Лукашенко ва Толибон Ўзбекистонни огоҳлантирди. Мирзиёев ҳар қандай таҳдидга муносиб зарба беришга қодир эканликларини айтди Qozog‘iston O'zbekiston Rossiya namoyishlar yangiliklar -видео

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳам бўлади. Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши Қозоғистондаги воқеалар, Ўзбекистонга қарши янграган кетма-кет огоҳлантиришлар ортидан бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти бугун ҳам "фақат ўз кучларига ишонишлари"ни айтди.

Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мукофотларни топшириш маросимида яна нутқ сўзлади.

Президент Мирзиёев, "дунёда ва минтақада бўлаётган таҳликали воқеаларни чуқур таҳлил қилиб, халқнинг тинчлиги, чегаралари дахлсизлиги бўйича қўшимча чоралар кўришлари"ни ҳам маълум қилди.

Сўров ва таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Қозоғистон тинчидими, Элбоши қаерда ва Тоқаев нега Назарбоевни танқид қилди

Хавфсизлик Кенгаши йиғини

Шахсан ўзи раислигида кеча, 13 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон президенти "айрим давлат раҳбарлари"нинг сўзларига муносабат билдирди.

Уларнинг Ўзбекистон Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақидаги куни-кеча қилган баёнотларини "асоссиз", деб атади.

Аммо ўзи кўпликда тилга олган давлат раҳбарларидан аниқ ном тутмади.

Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги чиқиши манзарасида Ўзбекистондаги кўпчилик ўзининг эътиборини энг аввало Беларусь раҳбари Александр Лукашенкога қаратди.

Айнан Лукашенко КХШТнинг 10 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари онлайн йиғинида бу ҳақда тўхталиб ўтган.

Беларусь раҳбари ўз чиқишида Қозоғистонда содир бўлган воқеалардан биринчи навбатда Ўзбекистон сабоқ олиши кераклигини айтган.

"Чунки (Қозоғистондаги - таҳр.) тартибсизликлар ташкилотчилари унга кўз тикиб турганини таъкидлаган".

Александр Лукашенко Қозоғистондаги воқеалар ташқи омил мавжудлигини кўрсатаётганлигини даъво қилган.

У, "Қозоғистон халқи ва қолган Марказий Осиё давлатлари атрофидаги вазиятни бузиб юбормоқчи бўлганлар жуда кўп"лигини баён қиларкан, "яқинда Афғонистон ҳам бунга қўшилди", - деб айтган.

Беларусь раҳбари, "воқеалар кўрсатганидек, деган изоҳ билан яна, "Қозоғистон чегараларида кўплаб халқаро террорчилар тўпланганини" ҳам иддао қилган.

Александр Лукашенконинг Ўзбекистонни хосан тилга олиб гапириши Ўзбекистон жамоатчилигининг кескин норозилигига сабаб бўлган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги матбуот нашрларининг бош мавзусига айланган.

Кибер фазода баҳсу мунозараларни қизитган воқеълик экани кўрилган.

Айрим постларда Ўзбекистон бу хусусда Беларусга расман ўз норозилигини билдириши лозим эканига оид фикрлар ҳам бўй кўрсатган.

Бошқаларида расмий Тошкентнинг нега ҳануз жим эканига оид таажжуб ва тушунмовчиклар ҳам ўз ифодасини топганлигини кўриш мумкин бўлган.

Айримлар буни "Россиянинг Беларусь орқали Ўзбекистонни КХШТига қайтариш йўлидаги босими" сифатида ҳам талқин қилишган.

Ўзбекистон расман кузатувчи сифатида қабул қилинган 2020 йилнинг охирида ташкилотга раислик қилган Беларусь раҳбари уни, "тўлақонли аъзо бўлиш"га ҳам чақирган.

Ўзбекистон президентининг Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги сўзлари худди ана шундай бир манзарада янграган.

Ўз ўрнида, мамлакатдаги кўпчилик томонидан расмий Тошкентнинг Беларусга жавоби сифатида ҳам қабул қилинган.

Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида, "минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб бораётганликлари"ни таъкидлаган.

Ўзларининг, "ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун етарли куч ва салоҳиятга эга эканликлари"ни баён қилган.

Ўзбекистон минтақанинг энг йирик ва халқаро рейтингларда армияси энг жанговари, деб эътироф этилувчи давлати бўлади.

Ўзбекистон кирмайдиган КХШТига етакчилик қилувчи Россия президентининг матбуот котиби эса, Кремль Лукашенконинг Ўзбекистонни огоҳлантиргани мавзусига аралашмаслигини билдирган.

Дмитрий Песков бу масалани Минск ва Тошкент ўзаро муҳокама қилиб олишлари кераклигини айтган.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига жорий пайтда Арманистон раислик қилади.

Кеча, 13 январь куни Шавкат Мирзиёев Путин билан телефон орқали мулоқот ҳам қилган.

Икки давлат раҳбарларининг стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари баробарида Қозоғистонда рўй берган воқеалар контекстида Марказий Осиёдаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашиб олишгани расман хабар берилган.

Қозоғистон ва "террорчи кучлар"

Қозоғистон президенти сўнггига келиб, мамлакатидаги зўравон тўқнашувларга айланиб кетган оммавий намойишларни устма-уст "террорчилик ҳужуми"га нисбат беришга ўтган.

Уларнинг ташқаридан туриб режалангани ва амалга оширилганини даъво қилган.

"Ташқи тажовуз" сабаби билан КХШТнинг ҳарбийларини Қозоғистонга ҳам чақирган.

КХШТнинг айнан Лукашенко Ўзбекистон ҳақида гапирган навбатдан ташқари онлайн йиғинида мамлакатидаги тартибсизликларда Афғонистон ва Яқин шарқлик жангарилар ҳам иштирок этишганини таъкидлаган.

Илк бор бир давлатдан ном тутган.

Аммо худди шу йиғин чоғида тез орада бутун дунёга бунинг исботини тақдим этишини айтган эса-да, Тоқаев ҳали-ҳануз ўз сўзларига бирор бир далил келтирмаган.

Афғонистонлик жангарилар деркан, бирор бир гуруҳнинг номини ҳам алоҳида тилга олмаган.

Афғонистон жорий пайтда Толибон ҳаракати назорати остида, Исломий Амирлик саналади.

Қозоғистон президентининг айни мазмундаги иддаоларига Толибон Афғонистонининг муваққат ҳукумати ҳам ҳалича ўзининг расмий муносабатини билдирмаган.

Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Аммо ҳаракат расмий Вашингтон билан 2020 йилда эришилган "тарихий" битимга мувофиқ, бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан учинчи бир давлатга ҳужум қилишига йўл қўймаслик масъулиятини ўз зиммасига олган.

Толибон бунга амал қилажагини такрорий равишда расман ва ошкора баён қилиб келади.

Бошқа томондан, худди шу келишув доирасида ўтган йил 31 августига қадар Афғонистонда қолаётган Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг сўнггиси ҳам мамлакатни тарк этган.

Ҳозир Афғонистонда бирор бир хориж аскари қолмаган.

Аммо Толибон муваққат ҳукуматини ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати расман қонуний, деб тан олмаган.

Қозоғистон ғарбида 2 январь куни суюлтирилган газ нархи оширилишига қарши бошланган намойишлар кейинчалик оммавий тус олган, сиёсий характер касб этган ва алал-оқибат зўравон тўқнашувларга айланиб кетганди.

Яна бир таҳдидми?

КХШТнинг навбатдан ташқари онлайн саммитидан кун ўтиб, 11 январь куни Толибон муваққат Мудофаа вазири Ўзбекистонни илк бор жиддий огоҳлантириб чиққан.

"Ҳафсалаларини пир қилмасдан, учоқларини яхшиликча қайтаришларини сўраган".

Акс ҳолда "бунинг оқибатларига юз тутишлари", "қўлларидаги бор имкониятлардан фойдаланиб, кучлари"ни кўрсатишларини айтган, аммо айнан нималарни назарда тутаётганини очиқламаган.

Толибоннинг муваққат Мудофаа вазири Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳамасосчиси ва илк лидери Мулла Муҳаммад Умар(ҳозирда марҳум - таҳр.)нинг ўғли бўлади.

Ўзининг сиёсий қанотига ҳам эга Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ бўлади.

Ўзбекистон ҳозирча Толибон муваққат Мудофаа вазирининг даъвати ва огоҳлантиришига расман муносабат билдирмаган.

Аммо Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган ва президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақадаги ҳар қандай таҳдидга муносиб жавоб қайтаришга қодир эканликларини айтган йиғилиши Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳиднинг ана шу огоҳлантиришидан ҳам қисқа вақт ўтмай бўлиб ўтган.

Ўзбекистон дунёнинг Толибон муваққат ҳукумати билан ҳозир ҳам фаол мулоқотда бўлган, уларни халқаро миқёсда яккалаб қўймасликка чақириб, Афғонистон билан алоқаларини узмай, ёрдамларини тўхтатмай келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Толибон ҳаракати ва унинг муваққат ҳукумати орада кечган вақт мобайнида расмий Тошкентни Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистон хавфсизлигига бирор бир таҳдид бўлмаслигига устма-уст ишонтириб келаётганди.

Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 13 январь куни пойтахт Тошкентда Мудофаани бошқариш миллий марказини ҳам очган.

Янги марказнинг Ўзбекистондаги барча куч тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиришга ихтисослашгани айтилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek