Ўзбекистон: Авжига чиққан автомобиль савдоси, Россияга таклиф этилган Равшан Эрматов ва энди қудуқ қазиш тақиқланиши мумкин O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Автомобиль бозорида олди-сотди авж олгани хабар қилинди. Равшан Эрматов Россияга таклиф этилди. Қудуқ қазишга мораторий жорий этилиши мумкин. Ўзбекистон Бангладешда ўз элчихонасини очиши кутилмоқда. Наманганда тарихий ёдгорлик ҳудудида дача қурилгани аниқланди. Мамлакатда қанча талабалар ётоқхонаси қурилаётгани маълум қилинди.

Алоқадор мазвулар:

Автомобилларга талаб кескин ошган

2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда минилган автомобилларга бўлган талаб кескин ошгани кузатилган.

Мамлакат автомобиль бозоридаги ҳолатни таҳлил қилган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўтган олти ой давомида 712 мингта автотранспорт воситалари олди-сотдиси амалга оширилгани, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 баробар кўп эканини маълум қилган.

Билдирилишича, рўйхатга олинган автомобилларнинг 24 фоизи ёки 170 минг донаси янги транспорт воситалари бўлган бўлса, йил бошидан буён иккиламчи бозорда 542 минг дона автомобиль сотилган.

Автомобиль савдоларида энг юқори ўсиш суръатлари Наманган (3 баробар ёки +45,4 минг), Андижон (2,5 баробар ёки +32,2 минг), Бухоро (2,4 баробар ёки +24,7 минг), Сурхондарё (2,4 баробар ёки +23,9 минг) ва Фарғонада (2,4 баробар ёки +45,7 минг) қайд этилган.

Шунингдек, чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар олди-сотдиси ҳам ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга ортган - олти ой давомида бундай олди-сотди шартномалари сони 9,8 мингтани ташкил этган, дейилади марказ таҳлилида.

Россияга таклиф этилган Эрматов

Ўзбекистонлик таниқли футбол ҳаками Равшан Эрматов яқин вақт ичида Россия футбол иттифоқи қошидаги эксперт-ҳакамлик комиссиясининг доимий аъзосига айланиши мумкин.

Бу ҳақда Россия нашрлари хабар берган.

Ушбу хабарларга кўра, Россия футбол иттифоқи комиссия фаолиятида шаффофликни ошириш мақсадида бир қатор таниқли собиқ ҳакамлар билан музокаралар олиб бормоқда.

44 яшар ўзбекистонлик профессионал футбол ҳаками Жаҳон Чемпионати ўйинларини 11 марта бошқаргани ортидан рекорд ўрнатган.

Қудуқ қазишга мораторий

Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб ер остидан сув чиқариш учун қудуқ бурғилашга мораторий жорий этилиши мумкин.

1 август куни президентнинг "Ер ости чучук сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Қарор лойиҳасида сув сатҳи 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларда ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан сув тежовчи технологияларсиз ерларни суғоришни тақиқлаш кўзда тутилмоқда.

Қарор лойиҳасида мамлакат бўйлаб етти ҳудудда ерости сувлари сатҳи кўп йиллик ўртача меъёрдан 5 метр ва ундан ортиқ пасайиб, улар ресурслари камайиб кетиши кузатилаётгани ҳам тилга олинган.

Бангладешда элчихона

Ўзбекистоннинг Бангладешдаги дипломатик ваколатхонасини очиш масаласи муҳокама қилинди.

29 июль куни Дакка шаҳрида Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Бангладеш ташқи ишлар вазири Абул Қалам Абдул Момен билан учрашган.

Учрашувда томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий ва гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиққан.

Музокаралар ортидан "Ўзбекистон - Чабаҳар порти - Читагонг порти" йўналиши бўйича илк бор юкларни ташиб кўриш, шунингдек, "Uzbekistan Airways" АЖ ва "Biman Airlines" Бангладеш миллий авиаташувчиси ўртасида Тошкент - Деҳли — Дакка ва тескари йўналишда авиақатновни ташкил этиш бўйича код-шеринг (рейсларни ҳамкорликда эксплуатация қилиш) шартномасини тузишга келишилган.

Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг ўзаро ташрифлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқиш, шунингдек, ишбилармонлар учун виза режимини йэнгиллаштириш борасида консуллик хизматлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилган.

Шу билан бирга, пойтахт Даккада Ўзбекистон дипломатик ваколатхонасини очиш имконияти муҳокама қилинган.

"Рамзий маънода ушбу тадбирни мамлакатлар ўртасида икки томонлама муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаш таклифи билдирилди", дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида.

Дача қурилган тарихий ёдгорлик

Наманганнинг Янгиқўрғон туманида жойлашган Гаистонтепа археология ёдгорлиги ҳудуди фуқароларга дала ҳовли қуриш учун бериб юборилгани аниқланган.

Бу ҳақда хабар берган Бош прокуратура ва Маданий мерос агентлиги, оқибатда, тарихий объектга 80 миллиард сўм зарар етказилганини маълум қилган.

Хабарда масъул мансабдор шахслар ер майдонини ноқонуний бериб юбориши ортидан 2020-2021 йиллар давомида археология ёдгорлиги бузиб ташланиб, ўрнига уй-жой қурилгани тилга олинган.

60 та талабалар ётоқхонаси

Айни вақтда республика бўйлаб жами 30 890 ўринли 60 талабалар турар жойини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов маълум қилган.

Ибодовнинг билдиришича, 1 август ҳолатига кўра давлат хусусий шериклик асосида 20 800 ўринли талабалар ётоқхонаси қуриш бўйича 39 та лойиҳа устида иш олиб борилган

Йил давомида эса ДХШ асосида жами 18 800 ўринли 47 та талабалар ётоқхонасини қуриш белгиланган, деган Ибодов.

Масъул, ҳозирда, ДХШдан ташқари бўлган ётоқхоналар қурилиши лойиҳалари доирасида жами 10 090 ўринли 21 та ётоқхона қурилаётганини тилга олган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek