You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Дўппи кийишга қўрқаман – Озодбек Назарбековнинг баҳсларга сабаб бўлган чақириғи
Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков, эндиликда, қўл остидаги ходимлар иш вақти дўппи кийиб юришини эълон қилган.
У ижодкорлар, ватан фидойилари, кўнгиллиларни бу ташаббусга қўшилишга чақирган.
Зум ўтмай ушбу хабар ижтимоий тармоқ ва матбуотда акс-садо бера бошлаган.
Би-би-си мазкур мавзудаги қайноқ баҳс-мунозара ва одамлар фикрига назар ташлаб кўрди.
"Ташаббусни қўллаб-қувватланг"
Вазир Назарбеков ўзбекистонликларни Конституция куни билан видеомурожаат орқали табриклар экан, дўппи кийиб юриш орқали миллий анъаналарни "ҳаётга қайтариш"га даъват этган.
У шу кундан бошлаб ўзи бошқараётган вазирлик ходимлари иш пайтида дўппида юриши ҳақида гапирган.
"Барча соҳа вакиллари, ижодкорлар, ватан фидойилари, кўнгиллиларни ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақираман.
Қомусимиз ҳимоялаган яна бир қадриятимизни ҳаётга қайтаришга шошилинг", деган Назарбеков ўз видеомурожаатида.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, халқ орасида таниқли хонанда ўлароқ танилган вазир чақириғи куннинг асосий муҳокама мавзусига айланган.
Шаҳарда кийилмайдиган дўппи
Би-би-си Тошкент кўчаларида турли инсонлардан бу мавзуга нисбатан муносабатини сўраб кўрди.
Ҳамсуҳбатларнинг барчаси Назарбеков ташаббусини дастаклашларини билдирдилар.
"Дўппи миллий кийимимиз. Бу ташаббус тўғри бўлган, деб ҳисоблайман", дейди улардан бири.
"Жуда яхши чақириқ. Дўппини ўзбеклигимизни ифодалаб турадиган рамз, десак бўлади", таъкидлайди нуроний отахон.
Аммо талаба эканини айтган бир йигит шаҳарда дўппи кийиб юришни афзал билмаслиги ҳақида сўзлайди.
"Дўппи кийиш, соқол қўйиш дин томондан ҳам яхши. Лекин ҳозир институтларда соқол қўйишга рухсат беришмаяпти.
Қишлоқда доим дўппида юрамиз. Шаҳарга ўқишга келгандан кейин дўппи кийсак, кўзга кўриниб қоламиз, деб одам қўрқадида", давом этади у.
Бир вақтнинг ўзида, ижтимоий тармоқда ҳам кўплаб ўзбекистонликлар дўппи кийиш ташаббусини олқишлаган.
Улар миллий урф одатнинг бир қисми бўлмиш дўппи кийиш анъанаси қайтадан жонланаётганидан хурсанд эканликларини билдирганлар.
Қисқа вақт ичида бу чақириққа қўшилганлар кўрина бошлаган.
Масалан, Косон шаҳридаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари дўппи кийган ҳолда машҳур "Дўппи тикдим" қўшиғини айтиб чиққанлар.
Бироқ вазирнинг чақириғи сезиларли танқидларга ҳам юз тутган.
Навбатдаги Туркманистон?
Айрим танқидчилар маданият вазирлиги ходимларининг, эндиликда, дўппи кийиб юриши инсон ҳуқуқларига зид ҳолатда мажбурий тус олиб кетиши эҳтимолидан хавотир билдирганлар.
"Ҳеч қилиб, энди вазирлик ходимлари талабалар институт биносига киришдан олдин бир-биридан галстук қарз олгандек, қарзга дўппи излаб юришмаса бўлгани", киноя қилган бир Facebook фойдаланувчиси.
Таниқли блогер Умид Гафуров европача ҳаёт тарзига амал қилувчи амалдорларнинг миллийлик ҳақида гапиришини савол остига олган.
"Европача услубда қурилган уйларда яшаб, немисларнинг машинасини миниб, швейцариялик соатлар тақиб, японларнинг техникасига клиплар олиб, тўйларда Американинг пулларини олиб… бошга дўппи киямизда, миллийлик ҳақида гапирамиз…"
Бошқалар эса мамлакатда кўчага ахлат ташламаслик, машина бошқариш, китобхонлик маданияти каби маданиятнинг энг оддий ва муҳим кўринишлари билан боғлиқ вазият оқсаётган бир пайтда маданият вазири ҳамда вазирлик ходимларининг дўппи мавзусини биринчи қаторга қўяётганини танқид қилган.
Шунингдек, вазирлик масъулларига хароб ҳолда қолаётган ёки бузиб ташланаётган маданий мерос обидаларига эътибор қаратиш бўйича ҳам чақириқ қилишни маслаҳат берганлар топилган.
Бундай кайфиятдаги танқидчилар куни кеча Қорақалпоғистондаги тарихий ёдгорлик билан боғлиқ тарқалган хабарларни тилга олганлар.
9 декабрь куни "Миздакхон мажмуаси" ҳудудида жойлашган Ҳалифа Ражаб (Эрежеп) тарихий ёдгорлиги ҳудудидаги ерлар янги қабрлар учун сотиб юборилаётгани борасида хабарлар тарқалган эди.
Шунингдек, баъзи ўзбекистонликлар ижроия ҳокимияти вакили бўлмиш вазир Назарбековнинг бу чақириғини Туркманистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилган миллий кийимда юриш ёки Тожикистон фан ва таълим вазирлигининг мамлакатдаги барча ўқитувчи, ўқувчи-талабаларни миллий либосда кийинтиришга бўлган уринишларига қиёслаганлар.
"Туркманистон халқ артисти ҳам бўлган вазиримиз уёқдан мажбурий кийинтириш одатини ўрганиб келганлар, шекилли", заҳарханда қилди тармоқ фойдаланувчиси.
Бироқ танқидчиларни танқидга тутганлар ҳам кўплаб учраган.
"Ҳа, маданият соҳасида муаммолар кўп, лекин шунинг учун дўппи киймасинми? Қани мантиқ? Ҳеч ким ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбурламаяпти, шунчаки, дўппини тарғиб қиляптику", ёзган Адлия вазирлиги ходими Шаҳноза Соатова ўзининг шахсий саҳифасида.
Ўзбекистонда дўппи кийишнинг маълум вақт оммалашиб кетиши илк бор кузатилаётган ҳолат эмас.
Шу йилнинг сентябрь ойида "Миллий тикланиш" демократик партияси "Do'ppi challenge" танловини ўтказган эди.
2018 йилда ўзбекистонлик қатор журналистлар дўппи кийиш флешмобини бошлаб берган, бунга жавобан юзлаб фойдаланувчилар ўзларининг дўппили расмларини улашганлар.
Аммо ҳеч бир ҳолатда дўппи кийиш тарғиботи Озодбек Назарбековнинг чақириғи каби танқидларга тутилмаган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek