You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Мирзиёев вазири, Бердимуҳамедов ёлғиз ўғлини юборди...Ўзбекистон, Марказий Осиё Глазго саммитига қандай қаради? Dunyo O‘zbekiston iqlim o‘zgarishi yangiliklar
Дунё тақдирини ҳал қилиши айтилган Глазго саммити тугамоқда.
Йиғин минтақадаги икки ядровий ва глобал қудрат - Россия ва Хитой президентларининг бормагани билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Саммит Ўзбекистонда бу яқин асрда кузатилмаган чанг-қум бўрони билан бир пайтга тўғри келган.
Ғайриодатий табиий офатдан яна қатор Марказий Осиё давлатлари ҳам зиён чеккани маълум бўлган.
Бу Глазгодаги саммит арафасида минтақадаги кўпчиликнинг эътиборини глобал иқлим ўзгариши муаммосига тортишга ҳам хизмат қилмай қолмаган.
Ўзбекистон ҳануз мустамлакачилик сиёсати таъсири остидами? Yangiliklar BBC News O'zbek
Алоқадор мавзулар:
Расмий хабарларга кўра, Глазгода минтақа президентларидан фақат Жапаров ва Раҳмон гапирган.
Қозоғистон эса, Глазгога Бош вазирини юборган.
Садир Жапаров Глазгога шахсан ташриф буюрган ягона Марказий Осиё президенти бўлган.
Халқаро хабарларга кўра, Тожикистон президенти ҳам чиқиш қилган.
Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг матбуот хизмати расман хабар берган.
Аммо унинг иқлим ўзгаришига бағишланган анжуманда қай шаклда иштирок этгани тафсилотлари очиқланмаган.
Қозоғистонни ҳал қилувчи саммитда Бош вазири бошчилигидаги ҳукумат ҳайъати намоён этган.
Туркманистон президенти Глазгога ҳам Саноат ва қурилиш ишлаб чиқариши вазири бўлган яккаю ягона ўғлини юборган.
Расмий Тошкент номидан эса, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов гапирган.
"Ўзбекистон иқлим ўзгариши жараёнларини тўхтатиш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишга тайёр", деб айтган.
"Яшил" кун тартибининг долзарб масалаларини илгари суришга тайёрликларини билдирган.
Хабарларда унинг мамлакат номидан миллий баёнот билан чиқиш қилгани айтилган.
Маълум бўлишича, Бош вазир ўринбосари глобал ҳарактерга ва мисли кўрилмаган миқёсга эга бўлган иқлим ўзгаришларининг оқибатлари Марказий Осиё минтақасида тўлиқ намоён бўлаётганига ттўхталган. Орол денгизи фожеасини тилга олган.
Азиз Абдуҳакимовга кўра, Ўзбекистон бу жараёнларни эътироф этган.
У ҳукумати "яшил" кун тартибидаги масалаларни илгари суриш, экология ва биохилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга жиддий эътибор қаратаётганини таъкидлаган.
Gazeta.uz нинг ёзишича, Азиз Абдуҳакимов конференция иштирокчиларини БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди доирасидаги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда фаол иштирок этишга чақирган.
Президентлар ташвиши
Қирғизистон ва Тожикистон президентларининг ҳудудларидаги музликларнинг жадал эриб бораётганидан ташвишда эканликлари маълум бўлган.
Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг 60 фоиздан зиёди Тожикистондаги музликлар ҳисобига тўғри келади.
Тожикистон президентига кўра, мамлакатида 14 мингта музлик бўлса, улардан мингдан ошиғи эриб бўлган.
Президент Раҳмон музликларни асраб қолиш учун махсус халқаро жамғарма тузиш ғоясини ўртага ташлаган.
Садир Жапаров эса, Глазго қарорларида ривожланаётган тоғли давлатлар учун алоҳида мақсадли молиялаштиришни кўрсатишни таклиф қилган.
Қирғизистон президенти бунга қўшимча мамлакати 2050 йилгача углерод чиқариш нейтраллигига эришишга ҳаракат қилишини баён қилган.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Қозоғистон Бош вазири Глазгода келаси 40 йил ичида углерод чиқариш нейтраллигига эришишга қаратилган узоқ муддатли стратегияларини очиқлаган.
"Яшил ривожланиш"га эришиш йўлида минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун Марказий Осиёда ҳаб бўлиб хизмат қилиш ниятида эканликларини айтган.
Хабарларга кўра, Глазгода экан, Туркманбошининг ўғли метан газини жиддий қисқартиришга ваъда берган.
Шундоқ ҳам мамлакати метан газларини камайтириш масаласига хосан эътибор бериб келаётганини айтган.
Туркманистон ва Қозоғистон минтақанинг табиий энергия заҳираларига энг бой икки давлати бўлишади.
Худди шу боис ҳам, айниқса, йирик газ конларининг устида ўтирган Туркманистон ҳавога энг кўп метан чиқарувчи давлатлардан бири сифатида кўрилади.
Устига устак, аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳануз хомашё экспортёрлари саналишади.
Бу ҳам улар экологиясининг ифлосланишига хизмат қилувчи омиллардан бири сифатида баҳоланади.
Глобал иқлим ўзгаришининг оқибатлари Марказий Осиё учун ҳам жиддий таъсирга эга бўлиши, оммавий миграцияга йўл очишига оид жиддий хавотирлар бор.
Бунинг олдини олиш учун ўн миллиардлаб доллар маблағ керак бўлиши айтиларкан, бундай пулнинг минтақа давлатларида йўқлиги ҳам аллақачон халқаро миқёсда эътироф этиб бўлинган ҳақиқатлардан бири бўлади.
Алоқадор мавзулар
COP26: Дунё қандай муносабат билдирди?
Глазгода бўлиб ўтган COP26 иқлим конференциясининг биринчи ҳафтаси якунига кўра, жаҳон етакчилари аллақачон жиддий мажбуриятларни ўз зиммаларига олган.
40 дан ортиқ давлат 2050 йилга бориб кўмирдан воз кечишга ва яна 100 нафар етакчи 2030 йилгача ўрмонларни кесишни тўхтатишга ваъда берди.
Айни пайтда, АҚШ ва Европа Иттифоқи метан чиқиндиларини камайтириш учун биргаликда ҳаракат қилишларини эълон қилди.
Бутун дунёдан - Шанхайдан Сан-Паулугача Би-би-си мухбирлари саммит натижалари ва иқлим бўйича берилган ваъдалар ўз мамлакатларида қандай амалга оширилаётгани ҳақида ҳикоя қилади.
Хитой
Хитой ижтимоий тармоқлари COP26 бўйича Ғарбга қарши танқидларга тўлиб кетмади, деб ёзади Пекинда Стивен МакДонелл.
Хитой давлат оммавий ахборот воситаларининг иқлим саммитига муносабати анча сокин бўлди.
Бу Хитойдаги оддий одамлар конференция бўлиб ўтаётганини билмаслигида эмас, балки унинг атрофлича ёритилмаганидандир.
Балки Си Цзиньпиннинг йиғилишда қатнашмаслик қарори бунга асосий сабаб бўлгандир.
Бу эҳтимол бошқа йирик давлатлардан фарқли ўлароқ, Хитойдан етакчилар даражасида ҳеч ким қатнашмаганига эътибор қаратмаслик учун қилингандир.
Шунингдек, Хитой оммавий ахборот воситалари Коммунистик партияники ва Коммунистик партия учун ишлайди.
Партия Бош котиби жаноб Си билан боғлиқ ҳамма нарсанинг ёритилиши қаттиқ назорат остидадир.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари, агар уларга алоҳида буюрилмаган бўлса, жаноб Си мурожаат қилган учрашувни эътиборсиз қолдирмаган бўларди.
Албатта, анжуман ҳақида турли жойларда тилга олинди.
"Global Times"да эслатиб ўтилганларга ўхшаш миллатчилар АҚШ президенти Жо Байден хитойлик ҳамкасби саммитга келмагани учун алоҳида гапирганидан кейин уни танқид қилишди.
Хитой ижтимоий тармоқлари COP26 бўйича Ғарбга қарши танқидларга тўлиб кетмади - ўзини босиқ тутди.
Эҳтимол, бу саммитнинг долзарблигини кўрсатмоқчи бўлган, бундан фойдаланиб мамлакатлар кўрадиган чораларни жадаллаштирмоқчи бўлган иқлимшунослар учун саммитга эътибор берилмагани уни танқид қилишдан ҳам ёмонроқ.
АҚШ
Ҳаммаси ички сиёсат билан боғлиқ, деб ёзади Нью-Йоркдан Лаура Тревелян.
Президент Байден COP26дан Американинг иқлим борасида глобал етакчилигини кўрсатиш учун фойдаланишга қарор қилди, аммо MSNBC шарҳловчиси Хейс Браун таъкидлаганидек, у биринчи навбатда кечирим сўраши керак эди.
Президент Трамп Қўшма Штатларни Париж иқлим келишувидан чиқариб юборгани сабабли биз ортда қолдик, деб тан олди у саммитнинг биринчи кунида.
АҚШ иқлим бўйича глобал келишувларга мамлакатда қайси партия раҳбарлик қилишига қараб турлича ёндашади.
Демак, америкаликлар Глазгода келишилган нарса 2025 йилда республикачи президент томонидан бекор қилиниши мумкинлигини билишади.
Консерватив "Wall Street Journal" нашрининг таъкидлашича, Президент Байден Россия ва Хитойни эмиссияни қисқартириш бўйича глобал консенсуснинг "яккаланган мухолифлари" сифатида кўрсатишга ҳаракат қилган, аммо АҚШ ва унинг иттифоқчилари саъй-ҳаракатлари Москва ва Пекинни жойидан қўзғата олмаган.
Мамлакатда эса демократ сенатор Жо Манчиннинг 500 миллиард долларлик иқлим режасини Конгрессда тасдиқлашда ҳал қилувчи позициясига эътибор қаратилмоқда.
Жаноб Манчин кўмир қазиб олувчи Ғарбий Виржиния штатидан ва у ҳали ҳам харажатлар пакети ҳақида ташвишланаётганини айтганида, матбуот "Байденнинг иқлим хавфлари борасидаги ваъдалари ўжар сенатор томонидан бузилмоқда" деб ёзди.
Россия
Россияда иқлимий фавқулодда ҳолат сезилмайди, деб ёзади Москвадан Стив Розенберг.
Боринг, солиштиринг.
Британия газетасининг бу ҳафтадаги сарлавҳаси - Қиролича мўрт сайёрамизни қутқаришга чақирди.
Россиянинг энг машҳур (кремлпараст) кундалик нашри - Глобал исишдан қўрқишимиз керакми?, деб ёзди.
Мақола муаллифи "глобал исишнинг ижобий таъсири" (айниқса, Россия учун) борлигини таъкидлаб, биз қўрқмаслигимиз керак деган хулосага келди: иситиш учун тўловларимиз камаяди, юк ташиш янада қулайлашади.
Россияда иқлим ўзгаришига нисбатан ташвиш сезилмайди.
Кремль муаммо борлигини инкор этмайди. Қайд этилишича, Россияда иқлим ўртача жаҳон кўрсаткичидан 2.5 баробар тезроқ қизимоқда.
Россия Глазгога катта делегация юборди. Аммо президентнинг ўзи йўқ. Владимир Путин фақат экранда пайдо бўлди.
Бироқ Россия 2060 йилга бориб углерод чиқаришни нейтраллаштиришга ваъда қилди.
У Глазгода ўрмонлар ва ердан фойдаланиш тўғрисидаги декларацияни имзолади ва 2030 йилгача ўрмонларни кесишни тугатишга ваъда берди.
Аммо у 2030 йилга бориб метан эмиссиясини 30 фоизга қисқартиришга рози эмас.
Россия қазилма ёқилғининг манбаи ва яшил энергияга "силлиқ" (узоқроқ) йўл билан ўтишни хоҳлайди.
"Ҳамма Россия имкон қадар тезроқ углерод нейтраллигига эришиш учун кўпроқ ҳаракат қилишини хоҳлайди", дейди "Greenpeace"нинг Россиядаги вакили Василий Яблоков.
"Россия энди иқлим ўзгаришини қабул қилаётганидан хурсандман, лекин мамлакатимизда бу масалада катта мақсадларни кўрмаяпман. Россия ҳукумати ўзга сайёрадан келганга ўхшайди".
Ҳиндистон
Ҳиндистоннинг 2070 йилгача бажаришни бўйнига олган мажбурияти иқтисодий ва экологик эҳтиёжларини мувозанатлаштирган, ўсиб бораётган мамлакатда Нарендра Модига обрў келтирди, деб ёзади Деҳлидан Ражини Ваидянатҳан.
Ҳиндистон COP саммитидан бир неча ҳафта олдин сиёсатчилар орасида муҳокама қилинган мавзу бўлса-да, бу саммит ҳиндистонликлар учун унчалик катта мавзу эмас эди.
Аммо душанба куни, Бош вазир Моди мамлакат 2070 йилга бориб, эмиссияни нолга туширишга интилишини эълон қилганида, Глазгода ўтаётган тадбирга кўпчилик ниҳоят эътибор бериб қолди.
Жаноб Модининг нутқи бу ерда асосий вақтда эфирга узатилди. 2050 йилга мўлжалланган мақсадни 20 йил ўтиб амалга ошириш ваъдаси баъзиларни Ҳиндистондан ҳафсаласини пир қилган бўлса ҳам, аммо бу ерда иқтисодий ва экологик эҳтиёжларни мувозанатлаши керак бўлган ривожланаётган давлатнинг бундай ваъда бериши ижобий қадам ўлароқ олқишланди.
Буни, шунингдек, кўпчилик Ғарб дунёни ифлослантириб, ўзи иқтисодий фаровонликка эришиб олган бир вақтда Бош Вазирнинг босимларга ён бермаслиги белгиси сифатида ҳам кўрди. Жаноб Моди саммитда эслатганидек, "Дунё аҳолисининг 17 фоизини ташкил этувчи Ҳиндистон эмиссиянинг 5 фоиздан камроғига масъулдир", деган гапни бу ерда кўпчилик маъқуллаган.
"First Post" янгиликлар веб-сайти 2070 йил учун ваъдани "Ғарбнинг асоссиз қўрқитишига таслим бўлмасдан берилган жасур қарор" деб атади. Бу ердаги иқлим бўйича экспертларнинг таъкидлашича, Ҳиндистоннинг тўртта қисқа муддатли мақсади - қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишни кенгайтириш ва 2030 йилгача углерод чиқиндиларини камайтириш - ҳам муҳимдир.
Австралия
Австралиянинг COP26 саммитидаги иштироки сиёсат соясида қолмоқда, деб ёзади Сиднейдан Шайма Халил.
Скотт Моррисоннинг COP26да қилган ишининг бир қисми бутун дунёга қандай қилиб 2050 йилга бориб кўмирни босқичма-босқич бекор қилмасдан эмиссияни нолга тушунтирмоқчилигини тушунтириш бўлди.
Аммо Бош вазирнинг Глазгога сафари Франция президенти Эммануэль Макрон билан можароcига сабаб бўлди - иқлим туфайли эмас, балки сув ости кемалари туфайли.
Якшанба куни Глазгода Макрон Моррисонни Франция билан муваффақиятсиз чиққан 37 миллиард долларлик келишув ҳақида ёлғон гапирганликда айблади. Жаноб Моррисон бунга жавобан унинг мамлакати "масхаралаш" ёки "ҳақорат"ни қабул қилмаслигини айтди.
Шундай қилиб, ўтган ҳафта иқлим бўйича қизғин баҳс-мунозаралар ва Австралия саммитда эришган ютуқларини муҳокама қилиш ўрнига, бу ердаги шарҳларнинг аксарияти жаноб Моррисоннинг характери ва Макрон билан тортишув унинг мамлакат ичидаги мавқеига таъсир қиладими ёки йўқлиги ҳақида бўлди.
"Айёрлик Скотт Моррисоннинг ўзига хос белгисидир. - деб ёзди "Guardian" нашрига журналист Ҳью Риминтон. - Ва унинг бу характери шу ҳафтада Франция уни очиқча ёлғончиликда айблаётган бир вақтда у иқлим ҳақидаги Австралия режасини Глазгодагиларга ўтказа олганида яққол кўринди."
Австралия Глазгода иқлим бўйича жуда оз ваъда берди. Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Эрон билан бир қаторда, у 2030 йилга бориб метан чиқиндиларини 30 фоизга қисқартириш бўйича халқаро мажбуриятини рад этди ва кўмир ёқилғисини босқичма-босқич истеъмолдан чиқариш, хорижда ва мамлакат ичида янги кўмир ёқилғиси станцияларига сармоя киритишни тўхтатишга рози бўлмади.
Австралиянинг "ABC News" нашри бу ҳафтани Бош вазир учун "даҳшатли тартибсизлик ҳафтаси" деб атади.
Бразилия
"Шотландиядаги иқлим конференцияси кўпчилик бразилияликларнинг ҳаётидан узоқдек кўринади", деб ёзади Сан-Паулудан Кети Уотсон.
Бразилиянинг глобал иқлим ўзгаришига қўшган катта ҳиссаси унинг улкан тропик ўрмонлари билан боғлиқ. Аммо президент Жаир Болсонару айтадиган ва қиладиган ҳамма нарса - ва у ҳатто COP26 да қатнашмаганлиги ҳам - бу ерда ишлар бошқача эканини кўрсатади.
Ҳа, Амазон ўрмонлари худди шу мамлакатда, лекин у Сан-Паулу ва Рио каби йирик шаҳарлардан олисда ва эҳтимол Шотландиядаги иқлим конференцияси каби узоқдадек кўринади.
Гап бу масала бразилияликларни қизиқтирмаслигида эмас.
"Одамлар ҳақиқатан ҳам иштирок этишни ва ўз ҳиссаларини қўшишни хоҳлайдилар", дейди Силвиа Сервеллини, одамларга сиёсатда қатнашишга ёрдам берадиган Бразилиядаги ташкилот "Delibera" асосчиси.
Аммо пандемиядан бери қашшоқлик кучаймоқда, сиёсий ва иқтисодий инқироз Бразилияга соя солмоқда. Одамларда долзарброқ муаммолар мавжуд. "Биз қилишимиз керак бўлган нарса одамларга кундалик ҳаёт билан боғланиш имкониятини беришдир", дейди Сервеллини хоним.
Тикувчи Изильдете Мария де Соуза Ботельо бунга қўшилади. Минас-Жераис штатининг 67 ёшли фуқароси COPнинг Глобал Фуқаролик Ассамблеясида иштирок этиш учун танланган.
"Агар биз дарахтларни кессак, нима ейишимизни қайта кўриб чиқишимиз керак", дейди у. "Биз масъулиятни расмийлар ва сиёсатчиларга топширамиз у, бу индивидуал ҳаракат эканлигини, буларнинг барчасига биз оширишимиз керак бўлган экологик хабардорликнинг этишмаслиги сабабли бўлаётганини унутамиз."
Эрон
Эронда кўпчилик агар санкциялар сақланиб қолса, мамлакатдан иқлим бўйича ҳар қандай мажбурият зиммасига олишини кутиш адолатсизлик бўлади, деб ҳисоблайди, деб ёзади Би- би-си Форс мухбири Сиаваш Ардалан.
Эрон иссиқхона газларини чиқарадиган энг йирик ўнталикка киради ва глобал исиш таъсиридан катта зарар кўрмоқда. Мамлакатда жорий йилда сўнгги ўн йилликлардаги энг кучли қурғоқчилик юз берди, натижада сув танқислиги ва электр таъминотида узилишлар кузатилди.
Санкциялар ва АҚШнинг беқарор ички сиёсати бу муаммоларни янада кучайтирди.
Эрон делегациясининг COP26 аъзоларидан бири, агар санкциялар бекор қилинса, "эмиссияни камайтиришимиз учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди", деди.
Бироқ президент Иброҳим Раиси ҳукуматига алоқадор консерваторлар иқлим ўзгаришини инкор этишдан тортиб, COP26 Эронни нефть ва газидан маҳрум қилмоқчи, деган даъволаргача бўлган баёнотлар билан чиқдилар.
Саммит Эрон оммавий ахборот воситалари томонидан деярли эътиборга олинмаган бўлса-да, бундай танқидий фикрлар баъзи ҳукуматпараст консерватор ОАВларга етиб борди.
Шу билан бирга, бир қанча ислоҳотчи газеталар БМТ расмийлари ва иқлимшуносларнинг даҳшатли огоҳлантиришларини такрорлади, аммо ҳукуматнинг COP26га нисбатан етарсиз муносабатини танқид қилишдан тийилди.
Жамоатчилик фикри иккига бўлинган. Кўпчилик санкциялар амалда қолар экан, Эрондан бирор мажбуриятни бажаришини кутиш адолатдан эмас, деб ҳисоблайди. Бошқалар эса, иқлим ўзгариши ҳукуматнинг уқувсизлигини хаспўшлаш учун хизмат қилмоқда дейди.
Нигерия
COP26 Нигерияда матбуотнинг олд янгилиги саналмайди, деб ёзади Абужадаги Ндука Оржинмо.
Африканинг энг йирик нефть экспортчиси бўлган Нигерия 2060 йилга бориб атмосферага чиқариладиган газларни нолга туширишга ваъда берди.
Йирик медиа компаниялари Глазгога мухбирларини жўнатган, бироқ Нигерия бу муҳим янгилик ҳисобланмайди.
Президент Муҳаммаду Бухорий чоршанба куни Нигерияда ҳеч кимни "атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун шошилинч чоралар кўришга ишонтириш" шарт эмаслигини айтди ва мамлакатдаги чўлланиш, сув тошқини ва эрозияларнинг ўзи бунга "етарли далил" деди.
Аммо у иқлим ўзгаришига қарши кураш учун молиявий ёрдам - ҳар йили ривожланаётган мамлакатларга ажратиладиган 100 миллиард долларнинг бир қисмини истайди. Нигериянинг газ секторига хорижий инвестициялар мамлакатнинг асосий даромад манбаи бўлган нефтдан халос бўлишга ёрдам беради.
Президент саммит қатнашчиларига аниқ гапларни айтди, лекин мамлакатдаги Хитойдан олиб келинган бензин генераторларидан фойдаланувчи аҳолининг ҳақиқати бошқа.
Бу ерда ҳеч ким бутун ҳаёти давомида барқарор энергия таъминотини кўрмаган ва агар уларга кўмир ёқиш зарур бўлиб қолса, иқлим ўзгариши туфайли кам одам ундан воз кеча олади.
Иқлим фаоллари, айниқса, Нигер дельтасининг нефть қазиб олинувчи минтақасида нефтни бурғулаш ва газ алангаси таъсири ҳақида узоқ вақтдан бери хавотир билдириб келади, аммо ҳукумат ва халқаро нефть компаниялари айтарли чора кўрмаган.
Саудия Арабистони
Саудия Арабистони 2060 йилга бориб эмиссияни нолга туширишни кўзлаган бир пайтда ҳам мамлакат нефть қазиб олишни оширмоқда, деб ёзади Яқин Шарқ бизнеси бўйича мухбир Самир Ҳашми.
Дунёдаги энг йирик нефть экспортчиси Саудия Арабистони Ғарб давлатларининг углерод чиқиндиларини камайтириш бўйича аниқ мақсадни белгилаш ҳақидаги чақириқларига узоқ вақт давомида қаршилик кўрсатиб келди.
Ўтган ой валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон мамлакат ўз олдига 2060 йилгача углерод чиқиндиларини нолга тенглаштириш мақсадини қўйганини эълон қилди.
Аммо саудияликлар бу мақсадга эришиш учун ҳаракат қилар экан, айни пайтда жаҳон эҳтиёжини қондириш учун нефть ишлаб чиқаришни оширмоқда.
Мамлакатнинг юқори мартабали амалдорлари иқлим ўзгаришига қарши курашиш зарурлигини, бироқ буни углеводородларни "қоралаш" орқали амалга ошириб бўлмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Энергетика вазирининг фикрича, дунё ҳам қазиб олинадиган ёқилғиларга, ҳам қайта тикланадиган энергия манбаларига муҳтож.
У ерда мен билан суҳбатлашган амалдорларнинг аксарияти валиаҳд шаҳзоданинг мақсади ва унинг янги тармоқларга сармоя киритиш орқали иқтисодиётни диверсификация қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бироқ атроф-муҳит фаолларининг муносабати сокинлаштирилган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek