You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбеклар қаерга борса носвойини ўзи билан олиб бораяптими? - Ўзбекистон, ўзбеклар ва дунё (video)
Ўзбекистон носвой истеъмол қилиш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи ўринда туради.
Ўзбеклар уни ўзлари билан бошқа давлатларга ҳам олиб кетишмоқда.
Аммо ҳамма жойда ҳам ўзбек носи яхши "қаршиланмайди".
Носвой тутунсиз тамаки ҳисобланади.
Носвой қаерларда тақиқланган?
Россия, Белорус, Қозоғистон, Туркманистонда нос ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланган. Бу давлатлар чегараларини кесиб ўтишда ёнидан нос топилган йўловчилар деярли жиноятчига тенглаштирилади.
- Россия полицияси Москвада сотиш учун олиб келинган 3 тоннага яқин носвойни олиб мусодара қилди. Қонунбузарнинг шахси аниқланди, уни йирик миқдордаги жарима кутмоқда - хабар берди ИИВ матбуот хизмати.
Аксар ҳолларда Россия ва Қозоғистон чегараларида қўлга тушган яширин нос олиб ўтиб сотувчилари ИИВ сайтлари ва телеканаллар гиёҳвандлик моддаси билан қўлга олинган сингари сазойи қилинади.
Фақат айрим МДҲ мамлакатларида эмас, Австралия, Сингапур, Баҳрайн, Бутан, Бирлашган Танзания Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Европа Иттифоқининг Швециядан ташқари барча мамлакатларида тутунсиз тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқлаган.
Алоқадор мавзулар:
"Ўзим чекмайман, сифатини чекувчилар айтади"
Ўзбекистонликлар энг кўп меҳнат муҳожирлигига чиқаётган мамлакатлардан бири Туркияда эса, ўзбек носи очиқ савдода.
- Андижон, Самарқанд, Жиззахдан келтирилади, - дейди турк нос сотувчиси.
Унинг харидорлари асосан, ўзбекистонликлар ва афғонлар экан. Носвойнинг нархи сигарета ва бошқа тамаки маҳсулотларига нисбатан бир неча баробар арзонлиги билан ҳам кашандаларга қулайлигини айтади.
- Ўзим нос ҳам, сигарет ҳам чекмайман. Носни қайси яхши, қайси унчалик яхшимаслигини олиб келувчилар ўзлари айтишади. Нарх қўйганда ҳам шунга қараб қўйилади. Қандай тайёрланишини ҳам гапириб беришган, биламан, чекмайман - дейди сотувчи.
Ҳар тўртдан бир ўзбекистонлик эркак нос чекади
Ўзбеклар билан бирга дунёнинг турли мамлакатларига тарқалиб бораётган носвойнинг қўлланилиши Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти томонидан юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омиллари сифатида ўрганилган.
Тадқиқот натижасига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 12 фоизи, эркакларнинг 23,2 фоизи, яъни ҳар тўрттадан биттаси, аёлларнинг 0,2 фоизи носвой истеъмол қилади. Тамаки истеъмолчиларининг 90 эса фоизи носвой истеъмол қилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, таркибида тамаки бўлган ҳар қандай маҳсулот соғлиқ учун хавфли.
Ўзбекистонда тутунсиз тамаки истеъмол қилувчи 1,7 миллион кишининг 860 мингдан ортиғи носвой истеъмол қилиниши туфайли бевақт оламдан ўтади.
"Носни тақиқлаш катта норозилик туғдиради"
Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги носвой тайёрлаш ва сотишни тақиқлашни таклиф этган.
Бу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам муҳокама қилинганди.
Депутат Мақсуда Ворисова эса носвойни тақиқлашга секин-асталик билан ўтиш кераклигини, акс ҳолда аҳолида норозилик кайфияти бўлиши мумкинлигини айтган.
"Носвойни тақиқлашимиз керак, лекин носвойни тақиқлаш жамиятда жуда катта норозиликни туғдиради. Лекин биз носвой тайёрлаш, унинг реализациясини тартибга солмасак, бу нарса тўхтаб қолмайди. Реал ҳаётда қарашимиз керак-ку. Носвой ҳозир катта миқдорда истеъмолда турибди, бу факт. Лекин биз шуни аста-секинлик билан тартибга солишга ҳаракат қиляпмиз. Носвой борлигидан, халқимиз уни истеъмол қилёатганидан кўз юмсак, ҳаёт ўзгариб қолмайди. Факт ўзгариб қолмайди-ку. Биз буни тартибга солмоқчимиз», - деди депутат Мақсуда Ворисова.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.