You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Қорақалпоғистонда интернет нега ўчирилган ва судда Алламжоновдан ким узр сўради? Янгиликлар O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar
- ТИВ Қорақалпоғистонда интернет ўчирилиб қўйилгани сабабини айтди;
- Алламжонов судда ютиб чиққанини маълум қилди;
- Нукусдан Москвага учоқлар энди Урганчдан учади;
- Бухородаги етти обида халқаро рўйхатга олинди;
Ёнмаган интернет
Ўзбекистон ТИВ Қорақалпоғистон ҳудуди бўйлаб интернет ўчириб қўйилгани сабабини маълум қилган.
Тахмин қилинганидек, бу 1-2 июль кунлари республикада юз берган воқеалар билан боғлиқ.
"Душман кайфиятдаги кучлар популистик шиорларни ниқоб қилиб олган ҳолда, уяли алоқа ва Интернет орқали сохта янгиликларни тарқатиб, фуқароларни аксилконституциявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга уриндилар.
Бу Интернет алоқасини вақтинча чеклаш чораларини кўришга мажбур қилди", дейилади ТИВ баёнотида.
Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, интернет ўчириб қўйилиши юзасидан "мустақил овозларни ёпиш ва ахборот оқимини тўсиш" қабилидаги тахминларни "асоссиз" дея атаган.
Бироқ вазирлик одатий ҳаёт изига қайтган ва вазият анчайин барқарорлашган Қорақалпоғистонда нега ҳануз интернет чекланганича қолаётганига изоҳ бермаган.
Эслатма ўрнида, Қорақалпоғистонда норозилик кайфияти кучайиши ортидан 27 июндан бошлаб интернет қисман, 1 июлдан сўнг буткул ўчириб қўйилгани ҳақида хабарлар берилган эди.
Алоқадор мазвулар:
- Мирзиёев Қорақалпоғистон воқеаларида четдаги кучларни айблади, куч тузилмалари ҳаддидан ошган бўлса жавобгарликка тортилади
- Ўзбекистонга снарядни ким отди? Мирзиёев Путин билан нимани гаплашди? Ҳайит намози ўқиладими? Доллар ошди, мигрантлар муштлашди. Дайжест. Видео
- Қорақалпоғистон воқеалари: Мустақил текширувга оид даъватлар кучаймоқда, АҚШ Ўзбекистон ҳудудий яхлитлигини дастаклайди - Видео
Узр билан тугаган суд
Узметроном нашри асосчиси Сергей Ежков судда Комил Алламжоновдан узр сўраган.
Бу ҳақда Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Алламжоновнинг ўзи ижтимоий тармоқда маълум қилган.
Апрель ойида Алламжонов Узметроном'да "Бриллиантовый мальчик" номли мақола нашр этилиши ортидан сайт асосчиси Ежков устидан судга арз қилганини хабар қилган эди.
Ушбу мақолада Алламжоновнинг қиймати $4 миллиондан зиёд бўлган қимматбаҳо тақинчоқларни Ўзбекистонга ноқонуний йўл билан олиб киришда иштирок этгани иддао қилинган.
Комил Алламжоновнинг ёзишича, 6 июль куни Тошкент шаҳрида ўтган суд мажлисида Сергей Ежков хато иш қилганини тан олиб, ундан узр сўрагани ортидан ўз аризасини қайтиб олишга қарор қилган.
"Чунки менинг мақсадим Сергей Ежковни жазолаш эмас, унинг ноҳақ эканлигини исботлаш эди. У буни тан олди. Материални текширмай берганини айтди. Менга шу етади.
Бир нарсани унутмаслик керак. Сўз эркинлиги бу масъулият, яъни, ҳар бир гапга жавоб бериш дегани. Ва ҳар қандай баҳсли ҳолатлар ўзаро келишув ёки суд орқали бўлиши керак. Ишонинг бу подвалдаги сўроқлардан, турли ноқонуний чақирув ва қўнғироқлардан минг марта тўғри ва таъсирлироқ. Барча демократик жамиятларда айнан шундай", деб ёзган Алламжонов ўзининг Facebook саҳифасида.
Москвага Урганчдан
5 июлдан бошлаб Нукус-Москва-Нукус авиарейси Урганч халқаро аэропортидан амалга оширилади.
Uzbekistan Airways ушбу тартиб 29 июлга қадар сақланиб қолиниши, аммо рейслар вақти ўзгармаганини маълум қилган.
Шунингдек, Нукусдан Ақтау шаҳрига авиапарвозлар вақтига ҳам ўзгартириш киритилган - Нукусдан парвоз эрталабки соат 10:20 га кўчирилган.
Бундан аввалроқ, Нукусга бўлган маҳаллий рейслар вақти ҳам ўзгартирилган эди.
Ислом олами маданий мероси
Бухорода жойлашган 7 та маданий мерос объектлари Ислом олами маданий мероси рўйхатига олинган.
Маданий мерос агентлиги 3-6 июль кунлари Марокаш қироллиги пойтахти Работ шаҳрида ICESCO ислом оламининг 10-сессияси бўлиб ўтганини хабар қилмоқда.
Сессияда Бухородаги Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Аттор масжиди, Пойи калон ансамбли, қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасаси Ислом олами маданий мероси рўйхатига олинган.
Бу ҳақдаги тегишли сертификатларни ICESCO Бош директори Салим Ал Малик топширган.
"Юртимиз тарихига оид обидаларнинг ICESCO рўйхатига олиниши бой маданий меросимизни бутун дунёга тарғиб этишда, хусусан, Ислом оламида маданиятимиз янада танилишида катта аҳамият касб этади. Ўзбекистон ҳудуди тарихан Ислом ривожига катта ҳисса қўшган ўлка ҳисобланади", дейилади Маданий мерос агентлиги хабарида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek