Ўзбекистон: Рекламалар давлат тилида тарқатилиши белгилаб қўйилади ва ўзбекистонликларнинг қанчаси ишсиз? O'zbekiston yangiliklar

  • Молдовадаги ўзбекистонликлар ҳам эвакуация қилинади;
  • Сенаторлар янги таҳрирдаги "Реклама тўғрисида"ги қонунни кўриб чиқди;
  • Қашқадарёда бош шифокор 500 минг пора билан қўлга тушгани айтилмоқда;
  • Меҳнат вазирлиги бандликка оид рақамларни эълон қилди;
  • Сурхондарёда Улуғбек даврига оид тангалар топилди;

Молдовадан эвакуация

Ўзбекистон 8 мартга қадар Украинанинг уруш бўлаётган ҳудудларидан 4,787 фуқаросини Польша орқали қайтариб олиб келган.

28 февралдан 8 мартга қадар 21 та эвакуация рейси ташкил этилган.

8 март куни яна иккита рейс амалга оширилиши режалаштирилган, дейилади ТИВ хабарида.

Шунингдек, Ўзбекистон Молдова ҳудудига қочиб ўтган фуқароларини олиб чиқиш масаласи устида ҳам иш бошлангани маълум қилинган.

Алоқадор мавзулар:

Давлат тилидаги рекламалар

Мамлакат ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши тартиби белгилаб қўйилмоқда, рекламага қўйиладиган талаблар кучайтирилмоқда.

7 март куни Сенат қўмитаси янги таҳрирдаги "Реклама тўғрисида"ги қонунни кўриб чиққан.

Қонунга киритилаётган янги нормаларга кўра, тегишли мукофот фондисиз рағбатлантирувчи реклама акцияларини ўтказиш, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланмоқда.

"Бундан ташқари телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати учун йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас.

Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди", дейилади Сенат хабарида.

500 минг сўм пора

Қашқадарё вилоятида бош шифокор 500 минг, туман агроинспекция инспектори эса 3 миллион сўм пора билан қўлга тушгани айтилмоқда.

Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборотига таяниб, Daryo.uz хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош шифокори маҳкумга касаллик варақаси очиб, уни бир ой манзил колонияга юбормай диспансерда олиб қолиши эвазига 500 минг сўм пора олаётганда ушланган.

"Ўзагроинспекция"нинг Нишон туман бўлими катта инспектори ҳам фуқародан унинг трактори учун техник ҳужжат расмийлаштириб бериши эвазига аввалроқ талаб қилинган уч миллион сўмнинг қолган икки миллион сўмини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олингани айтилган.

Қарийб 10 фоизлик ишсизлик

Ўзбекистонда 2022 йил 1 январь ҳолатида ишсизлик даражаси 9,6 фоизни ташкил этган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 0,2 фоизга ортган.

Вазирликнинг билдиришича, 1 январь ҳолатида ишга лаёқатлилар сони 19,3 миллионни ташкил этган.

"Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1,4 миллион кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,6 фоизни ташкил этди. 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси — 15,1 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса — 13,3 фоиз бўлди", дейилади вазирлик хабарида.

Қадимий тангалар

Сурхондарёдаги Тўпаланг дарёси қирғоғидан Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврига оид мис тангалар топилган.

АОКАнинг вилоятдаги ҳудудий бошқармаси маҳаллий фуқаролар дарё қирғоғидан жуда кўп мис тангалар топиб олганини хабар қилган.

"Олимлар мазкур ашёлар ҳозиргача ватанимиз ҳудудидан топилган Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида зарб эттирилган пул тангаларининг энг катта ва яхши сақланган хазинаси эканлигини таъкидлашмоқда.

Қадимий тангаларнинг бир томонида олти қиррали юлдуз ва олти япроқли гул зарб қилинган бўлиб, бу ҳукмдорнинг буюк астроном ва математиклиги туфайли киритилган белгилардир. Шунингдек, тангаларнинг реверсида, яъни бет тарафида "Самарқанд", "Адлийя" сўзлари, ҳижрий 823 (1420 йил), 832 (1428 йил) каби зарб қилинган йиллари акс этган", дейилади бошқарма хабарида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek