Ўзбекистон: Қорақалпоғистонда қийноқлар қўлланилгани рад этилди, UzAirways учоқлари сотувга қўйилди ва йўлларда ҳалок бўлаётган болалар O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

  • Омбудсман офиси Gazeta.uz мақоласига раддия берди;
  • Россия Толибон даврида МОга афюн оқими сезиларли ошганини билдирди;
  • ЙТҲлардаги болалар ўлими сони Европага қараганда 4 баравар юқори;
  • UzAirways учоқларини сотиш жараёни бошланди;

"Gazeta" ёзди, Омбудсман офиси рад этди

Gazeta.uz нашрининг Омбудсман офиси хабарига асосланиб, июль бошида Қорақалпоғистонда ҳибсга олинганлар қийноққа солинган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги мақоласига раддия берилган.

17 август куни кечки томон нашр "Қорақалпоғистонда ҳибсга олинганлар қийноққа солинган бўлиши мумкинлиги ҳақида илк бор расман хабар берилди" номли мақола эълон қилган.

Мақола Омбудсман офисининг шу кундаги хабарида келтирилган маълумотларга асосланган.

Расмий хабарда Қорақалпоғистон воқеалари бўйича Парламент Комиссияси раиси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова июль намойишлари ортидан ҳибсга олинганларнинг адвокатлари билан учрашгани тўғрисида ёзилган.

"Қорақалпоғистондаги воқеа ва ҳолатлар бўйича олиб борилаётган тергов ҳаракатлари ҳақида адвокатларнинг фикрлари ўрганилди. Хусусан, тергов ҳибсхонасида ҳимояси остидаги шахслар билан учрашиш бўйича тўсқинлик қилиш, ушлаб турилган шахсларга яқин қариндошлари томонидан йўқловлар киритиш ҳолатлари, тергов ҳаракатлари давомида қийноққа йўл қўйиш ҳолатлари бўйича ҳимоя остидагилар хусусида маълумот олинди", дейилади 17 август куни эълон қилинган расмий хабарда.

Алоқадор мазвулар:

Gazeta.uz нашри ушбу маълумотга таяниб, "Феруза Эшматованинг офиси биринчи марта ҳибсга олинганлар қийноққа солинган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар бергани" ҳақида ёзган.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Омбудсман офиси нашрнинг ушбу хабарига раддия эълон қилиб, қийноқлар қўлланилгани эҳтимоли тўғрисидаги хабарни билвосита рад этган.

Омбудсман офиси "…адвокатлардан "Намойиш вақтида ушланган фуқароларни қийноққа солиш ҳолатлари кузатилдими?" деган саволга жавоб олинган. Чунки, ижтимоий тармоқларда шу мазмунидаги асосланмаган хабарлар тарқалган эди", дея ўзининг аввалги хабарига аниқлик киритган.

Бир вақтнинг ўзида расмий хабарда Комиссиянинг Қорақалпоғистондаги ўрганишлар давомида аниқлаган фактлари "фақатгина якуний хулосада акс этиши, унгача ошкор этилмаслиги" таъкидланган.

Шу куннинг ўзида Парламент Комиссияси аъзоси, депутат Алишер Қодиров ўзининг Telegram каналида "Қорақалпоғистонда ҳеч қандай репрессия ва босим йўқ"лигини ёзган.

Қодиров ўхшаш ҳолатлар бўйича тергов жараёнларининг узоқ вақт давом этиши "табиий" эканини таъкидлаган.

Шу билан бирга у Қорақалпоғистон ҳибсга олинган "мингдан ортиқ инсон айбсиз бўлгани учун эмас, яхши ният намойиши сифатида қўйиб юборилгани"ни қўшимча қилган.

"Қонунни бузган инсон, ер юзини исталган бурчагида тергов қилинади, айби бўлса жазоланади. Айби йўқлар қўйиб юборилади", дея ёзган депутат.

4 июль куни расмийлар Қорақалпоғистондаги намойишлар ортидан 516 инсон ҳибсга олингани, суриштирувлардан сўнг уларнинг айримлари қўйиб юборилганини маълум қилган эди.

Толибон ва афюн оқими

Толиблар ҳокимиятни эгаллаганидан буён "шимолий йўналиш" бўйлаб гиёҳванд моддаларнинг Марказий Осиёга оқими "сезиларли даражада" ошган.

Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига таяниб, РИА Новости хабар бермоқда.

2021 йилнинг 15 августида Кобулга кириб келган Толибон ўша йилнинг сентябрь ойида бутун мамлакат бўйлаб ўз назоратини ўрнатганини даъво қилган.

Ҳокимиятни эгаллаган илк кунларида ҳаракат раҳбарияти афюн етиштирилишига қарши қадамлар ташланишини эълон қилган.

"2022 йил 3 апрель куни янги ҳукумат кўкнор етиштириш, шунингдек, барча турдаги гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишга нисбатан тақиқ қўйилганини маълум қилди. Аммо ушбу тақиқ апрель ойининг иккинчи ярмига келиб мамлакат жанубида кўкнор ҳосилини йиғиб олиш ва мўлжалланган манзилларга жўнатишга тўсқинлик қила олмади. Бир вақтнинг ўзида "шимолий йўналиш" бўйлаб гиёҳванд моддалар оқими сезиларли ошгани кузатилмоқда", деган Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Янги хатар ва таҳдидлар масаласи бўйича департаменти директори Владимир Тарабрин РИА Новости нашрига.

Бироқ Тарабрин Марказий Осиёга афюн оқимининг ошаётганига оид рақамларни келтирмаган.

Бундан аввал БМТ 2021 йилда бутун дунё бўйича афюннинг 86 фоизи Афғонистонда етиштирилганини маълум қилган эди.

Россия томонининг ушбу хабарига ҳозирча Толибон ёки бирор бир Марказий Осиё давлати вакилининг муносабати кўзга ташланмайди.

ЙТҲлардаги ўлимлар

Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ўлим даражаси Европа мамлакатларига қараганда тўрт бараварга юқори.

ЙТҲларда олинган жароҳатлар эса 18 ёшгача бўлган болалар орасида ОИВ/ОИТС, сил ва ошқозон-ичак касалликларини бирлаштиргандан кўра кўпроқ ўлимга олиб келмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган "2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш бўйича Миллий Ҳаракатлар Стратегияси ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори лойиҳасида шундай маълумотлар келтирилган.

Қарор лойиҳасига берилган тушунтириш хатида, шунингдек, сўнгги 10 йил ичида қиз болалар ўртасидаги ўлим даражаси 23 фоизга ошгани, ўсмир болалар ўлимининг асосий сабаблари турли жароҳатлар бўлса, қизларда кўпроқ юқумли касалликлар ўлимга олиб келаётгани тилга олинган.

Қарор лойиҳасида, бундан ташқари, 10-18 ёшли ўсмирларнинг ўз жонига қасд қилиши бўйича мамлакат Марказий Осиёда энг юқори ўринларда қолаётгани, охирги 10 йил давомида ўсмир болаларнинг ўз жонига қасд қилиш оқибатидаги ўлим даражаси икки баравар, қизлар ўртасида эса уч баробарга ортгани ҳам таъкидланган.

Учоқлари сотилаётган UzAirways

Uzbekistan Airways компаниясига тегишли 18 та учоқ ва 1 симулятор сотувга қўйилган.

17 август куни Давлат активларини бошқариш агентлиги компаниянинг айрим учоқларини сотиш жараёнини ташкиллаштириш учун хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилган.

Хабарда UzAirways'нинг 16 та турли русумдаги самолётлари, иккита вертолёти ва битта учиш симулятори сотувга чиқарилганини кўриш мумкин.

Давактив учоқлар президентнинг 2021 йил 18 мартдаги "Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ сотувга қўйилганини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek