Ўзбекистон: Коррупцияда айбланган 14 минг мансабдор ва қандай ҳолда митинглар тақиқланиши мумкин? – Янгиликлар Rossiya O‘zbekiston migrant dunyo yangiliklar

  • Президент "Фавқулодда ҳолат тўғрисида"ги Қонунни имзолади;
  • Тадбиркорларга валюта айирбошлаш билан шуғулланишга рухсат берилади;
  • 14 минг мансабдор коррупцион қилмишларда айбдор топилган;
  • Тошкент метросида яна носозлик юз берди.

Фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонун

Президент Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни "Фавқулодда ҳолат тўғрисида"ги Конституциявий қонунни имзолаган.

Қонунга кўра, фавқулодда ҳолат фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига, конституциявий тузумга ва (ёки) ҳудудий яхлитлигига бевосита таҳдид соладиган ҳамда фавқулодда чоралар қўлламасдан бартараф этиш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, алоҳида ҳолларда жорий этилади.

Фавқулодда ҳолат президент фармони билан мамлакатнинг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида жорий этилади.

Ўзбекистоннинг бутун ҳудудидаги фавқулодда ҳолат 30 суткадан, айрим жойлардаги фавқулодда ҳолат эса 60 суткадан ошиши мумкин эмас.

Фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаганда муддат узайтирилиши мумкин.

Фавқулодда ҳолат даврида давлат органлари ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш, ҳаракатланишга нисбатан чекловлар, йиғилишлар, митингларни тақиқлаш ёки чеклаш, транспортлар ҳаракатини чеклаш каби чоралар ва вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин.

Шунингдек, фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича махсус давлат бошқаруви органлари ташкил этилиши мумкин.

Бундан ташқари қонунда реал ташқи хавф бўлганида комендантлик соати жорий этилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Алоқадор мавзулар:

Енгиллашаётган валюта айирбошлаш

Ўзбекистонда тадбиркорларга валюта айирбошлаш хизматларини кўрсатишга рухсат берилиши мумкин.

Бу таклиф президентнинг "Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳасида тилга олинган.

Қарор лойиҳасида хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, норасмий валюта операциялари вужудга келишини олдини олиш, хизматларни узлуксиз равишда кўрсатиш имконини яратиш мақсадида хусусий тадбиркорларга валюта айирбошлаш хизматларини кўрсатишга рухсат бериш тўғрисида сўз боради.

Жавобгарликка тортилган 14 минг мансабдор

Ўзбекистонда ўтган беш йил ичида 14 мингдан зиёд мансабдор коррупцион қилмишлари сабаб жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу ҳақда Адлия вазири Русланбек Давлетов прокуратура органлари ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган конференция давомида маълум қилган.

Давлетов мансабдорларнинг 160 нафардан ортиғи республика, 1,270 нафари вилоят ва 13 мингдан зиёди туман миқёсидаги шахслар эканини таъкидлаган.

Яна ёпилмай қолган метро эшиги

Тошкент метросида поезд вагонлардан биридаги эшик ёпилмаган ҳолда ҳаракатланган.

Ҳолат тасвирланган видео тарқалган.

Вазиятни изоҳлаган "Тошкент метрополитени" эшик йўловчилар сабабли ёпилмай қолганини таъкидлаган.

"Ушбу ҳолат 15 декабрь санасида йўловчилар қатнови тиғиз бўлган вақтда "Чилонзор" йўлининг "Олмазор" — "Буюк Ипак йўли" йўналишларида юз берган бўлиб, вазиятга аниқлик киритилишича, йўловчилар томонидан эшикка суяниш натижасида, эшикка меъёридан ортиқ юклама тушиши сабабли ўша вақтда вагон эшикларининг блокиратори носоз аҳволга келган", дейилади изоҳда.

Бир вақтнинг ўзида машинист носозликдан вақтида хабар топгани, муаммо бартараф этилгани ҳамда жабрланганлар йўқлиги билдирилган.

Йил бошидан бери Тошкент метрополитенида бу каби ўнлаб носозликлар кузатилгани саволларга сабаб бўлиб келмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek