You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон-Қозоғистон: Расмий Тошкент Қозоғистондаги вазиятни мунтазам кузатиб турибди, ўзбекистонликлар ҳам ҳибсга олинганми? Qozog‘iston O'zbekiston dunyo yangiliklar
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистондаги вазият юзасидан сўнгги бир ҳафтанинг ўзида иккинчи бор расмий ахборот билан чиқди. Қозоғистон дунёнинг энг кўп сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд иккита давлатидан биттаси бўлиб келган. Пандемияга қадар уларнинг сони бир миллионга яқин экани айтилган. Қозоғистонда ҳибсга олинган минглаб одамлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борми?
Сўров ва таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Расмий ахборот
Вазирликнинг сўнгги ахбороти Қозоғистонда тартибсизликлар билан алоқадорликда қўлга олинганларнинг сони расман 8 мингдан ошган бир пайтга тўғри келган.
Давомий ҳибслар манзарасида қозоғистонлик масъуллар уларнинг орасида чет элликлар ҳам кўп эканини айтишган.
Аммо уларнинг аниқ қай бир давлат фуқаролари эканликларини очиқлашмаганди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расман маълум қилишича, Қозоғистондаги вазиятни мунтазам равишда кузатиб туришибди.
Ўзбекистоннинг дипломатик ва консуллик муассасалари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан жойларда доимий алоқадалар.
Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқ, дейди вазирлик.
Бу Қозоғистондаги оммавий ҳибслар манзарасида расмий Тошкентнинг илк бор бу масалага ойдинлик киритиши бўлган.
Қозоғистон ғарбида 2 январь куни суюлтирилган газ нархи оширилишига қарши бошланган намойишлар кейинчалик оммавий тус олган, сиёсий характер касб этган ва алал-оқибат зўравон тўқнашувларга айланиб кетган.
Зўравон тўқнашувлар натижасида ўлдирилган, қурбон бўлган ва яраланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги ҳам ҳозирча маълум эмас.
Масъуллар шу кунгача жами талафотлар сонини 44 тага нисбат бериб келишмоқда.
Уларга кўра, қурбонларнинг 16 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва иккитаси ҳарбийлар.
Қолганлари эса, полиция бошқармаси ва бўлинмаларига ҳужум қилган чоғларида ўлдирилган шахслардир.
Қозоғистондаги бир неча кунлик оммавий намойишлар ва зўравон тўқнашувлар чоғида берилган инсоний талафотларга оид мустақил рақамлар ҳануз имконсизлигича қолмоқда.
Президент Тоқаев орада Қозоғистон хавфсизлик кучларига "нишонга қарата огоҳлантиришсиз ўт очиш"га ҳам буйруқ берган.
Жами инсоний талофатларнинг сони 164 та экани айтилган, аммо кимликлари очиқланмаган ва куни-кеча бўй кўрсатган янги маълумотлар эса, кейинчалик олиб ташланган.
Бунинг сабаби "техник носозлик оқибатида келиб чиққан хато" билан изоҳланган.
Қозоғистон ва ўзбекистонликлар
Вазирликнинг расман маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари - Нур-Султондаги Элчихонаси, Олма-ота ва Ақтаудаги Бош консулликларида тезкор штаблар ташкил этилган.
Қийин аҳволда қолган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабалар билан ҳам алоқа ўрнатилган.
Уларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.
Нур-Султон шаҳридаги аэропортда парвозини кутаётган фуқаролар иссиқ овқат билан таъминланган.
Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари билан уларнинг қариндошлари ва яқинлари ўртасида алоқа ўрнатишда тезкор ёрдам кўрсатилмоқда.
Олма-отадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати тузилган.
Вазирликнинг маълум қилишича, улар Uzbekistan Airways компаниясининг навбатдаги рейслари орқали Ватанга қайтарилади.
Расмий ахборотда ҳозирда Олма-ота аэропорти ёпиқлиги ҳам эслатилган.
Вазирлик яна бир бор зарурат туғилганда, мурожаат қилишлари учун пойтахт Нур-Султон ва Олма-отадаги дипломатик ваколатхоналари телефон рақамларини ҳам илова қилган.
Илк расмий баёнот
Ўзбекистон Қозоғистондаги воқеаларга ўзининг илк муносабатини 5 январь куни билдирган.
Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиққан.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти Қозоғистондаги намойишларнинг тўртинчи кунига тўғри келган.
Президент Тоқаев амалдаги Қозоғистон ҳукуматини истеъфога чиқарган, Олма-ота ва Мангистауда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, комендантлик соати жорий этган бир манзарада бўй кўрсатганди.
Вазирлик ўшанда, "Қардош Қозоғистонда кечаётган сўнгги воқеаларнинг Ўзбекистонда хавотир билан қабул қилинган"ини билдирган.
Қозоғистондаги вазиятнинг ривожини диққат билан кузатиб бораётганликларини айтган.
Ўзбекистон Қозоғистондаги сўнгги воқеаларга ўзининг расмий муносабатини билдириб чиққан биринчи Марказий Осиё давлати бўлганди.
Устма-уст мулоқот
Қозоғистон Ўзбекистоннинг минтақадаги стратегик шериги ва иттифоқчиларидан бири бўлади.
Ўзбекистон президенти қайта сайланиши ортидан ўзининг илк хорижий давлат ташрифини ҳам Қозоғистонга амалга оширган.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифи билан ўтган ой бошида Нур-Султонга борган.
Қозоғистон президенти ўзаро ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда бу давлат ташрифининг жуда муҳимлигини таъкидлаган.
Расмий хабарларда Шавкат Мирзиёев ҳам икки биродар давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиш суръатини мамнуният билан қайд этгани айтилган.
Ўзбекистон президенти ўшанда, "Ўзбекистон ва Қозоғистон - табиий иқтисодий ҳамкорлар" эканини урғуларкан, "иқтисодиётлари рақобат қилмаслиги, бир-бирини тўлдириб туриши"ни таъкидлаганди.
Шавкат Мирзиёв Қозоғистондаги сўнгги воқеалар манзарасида қисқа муддатли меҳнат таътилида эканига қарамай, президент Тоқаев билан телефон орқали гаплашиб олган.
Ишга қайтиши ортидан ҳам, унинг яна Қозоғистон президенти билан мулоқотда бўлгани расман хабар берилганди.
Ўзбекистон президентининг телефон қўнғироқлари Россия шамсияси остидаги КХШТ контингентининг Қозоғистонга киритилиши арафасида ва ортидан амалга ошган.
Ўзбекистон нейтрал Туркманистон билан бу ташкилотга кирмоқчи икки Марказий Осиё давлати бўлишади.
Кеча, 10 январь кунги сўнгги сўнгги телефон мулоқоти чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг икки томонлама ҳамкорликнинг жорий масалалари ва бўлажак қўшма тадбирлар юзасидан фикр алмашишгани расман хабар берилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek