You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбеклар пахта теришга мажбурликдан қутула оладими? Саёҳатга қанча ўзбекистонлик бора олаяпти? Ўзбекистон, Дунё, Янгиликлар
- Путин МДҲ махсус хизматлари билан йиғин ўтказмоқчи
- Тақиқланган мажбурий меҳнатга халқ мажбурланаяптими?
- "Биз - россияликмиз" фестивалида ўзбек талабалари қатнашади
- Ўзбекистонликларнинг чўнтаги қайси давлатга саёҳатни кўтаради?
Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол вафот этди
Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол 84 ёшида вафот этди.
Жамол Камол 1938 йил 26 апрелида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган.
1959 йили Бухоро Педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган.
Шоирнинг илк "Олам кирар юрагимга" шеърий тўплами 1968 йили нашр этилган.
Жамол Камол 1991 йилдан 1996 йилгача Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига раҳбарлик қилганди.
Шоир Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат "Маснавийи маънавий" асарини, инглиз шоири Уилям Шекспирнинг 10 дан зиёд асарини бевосита инглиз тилидан ўзбек тилига ўгирган, кўплаб жаҳон классикларининг асарларини таржима қилган.
2017 йили "Буюклардан буюк Муҳаммад Алайҳисалом" китобини нашр этди.
Жамол Камол шеърлари рус, инглиз, француз, поляк, украин, турк, озарбойжон, тожик ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган.
Би-би-си Ўзбек хизмати таҳририяти Жамол Камолнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этади.
Тақиқланган, аммо шикоятлар бор
"Мажбурий меҳнат тақиқланган ва унга йўл қўйилмайди"
Ижтимоий тармоқларда пахта йиғим-терими ишларига турли соҳа ходимлари мажбурий жалб этилаётганига оид айрим хабарлар тарқалаётгани ортидан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Телеграмдаги расмий каналида мажбурий меҳнат мавзусини кўтарди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси мурожаатномаси сифатида келтирилган матнда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги миллий қонунчилик билан тартибга солинган, ушбу қилмиш учун жиноий жавобгарлик белгилангани таъкидланган.
Алоқадор мавзулар:
- Россия: Чегаралар яна ёпиладими, Ўзбекистон Бош вазири нега Бишкек борди, Тожикистон ва Қирғизистон энди уришмайдими? Янгиликлар
- Россия-Ўзбекистон: Мирзиёев газ экспорт қилинмаётганини айтди, аммо статистика аксини кўрсатди. Мигрантлар урушдан манфаатдорми? Россия паспортини олган Марказий осиёликлар урушга мажбурланаяптими?
- Украина. Янгиликлар: Путин янада кескин кетди, Зеленский қочиш ва таслим бўлишга чақирди
- Россия. Янги таклиф: Россия паспортини олганларга энди янада қийин бўладими ё улар урушга бормаса нима кутади?
"Агар Сиз мажбурий тарзда бирор бир меҳнатга жалб этиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз "1176" ҳамда "1092" рақамли "ишонч телефон"ларига мурожаат қилишингизни сўраймиз", - дейилади мурожаатда.
Мажбурий меҳнат тўғрисида хабар берган мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланиши билдирилган.
Шунга қарамай, маҳаллий оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва фаоллар республиканинг турли ҳудудларидан пахта йиғим-теримига мажбурий жалб этилаётганликларидан шикоят қилишаётганини ёзишмоқда.
"Менгаям жойлардан айрим ташкилотлар ходимлари ёзишяпти. "Эрталабдан ҳокимликка йиғиб олишяпти. Мажбурлаб пахтага чиқаришяпти" дея. Видеога ҳолатни гапириб беринг, каналларимда чиқараман десам йўқ, узр, менга босим бўлади деб қўрқишяпти" - деб ёзди ҳуқуқшунос блогер Зафарбек Солижонов ўз Телеграм каналида.
24 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Администрациясининг раҳбари Сардор Умурзоқов мажлис ўтказгани, ҳокимларни мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик лозимлиги ҳақида огоҳлантиргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Разведкачилар йиғини
Путин МДҲ давлатлари махсус хизматлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.
Россия ОАВларининг Ташқи разведка хизмати маълумотига таяниб ёзишларича, 30 сентябрь куни Москвада Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари хавфсизлик органлари ва разведка хизматлари раҳбарлари мажлиси бўлиб ўтади.
Владимир Путин раҳбарлигида ўтказиладиган мазкур йиғинда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Арманистон ва Беларус каби давлатларининг вакиллари қатнашиши кутилмоқда.
Маҳаллий нашрлар мажлиснинг асосий мавзуси разведка фаолияти масалалари эканлигини билдиришган.
Шунингдек, Россия Президенти Владимир Путиннинг учрашув доирасида МДҲ мамлакатлари разведка хизматлари раҳбарларига видеоалоқа орқали мурожаат қилиши кутилаётгани хабар қилинган.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин МДҲ разведка хизматлари бошлиқлари билан 29 сентябрь куни мулоқот қилишини билдирган.
«Биз россияликмиз» фестивалида ўзбек талабалари
30 сентябрь куни Россия пойтахтида "Биз - россияликмиз" деб номланган халқаро фестиваль ўтказилади ва унда ўзбекистонликлар ҳам иштирок этиши хабар қилинди.
Халқаро талабалар фестивали Бутунроссия жамоат ҳаракати Россия халқлари ёшлар ассамблеяси ҳамда Москва шаҳрининг миллий сиёсат ва минтақалараро алоқалар бошқармаси томонидан ўтказилади.
Москвада бўлиб ўтадиган мазкур фестивал дастуридан миллий ва ёшлар сиёсати соҳаси мутахассислари билан учрашувлар, турли миллат вакиллари иштирокида маҳорат дарслари каби тадбирлар ўрин олганини билдирган.
"Кўзланган асосий мақсад Россия халқлари ва Евроосиё мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро талабалар ҳамжамиятининг ишбилармонлик ва ижодий алоқаларини кенгайтиришдан иборат", - деб хабар беради Россия халқаро сиёсат миллий департаменти матбуот хизмати.
Рус нашрларида фестивал ўзбек диаспораси вакилларининг ҳам қатнашиши ва миллатлараро муносабатлар соҳаси мутахассисларининг чиқишлари кўзда тутилгани маълум қилинган.
Москвада "Биз - россияликмиз" фестивали Россиянинг Украинага босқини ва урушга қисман сафарбарлик эълон қилинган бир вазият манзарасида ўтказилмоқда.
Ўзбеклар қаерга саёҳат қилишади?
Ўзбекистонликлар саёҳат учун кўпроқ қайси давлатларга боришмоқда?
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ўзбекистонликларнинг туризм мақсадида 2022 йилнинг январь—август ойларидаги ҳаракатлари кўрсаткичларини эълон қилди.
Маълумотга кўра, ўзбекистонликлар айланиш учун энг кўп МДҲ мамлакатларига (2 888,6 минг нафар) боришган.
Статистикада айнан қайси давлатларга неча одам борганлиги келтирилмаган.
Ўзбекларнинг тез-тез саёҳатга борадиган давлатлари қаторида - Туркия (206,8 минг нафар), Бирлашган Араб Амирлиги (73,7 минг нафар) ва Саудия Арабистони (50,2 минг нафар) келтирилган.
Шунингдек, қўмита йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистонга 3 миллион нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда ташриф буюрганини маълум қилган.
Улар орасида энг кўп зиёратчилар Қозоғистон (922,7 минг нафар) Қирғизистон (821,9 минг нафар) ва Тожикистон — (814,5 минг нафар) фуқароларидир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek