Эксклюзив, Қорақалпоғистон: Би-би-си мухбири Нукусда нималарга гувоҳ бўлди? Video O'zbekiston Qoraqalpog'iston Nukus

    • Author, Аваз Тоҳиров
    • Role, ББС, Нукус-Тошкент
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Би-би-си мухбири Нукусга бориш, у ердаги бугунги вазият билан бевосита танишишга муваффақ бўлди.

Алоқадор мазвулар:

1-2 июлдаги оммавий норозилик намойишлари ортидан Нукус матбуот вакиллари учун илк бор очиб берилди:

6 июль куни бир гуруҳ хорижий ва маҳаллий нашрлар журналистлари шаҳардаги вазият билан атрофлича танишдилар.

Бунга қадар Қорақалпоғистон пойтахтига фақат айрим маҳаллий нашрлар вакиллари киритилган эди, холос.

Бутун республика бўйлаб ўчириб қўйилган интернетнинг мақола эълон қилинган вақтга қадар ёқилмагани ва у ердан келаётган ахборотнинг жуда чеклангани турли хавотирларга сабаб бўлиб келаётган эди.

Тинч, сокин, ваҳимали

5 июль куни кечга томон Нукусга етиб борган Би-би-си мухбири шаҳарда вазият тинч экани, аммо кўчаларда одамлар ва машиналар камлигини кўрди.

3 июлдан 2 августгача Қорақалпоғистон бўйлаб жорий этилган фавқулодда ҳолат режими доирасида соат 21:00 дан 07:00 га қадар ҳаракат чекланган.

Бироқ ҳали қош қораймаган бўлсада, бир неча кун аввал кенг кўламли норозилик намойишлари билан халқаро матбуот сарлавҳаларига чиққан Нукус кўчаларида кимса кўринмас эди.

Деярли бўшаб қолган кўчалар Нукусни қарийб "арвоҳ-шаҳар"га айлантириб қўйгандек эди гўё ва манзара ваҳимали туюлар эди.

Бироқ эртаси куни бу ваҳимали манзарага жон киргандек бўлди: кўчаларда одамлар ва машиналар сони кўпайгани сезилди.

Ёнган техника, блокпост ва қизил сув

Қорақалпоғистон расмийлари шаҳардаги бор назорат, ҳозирда, ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қўлида экани, шу сабабдан журналистлик фаолияти билан эркин шуғулланишни кафолатлай олмасликларидан огоҳлантирдилар.

6 июль куни эса Тошкентдан махсус рейс билан бир гуруҳ журналистлар Нукусга олиб келинди.

Республика ҳукумати расмийлари ва жамоат тартибини сақлашга масъул органлар вакиллари журналистларни шаҳар бўйлаб айлантира бошладилар.

Кундузи шаҳардаги ҳаракат эркин кечаётгани, одатий ҳаёт қарийб изига қайтиб бўлгани янада равшанлашди.

Одамлар яна ўз турмуш ташвишларига шўнғиб кетган, бозорлар, дўконлар қайта иш бошлаган эди.

Бироқ шаҳарга кириш-чиқиш жойлари ва ҳукумат бинолари жойлашган кварталнинг блокпостлар билан тўсиб қўйилгани шаҳарда атиги бир неча кун муқаддам юз берган ҳодисаларни ёдга солиб турар эди.

Шаҳар бўйлаб бирозга чўзилган машинадаги сайрдан сўнг журналистлар Миллий гвардия биносига олиб келинди.

Бу ерда матбуот вакилларига ҳукумат талқинидаги воқеалар хронологияси ҳақида сўзлаб берилди, давом этаётган фавқулодда ҳолат режими тўғрисида кенгроқ тушунтирилди ва берилган саволларга жавоб қайтарилди.

Расмийлар воқеалар бу даражада тез ривожланиб кетишида ташқи кучларнинг аралашуви бўлганига урғу бериб гапирдилар.

"Намойишларни ташкил этганлар ким экани бизларга қоронғи. Лекин билганим шуки, бу шахслар Қорақалпоғистонда туғилиб, четга ишлагани кетиб, у ердаги тарбияни олиб, кейин бу ерга қайтиб келган", деган эди Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, сенатор Абат Данияров бир кун аввал Би-би-си билан суҳбатда.

Миллий гвардия биносидаги брифингдан сўнг журналистларга норозилик намойишлари пайтида шикаст етказилган автобуслар ва ёндириб юборилган юк машиналари кўрсатилди.

Шу билан бирга намойишлар вақтида олинган айрим видеоларнинг ижтимоий тармоқда муҳокама қилинган жиҳатлари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Хусусан, шундай видеоларнинг бирида кўчанинг қизил рангли сувга булғаниб ётгани ижтимоий тармоқда "қон" дея талқин қилинган эди.

"Аслида оломонни тарқатиш ва намойишларда иштирок этганларни ажратиб олиш мақсадида водомётлардан қизил краска қўшилган сув сепилган", изоҳлади Қорақалпоғистон бўйича Миллий гвардия бошқарма бошлиғининг ўринбосари Абдижан Абдувалиев.

Расмий маълумотда ҳалок бўлгани айтилган 14 фуқаронинг ўлимига жанговар қуроллар эмас, балки намойишчиларни тарқатиш учун отилган кўзни ёшлантирувчи гранаталарга нисбатан эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлингани каби ҳолатлар сабаб бўлгани айтилди.

Ўралган ҳукумат квартали

Расмийлар журналистларни нафақат шаҳарнинг ичи, балки ташқарисидаги вазият билан таништирдилар.

Шаҳарга кириш жойларида блокпостлар ўрнатилган, зобитлар ҳар бир машинани кўздан кечириб, ҳужжатларни текшираётган эди.

Шаҳар ичкарида эса фақат Жўқорғи Кенгес, Вазирлар Кенгаши каби ҳукумат бинолари жойлашган квартал ҳамма томондан блокпостлар билан ўраб олинган, ҳар бир кириш жойини ҳам жанговар, ҳам махсус қурол-аслаҳалар билан қуролланган зобитлар қўриқлаб турар эди.

Зобитлар журналистлар билан очиқ суҳбатлашиб, агар вазият жиддийлашса, имкон қадар жанговар қуролларни ишга солмаслик, инсон ҳаётига зиён етказмаслик ҳақида буйруқ олганлари ҳақида гапириб бердилар.

Хулоса қилиб айтганда, Нукусда одатий ҳаётнинг ўз ўрнига деярли қайтиб бўлгани, шаҳарда хавотирга арзирли вазият ҳукм сурмаётгани маълум бўлди.

Аммо минглаб одамларнинг норозилик билдириб, кўчага чиқиб кетишига ундаган сабаблар қанчалик таҳлил қилинмоқда, нега ҳукумат 1 июлга қадар кучайиб келаётган норозилик кайфиятини юмшатишга уринмади, одамларни ғазабга минишига туртки берган қарорлар муаллифлари Қорақалпоғистон эмас, Ўзбекистондан ҳам изланмоқдами, деган саволлар ҳамон очиқ қолмоқда.

Бир вақтнинг ўзида эса норозилигини кўчага чиқиб билдирган маҳаллий аҳоли фикрини тинглаш зарурияти ҳам долзарблигича қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek