Ўзбекистонга келаётган Россия фуқаролари сайёҳларми ё қочқинлар? Dunyo Yangiliklar O'zbekiston

Январ-сентябр ойларида 318 156 нафар россиялик Ўзбекистонга келгани айтилди. Уларнинг қанчаси мамлакатда қолган ва қанчаси чиқиб кетган? Ёнилғида ишлайдиган транспорт воситалари учун мос ёқилғи нархи тушиб бормоқда. Тошкент вилоятида 26 млн 200 минг сўмга тенг бўлган 100 ва 200 минг сўмлик қалбаки купюралар ИИБ томонидан қўлга олинган. ФИФА қарори билан мусобақалардан четлаштирилган Россия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувлари ўтказади. Куннинг муҳим хабарлари тафсилоти.

•Ўзбекистонга келган 300 мингдан зиёд россиялик сайёҳларми ё қочқинлар?

•Тошкентда 26 млнлик қалбаки пул ишлаб чиқараётганлар ушланган

•Уч ойда уч марта нархи арзонлашган ёқилғи

•Мусобақалардан четлатилган Россия терма жамоаси энди Ўзбекистон билан футбол ўйнайди

Сайёҳларми ёки қочқинлар?

2022 йилнинг 9 ойида Россия Федерациясининг 318 156 нафар фуқароси Ўзбекистонга кириб келган. Бу маълумотни Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи полковник Улуғбек Муҳамедовнинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига берган.

Расмий берган маълумот Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси рақамлари билан фарқ қилмоқда.

Статистика қўмитаси октябр ойи бошида 2022 йилнинг тўққиз ойида Россиядан Ўзбекистонга 395,1 минг киши кириб келгани ҳақида маълумотни тақдим этган эди. Қўмита бу рақамни мамлакатга келган россиялик сайёҳлар сифатида келтирган ва йил бошидан буён Россиядан келганлар сайёҳлар сони 2021 йилнинг январ-сентябр ойларига нисбатан 2,1 баробар кўп эканини билдирган.

ИИВ расмийси ўтган 9 ой мобайнида россияликларнинг 18 нафари Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинганини билдирган. Улуғбек Муҳамедов санаган чет элликларга мамлакатда фуқаролик берилиши талаблари орасида Ўзбекистонда камида 5 йил муқим яшаган бўлиши лозимлиги келтирилган.

Шунингдек, ИИВ бошқарма бошлиғи Россия фуқароларининг аксарияти Ўзбекистонга доимий яшаш ёки фуқароликни олиш мақсадида эмас, вақтинча яшаш мақсадида кириб келаётганини таъкидлаган.

ИИВ маълумотида ҳам, Статистика қўмитаси рақамларида ҳам Ўзбекистонга кириб келган россияликларнинг қанчаси мамлакатни тарк этгани ҳақида хабар берилмаган.

Қайси ёқилғи арзонлашади?

«Ўзбекнефтгаз» АЖ синтетик дизель ёқилғисининг нархи арзонлашганини маълум қилди. Жамият Матбуот хизматининг хабарига кўра, маҳсулот таннархининг пасайишига ишлаб чиқариш ҳажмини оширилиши билан орқали эришилган.

«Евро-6 стандарти» талабларига тўлиқ жавоб берадиган GTL дизели Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида мукаммал ишлаш ҳамда экологик хусусиятларга эга биринчи синтетик ёқилғи ҳисобланади», деб ёзади Матбуот хизмати.

Хабарга кўра, ҳозирда заводда ўртача бир кунда 1500 тонна синтетик дизель ишлаб чиқарилмоқда ва ноябрь ойида заводнинг 2-босқичи ишга туширилиши ҳисобига бир суткада ўртача 3000 тоннагача ёқилғи ишлаб чиқарилишига етказилиши режаланган.

«Республика ички истеъмолчиларига юқори сифатли ва экологик тоза дизель ёнилғисини етказиб беришни таъминлаш мақсадида, "Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқарув раисининг кўрсатмасига биноан, жорий йилнинг 31 октябрь кунидан бошлаб Товар хом ашё биржаси орқали сотувга қўйиладиган синтетик дизель ёқилғисининг бир тоннасининг бошланғич нархи 12 998 420 сўмгача арзонлаштирилиши белгиланди», дейилади «Ўзбекнефтгаз» хабарида.

Шунингдек, жамият ушбу нарх арзонлаштирилиши сўнгги уч ой ичида учинчиси ҳисобланиши эканлигини таъкидлаган. Синтетик дизелнинг бошланғич нархи 1 литр учун ҳозирда 9930 сўмдан биржа савдоларига қўйилмоқда.

«GTL дизели «Евро-4» ва ундан юқори бўлган ёнилғида ишлайдиган енгил автомобиллар ва юк машиналари, шунингдек, маҳаллий ва хорижда ишлаб чиқарилган габарит ва махсус дизель ёнилғили транспорт воситалари учун идеал тарзда мос келади», - изоҳ берган «Ўзбекнефтгаз» АЖ.

Бозорда қалбаки пуллар

Тошкент вилоятида йирик миқдорда сохта пуллар аниқланган. Вилоят ИИБнинг хабарига кўра, чирчиқлик бир гуруҳ шахслар 100 ва 200 минг сўмлик Ўзбекистон миллий валютасини қалбаки усулда тайёрлаган.

Хабарда сохта пул ясашда айбланувчиларнинг Бўстонлиқ туманида жойлашган дала ҳовлиларнинг бирини ижарага олгани ва у ерда сохта пуллар ишлаб чиқариш билан шуғуллангани маълум қилинган.

«Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Янгийўл шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида кўп миқдордаги қалбаки купюраларни муомалага киритмоқчи бўлган бир гуруҳ шахс далилий ашёлар билан ушланди», дейилади ахборотда.

ИИБ айбланувчиларнинг сохта купюраларни муомалага киритиш мақсадида Янгийўл шаҳар марказий бозорига келган вақтида қўлга олинган билдирилган.

«Ҳолат юзасидан холислар иштирокида ўтказилган тинтув жараёнида улардан жами қиймати 26 млн 200 минг сўмга тенг бўлган 100 ва 200 минг сўмлик қалбаки купюралар ва рангли принтер далилий ашё сифатида олинган (қалбаки пулларга нисбатан экспертиза тайинланган)», - дейилади ахборотда.

Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Босим остидаги футбол

Мусобақалардан четлатилган Россия терма жамоаси энди Ўзбекистон терма жамоаси билан футбол ўйнайди. Бу ҳақда «Championat.Asia» хабар бермоқда.

Хабарга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон терма жамоалари Россия Федерацияси томонидан Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция ўтказгани муносабати билан ФИФА қарори билан мусобақалардан четлаштирилган Россия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувлари ўтказади.

Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини 20 ноябр куни Тошкентда бўлиб ўтади. Нашрнинг ёзишича, йиғилиш ўтказиш қарори «кучли сиёсий босим» остида қабул қилинган. «Championat.Asia» бу босимнинг ким томонидан ва кимга нисбатан ўтказилганига аниқлик киритмаган.

Ўзбекистон ва Тожикистон терма жамоалари мухлисларининг аксарияти россияликларга қарши бўлиб ўтадиган ўйинлар ҳақидаги маълумотни мамнуният билан қабул қилишган.

Шу билан бирга, «Championat.com» нашрининг аниқлик киритишича, Россия терма жамоаси иштирокидаги учрашувлар санаси якуний эмас, чунки Россия кубоги доирасидаги ўйинлар худди шу кунларда бўлиб ўтиши керак.

ФИФА ва УЕФА томонидан Россиянинг Украинага босқини бошлангандан кейин Россия футболига нисбатан жорий қилган санкцияларга кўра, Россиянинг барча клублари ва жамоалари, жумладан, аёллар ва ўсмирлар ҳам барча расмий мусобақаларда иштирок этишдан тўхтатилган. Дунёдаги баъзи футбол жамоалари ўртоқлик ўйинлари ҳали санкцияларга дуч келмаса-да, россияликларга қарши майдонга тушишни принципиал жиҳатдан рад этишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek