You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги бузғунчи кучлар ва халқаро озиқ-овқат инқирози ҳақида нима деди? Dunyo Yangiliklar
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги ғалаёнларни эслай туриб, «бузғунчи кучлар»га ишора қилди, аммо бу айнан қандай кучлар ё ким томонидан бошқарилишига тўхталмади.
Алоқадор мавзулар:
«Афсуски, Ўзбекистонда яқинда рўй берган фожиали воқеалар бизнинг режаларимизни бузишга, минтақамизда беқарор вазиятни вужудга келтиришга уринаётган бузғунчи кучлар мавжуд эканини яна бир бор тасдиқлади», - деб айтди Ўзбекистон раҳбари.
Президент Мирзиёев бу ҳақида Қирғизистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида гапирган.
У, шунингдек, минтақадаги анъанавий хавфлар ҳақида сўзлай туриб, уларнинг интернет орқали кириб келаётганини айтди.
«…экстремизм ва терроризм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафик каби анъанавий таҳдидларга қарши курашда амалий ҳамкорлигимизни бундан буён ҳам кучайтириб боришимиз зарур. Кўлами тобора ортиб бораётган Интернетдаги ноқонуний фаолият билан боғлиқ янги хавф-хатарлар алоҳида эътибор қаратишимизни тақозо этмоқда. Бугун ушбу таҳдидлар йўлида ҳеч қандай чегара йўқ - улар мобиль телефонлар орқали кириб келмоқда», - деди президент.
Ўзбекистон раҳбари ушбу йўналишларда минтақа мамлакатларининг хавфсизлик кенгашлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Хавфсизлик ҳақидаги фикрларини давом эттирар экан, Президент Мирзиёев Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлашга ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалаларида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш энг муҳим устувор йўналиш бўлиб қолиши кераклигини айтди.
Ўзбекистон раҳбари ҳозирда дунёда юзага келган озиқ-овқат тақчиллиги муаммоларига қарши бирга курашишга чақирди.
«Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳолатлар кучайиб бораётгани натижасида мамлакатларимиз анъанавий логистика занжирлари узилиши билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда, инфляциянинг импорти ортмоқда, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигига нисбатан хавф-хатарлар бир неча бор кўпаймоқда», - деди у.
Аммо, унинг айтишича, ижобий ўсиш суръатларига қарамасдан, Марказий Осиё мамлакатларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти тўлиқ ишга солинмасдан қолмоқда.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.