек ўғли айбдор деб топилса, унга Жиноят кодексининг 256-моддаси Қирғизистон фуқароларини хорижий давлатлар ҳудудидаги қуролли можароларда ёки терактларда қатнашганлик, ёки уларни содир этишга тайёрлаганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган ҳолда саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кутилади, дейилади сайтда.

Алоқадор мавзулар:

Европанинг Ўзбекистонга қизиқиши ортдими?

Ўзбекистон ва Франция раҳбарлари алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

Кеча Парижда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва франциялик ҳамкасби Эммануэл Макрон икки томонлама муносабатларни «юқори даражадаги кенг қамровли шериклик» даражасига кўтаришга келишиб олдилар, деб хабар қилди Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Томонлар, хусусан, икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётгани ва улар ўртасида кенг сиёсий мулоқот чуқурлашиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар, дейилади хабарда.

Шунингдек, хавфсизлик соҳасида, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш борасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилгани баён қилинган.

«Кейинги йилларда Франция компаниялари иштирокидаги қўшма корхона ва лойиҳалар сони уч баробар кўпайди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг жорий портфели 5 миллиард евродан ошди», деб ёзади president.uz.

Ташриф арафасида ўтказилган Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик тадбирларининг якунлари, уларнинг доирасида умумий қиймати 6 миллиард евродан ортиқ бўлган савдо-иқтисодий битим ва шартномалар имзоланди, дейилади хабарда.

Ўзбекистон раҳбарининг Францияга ташрифи (21-22-ноябр) Россиянинг Украинага бостириб кириши манзарасида Ғарбнинг Марказий Осиё билан яқин алоқаларга қизиқиши ортган даврга тўғри келди.

Мухолифсиз сайлов

Қозоғистон раҳбари 26 ноябр куни қасамёд қилади.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси амалдаги президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг инаугурация маросими 20 ноябр куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда қўлга киритилган ишончли ғалабадан кейин 26 ноябр куни бўлиб ўтишини маълум қилди.

МСК сайлов куни якуний натижаларни эълон қилиб, Тоқаев 81 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб ғалаба қозонганини айтди. Сайловда ҳақиқий мухолифат йўқлиги инобатга олинса, Тоқаев иккинчи муддатга осонлик билан ғалаба қозониши кутилганди.

Сайлов натижалари жамоатчиликнинг турли хил муносабатларини келтириб чиқарди, мустақил кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари сайловларда муқобил ва ҳақиқий мухолифат йўқлигини танқид қилишди.

Европа Иттифоқи Қозоғистонни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тавсияларига тўлиқ риоя қилишга чақирди, бу ҳақда кеча КазТАГ хусусий ахборот сайти хабар қилди.

Аввалроқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Қозоғистондаги сайловларни рақобатбардош эмас, деб танқид қилган эди. Бунга жавобан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ЕХҲТ баёнотини «холислик йўқлиги ва муҳим институт сифатида ташкилот самарадорлигини шубҳа остига қўювчи» дея таърифлаган.

Ҳар икки йилда бир ҳарбий машғулот

Тожикистон Хитой билан мунтазам равишда террорга қарши машғулотлар ўтказади.

Тожикистон ҳукумати Хитой ва Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари «камида икки йилда бир марта» аксилтеррор машғулотларини ўтказишни назарда тутувчи келишув лойиҳасини маъқуллади, деб хабар берди куни кеча «Asia-Plus» Тожикистон ахборот агентлиги.

Битим, жумладан, «ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш» ҳамда терроризмга қарши курашни мувофиқлаштиришни кучайтиришга қаратилган, дейилади хабарда. Томонлар машғулотларнинг санаси, жойи, мавзулари, тартиби ва бошқа масалаларни улар ўтказилишидан олти ой олдин келишиб оладилар, дейилади хабарда.

Агентликнинг эслатишича, ўтган йилнинг октябр ойида Тожикистон парламенти Хитой Тожикистон шарқидаги, Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги Вахан (Вахани) дарасида махсус база қуриш ҳақидаги келишувни маъқуллаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek