You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Ҳоким ўзига “ҳурматли” дея мурожаат қилмасликни сўради ва пойтахт ҳудудига ўтган Қибрай маҳаллалари – янгиликлар O'zbekiston, yangiliklar
- Қибрайнинг 13 та маҳалласи Тошкент шаҳри ҳудудига ўтказилди;
- Қаршидаги улкан байроқ яна тикланмайдиган бўлди;
- Зоир Мирзаев ўзининг илк "ҳокимлик соати"ни ўтказди;
- Ихтиёрий бустер доза билан эмланишга старт берилди;
- Очилмаган жиноятларни тадқиқ этувчи институт ташкил этилди;
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Мирзиёев Москвада, прокурорлар жазога тортилди, минглаб вакцина олмаганлар ишдан четлатилди ва ис гази қурбонлари
- Ўзбекистоннинг Афғонистондаги бош мақсади нима ва бензин тез кунда арзонлайдими?
- Кобул: Толибон дунёга куч-қудратини кўрсатиб қўйдими?
- Ўзбекистон янгича мустамлакачилик таҳдиди остидами? Россия, Хитой... дунё ва сиёсат (видео)
Байроқ яна қурилмайдиган бўлди
Қарши шаҳар ҳокими апрель ойида қурилиши бекор бўлган улкан байроқни ўрнатиш бўйича қарор чиқарган.
Бироқ бу сафар ҳам байроқ тикланиши бекор қилинган.
Маълум бўлишича, Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгашининг 15 ноябрдаги қарори билан шаҳарда 65 метрли байроқ ўрнатиш учун 300 миллион сўм ажратилган.
Шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев имзо чеккан қарорда улкан байроқни ўрнатиш учун ажратилган маблағ Ободонлаштириш бошқармасига йўналтирилиши белгиланган.
Ушбу хабар ижтимоий тармоқда яна мунозараларга сабаб бўлиши ортидан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги байроқ ўрнатилмайдиган бўлганини маълум қилган.
21 ноябрь куни эълон қилинган расмий муносабатда вилоятнинг янги ҳокими Муроджон Азимов ушбу масалага эътибор қаратгани ҳақида сўз боради.
Вилоят ҳокимлиги байроққа ажратилган маблағ ички йўллар таъмири ва коммунал соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилишини билдирган.
Эслатиб ўтиш жоиз, шу йилнинг апрель ойида ҳам Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида баландлиги 62,5 метр, қиймати 1 миллиард 350 миллион сўмга тенг бўлган улкан байроқ ўрнатилиши ҳақида хабарлар чиққан эди.
Ушбу ташаббуснинг жамоатчилик танқидига учраши ортидан Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Зоир Мирзаев ажратилган маблағ шаҳардаги хароба оилавий ётоқхона таъмирига сарфланишини эълон қилган эди.
Менга "ҳурматли" дея мурожаат қилманглар - Мирзаев
Тошкент вилояти ҳокимлиги вилоятга янги раҳбар бўлиб келган Зоир Мирзаевнинг илк "ҳокимлик соати"дан иқтибосларни жамоатчиликка улашган.
22 ноябрь куни ўтган видеоселекторда ҳоким Мирзаев фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилувчи Telegram бот ташкил этилишини билдирган.
"Керак бўлса, ўша фуқаро билан телефонда ўзим гаплашаман", дея ҳоким сўзларини келтирган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Зоир Мирзаев, шунингдек, давлат тили бўйича ҳокимлик ҳужжатларини хато ёзадиган ходимнинг ҳокимиятда ишлаши мумкин эмаслигини ҳам таъкидлаган.
У ижтимоий тармоқда тарқалган салбий хабарларга сектор раҳбарлари муносабат бериши шартлиги, раҳбарлар ижтимоий тармоқдан фойдаланишни ўрганиши зарурлиги ҳақида гапирган.
Бундан ташқари Мирзаев видеоселектор иштирокчиларидан ўзига "ҳурматли" дея мурожаат қилмасликни сўраган.
Маълумот ўрнида, бунга қадар Қашқадарё вилоятини бошқарган Зоир Мирзаев 18 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.
Пойтахтга ўтган Қибрай маҳаллалари
Қибрай туманидаги 13 та маҳалла пойтахт ҳудудига ўтказилган.
Тошкент вилояти ҳокимлигининг хабар беришича, Қибрай туманидан жами 2294,6 гектар ер майдони Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани таркибига ўтказилган.
Пойтахт ҳудудига қўшилган ер майдонида 9,137 та якка тартибдаги турар жойлар, 2 та мактаб, 4 та болалар боғчаси, 2 та қабристон ва бошқа объектлар борлиги маълум қилинган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги Қибрай туманидан Мирзо Улуғбек туманига ўтаётган аҳолининг доимий яшаш манзили, эндиликда, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани этиб белгиланишини билдирган.
Ихтиёрий бустер доза
ССВ 17 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда коронавирусга қарши бустер доза билан ихтиёрий эмлашга старт берилганини хабар қилган.
Вазирликнинг маълум қилишича, бустер доза коронавирусга қарши тўлиқ эмланган инсонларнинг касалликка қарши иммунитетни мустаҳкамлаш йўлида яна қайтадан оладиган вакцина дозаларидир.
ССВ тўлиқ вакцина курсини олганига 6 ой ва ундан ортиқ вақт ўтган одамлар бустер дозани эмлаш пунктларида олиши мумкинлигини билдирган.
Қайд этилишича, бустер дозани вакцинанинг ҳар қандай туридан фойдаланган ҳолда олиш мумкин.
"Очилмаган жиноятлар" институти
Ўзбекистонда фаолият йўналишларидан бири очилмаган жиноятларни тадқиқ этиш ҳам бўлган институт ташкил этилди.
Ҳукуматнинг 22 ноябрдаги қарори билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд-экспертиза марказининг Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти фаолияти ташкил этилган.
Адлия вазирлигининг маълум қилишича, институт суд экспертиза соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб боради ва экспертиза муассасаларига кўмаклашади.
Шунингдек, институт томонидан очилмаган жиноятларни тадқиқ этиш мақсадида статистик маълумотлар йиғиб борилади.
"Давлат ва нодавлат экспертиза ташкилотларининг услубиётларини илмий жиҳатдан асосланганлигини кўриб чиқиш ва хулоса бериш Институт томонидан амалга оширилади. Институт директори адлия вазири томонидан тайинланади ва озод қилинади", дейилади вазирлик хабарида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek