Ўзбекистон АҚШ рўйхатига тушди, Қозоғистонга автомобиль йўли очилди ва Абе хотирасига ҳурмат келтирган вазир ким? – O'zbekiston Yangiliklar

  • АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистонни махсус рўйхатда тилга олди;
  • Вазир Абе хотирасига ҳурмат бажо келтирди;
  • Қозоғистон автомобиль ўтказиш пунктларини очди;
  • Мирзиёев давлат хизматчилари сонини оптималлаштириш ҳақида гапирди;
  • 55 ўзбекистонлик Россия вақтинчалик сақлаш марказларидан олиб келинди;

АҚШ рўйхати

АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистонни санкцияга учраган товарлар Россия ва Беларусга етказиб берилиши мумкин бўлган эҳтимолий транзит давлатлар рўйхатига киритган.

Рўйхатда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия каби давлатлар ҳам ўрин олган.

АҚШ Молия вазирлигининг Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи (FinCEN) ҳамда Саноат ва хавфсизлик бюроси (BIS) қўшма огоҳлантириш хати тайёрлаб, молия институтларини Украинага босқин ортидан Россияга нисбатан жорий қилинган экспорт назоратини четлаб ўтиши мумкин бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳаракатларидан хушёр бўлишга чақирган.

Қўшма хатда учоқлар эҳтиёт қисмлари, антенналар, GPS тизимлари, сувости алоқа тизимлари, сонар тизимлари, вакуум насослар кабилар алал-оқибат Россия ва Беларуснинг ҳарбий ҳамда мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлида ишлатилиши эҳтимоли туфайли "алоҳида ташвиш туғдирадиган" товарлар сирасига киритилгани билдирилган.

Вазирлик бундай "хавотирли" товарлар айрим ҳудудлар орқали Россия ва Беларусга кириб бораётгани ва бу ҳудудлар Ўзбекистон дохил 20 га яқин давлатларни ўз ичига олишини таъкидлаган.

Бир вақтнинг ўзида қўшма хатда, айрим ҳолларда, АҚШ экспорт назоратидаги товарлар хомашё ва бутловчи қисмлар кўринишида тилга олинган мамлакатларга қонуний тарзда кириб боришини билдирганча, тайёр маҳсулот ва бошқа товарларни Россия ёки Беларусга етказиб бериш тақиққа олиниши мумкинлигини эслатиб ўтган.

Алоқадор мазвулар:

Абе хотирасига ҳурмат

Турим ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Синдзо Абе хотирасига ҳурмат келтирган.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги Япониянинг собиқ ва, эндиликда, марҳум Бош вазири бўлмиш Абе икки мамлакат муносабатларининг мустаҳкам пойдеворга эга бўлишда катта хизмат қилганини таъкидлаган.

Шу тариқа, Абдуҳакимов Абе хотирасига очиқ ҳурмат бажо келтирган илк ўзбекистонлик расмийлардан бирига айланган.

Эслатма ўрнида, Япония тарихида энг кўп Бош вазирлик қилган 67 яшар Синдзо Абе 8 июль куни суиқасд қурбонига айланган эди.

Ўзбекистонга очилган йўл

Қозоғистон ҳукумати 12 июлдан бошлаб Ўзбекистон билан чегарадаги иккита автомобиль ўтказиш пункти фаолиятини тиклашга қарор қилган.

Шу тариқа, Қозоғистон томондан "Целинний" ва "Сирдарё" ҳамда Ўзбекистон тарафидан, мос равишда, "Оқ олтин" ва "Малик" постлари фаолияти қайта тикланмоқда.

Бир вақтнинг ўзида Қозоғистон Россия билан чегарадаги 10 та автомобиль ўтказиш пунктларини ҳам очган.

Ушбу йўллар ковид тарқалиши хавфи ортидан ёпиб қўйилган эди.

Ислоҳотлар натижалари

Шавкат Мирзиёев давлат хизматчилари сонини оптималлаштириш, маҳаллий бюджетларни тўғри йўналтириш зарурлиги ҳақида гапирган.

Президент 11 июль куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳудудлардаги натижадорлиги таҳлили бўйича йиғилиш ўтказган.

Йиғилиш тафсилотларидан хабар берган президент матбуот хизмати охирги 3 йилда барча ҳудудлар, соҳа ва тармоқларни ривожлантиришга доир 400 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинганини тилга олиб, ижтимоий фикр ўрганилганда, аҳоли ислоҳотлар натижаларини, асосан, ижобий баҳолаётганини таъкидлаган.

"Шундай комплекс ўрганишлардан бири яқинда Самарқанд вилояти мисолида ўтказилди. Сўровда қатнашганларнинг кўпчилиги ҳоким ёрдамчиларининг фаоллигини, таълим, соғлиқни сақлаш, интернет, жамоат транспорти соҳаларидаги силжишларни юқори баҳолаган", дейилади расмий хабарда.

Шунингдек, президент йиғилишида жойларда ер ва сувдан самарали фойдаланиш, электр, газ ва ичимлик суви етказиб бериш, ер ажратиш каби масалаларда камчиликлар мавжудлиги қайд этилган.

Йиғилишда давлат хизматчилари сонини оптималлаштириш, маҳаллий бюджетларни тўғри йўналтириш зарурлиги айтилган, қишлоқ хўжалигида ерга узоқ муддатли кафолат бериш, давлат аралашувини камайтириш, молия хизматларини яхшилаш талаб этилаётгани тилга олинган.

Хориждан қайтган мигрантлар

2022 йилнинг ўтган олти ойи давомида 427 нафар қийин аҳволга тушиб қолган меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга қайтарилган, хориждан қайтган икки юз мингдан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги йил бошидан бери амалга оширилган ишлар сарҳисобини бўлишган.

Маълум қилинишича, ўтган олти ойга яқин вақт давомида хориждан қайтган 369 минг 566 нафар фуқаронинг 262 минг 147 нафари бандлиги таъминланган, шу жумладан 56 мингдан ортиғига меҳнат органлари томонидан бандлик хизматлари кўрсатиш орқали иш билан банд қилинган, 9 минг 80 нафари касб ва тадбиркорликка ўқитилган.

Шунингдек, 43 та ўзбек диаспораси ва 2 та ватандош билан ҳамкорлик келишувлари имзоланган.

55 нафар ўзбекистонлик Россия ИИВнинг вақтинчалик сақлаш марказларидан ватанга олиб келинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek