You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон Толибон билан савдо қилишга қандай мослашмоқда? Видео
Толибон ҳокимиятга келгач Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида порахўрлик йўқолган аммо бошқа муаммолар келиб чиқаётгани айтилмоқда. Тадбиркорлар янги режим қўл остида савдо қилишга мослашмоқда.
Афғонистоннинг шимолда асосий дарвозаси деб кўриладиган Ҳайратон кўпригидан ўтиб қайтаётган юк машиналари ва поездлар икки давлат ўртасида олди-бердининг қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатади.
Термиз Карго маркази ҳамкорларидан бири тадбиркор Амруллоҳ Саъдуллоҳ 90-йилларда Ўзбекистонга кўчиб ўтган.
У яқинда Термизга келган Толибон ҳайъати вакиллари билан савдо имкониятлари ҳақида суҳбатлашган.
"Карго марказининг меҳмонхонасида Толибон вакиллари билан гаплашганимда улар иқтисод ривожланиши ва эҳтиёж молларининг ўтишидан манфаатдор эканлигини айтишди. Чунки Афғонистонда ун, шакар маҳсулотларига талаб катта", дейди Амруллоҳ Саъдуллоҳ.
- Ўзбекистон – Афғонистон: Толибон расмий Тошкентни яна ишонтирди
- Афғонистон-Ўзбекистон: Толибон Ўзбекистонни шеригимиз деб атади
- Мирзиёев Толибон билан мулоқотда бўлишлари 'табиий' эканини айтди, Ўзбекистон Ҳайратон кўпригини очди
- Афғонлар барибир Ўзбекистонга ўтмоқчими? Ўзбекистон, Афғонистон ва Толибон
Афғонистон билан савдо қилиш доим осон бўлмаган. Бироқ Термиздаги айрим тадбиркорларнинг айтишича, Толибон қудратга келиши ортидан янги муаммолар пайдо бўлган.
Бир ширкат раҳбари харажатлари кўпайиб кетганидан нолиган. Чунки Ўзбекистонда виза билан ишлаётган афғонистонлик ҳайдовчилар қайтиб келолмасликдан қўрқиб Ҳайратон орқали Афғонистонга бориб келишдан бош тортмоқда.
Асли афғонистонлик Аҳмад исмли тадбиркорнинг айтишича, Натижада, ширкати Афғонистон томонда ҳаракатланиш учун бошқа ҳайдовчиларни ёллашга тўғри келмоқда.
Бундан ташқари ҳукумат алмашгач, ҳужжатлаштириш жараёнлари одатдагидан кўпроқ вақт талаб қилинаётгани айтилмоқда.
Ўзбекистонлик ҳайдовчи Рафик Хўжаков Термиздан Мозори Шарифга мунтазам равишда ловия ташийди, қайтишда эса Ўзбекистонга картошка олиб қайтади.
Унинг айтишича, Толибон чегарадаги коррупцияни йўқ қилган, аммо узоқ кутишлар сабаб ширкат ва ҳайдовчилар зарар кўрмоқда.
"Ҳукумат алмашиб, у ерда қонунлар ўзгармоқда. Олдин кириб чиқишимизга 3 кун кетарди. Ҳозир ҳафталаб қоляпмиз. Балки компютерни тушунмаётгандир. Чунки ҳамма нарса ўзгарди. Улар бир-бирини қайта текширишади. Бизга жуда қийин бўлиб қолди, ҳафталаб қолиб кетяпмиз", деган Рафик Хўжаков
Толибон томонидан тайинланган Ҳайратон чегара ўтиш нуқтаси божхона хизмати раҳбари Абдул Саттор Рашид кечикишлар бўлаётганини рад этди.
"Хавфсизлик борасида кўп ўзгаришлар бўлди. Бундан ҳамма - ишчилар, ҳайдовчилар ва қўшни давлат рози. Босқинчилик, ўғрилик каби барча хавфлар йўқотилди. Ушбу ўзгаришларни кўриб, ҳис қиляпмиз"
Афғонистонлик мулозим кечикишларга оид миш-мишларни Афғонистон ҳукуматига қарши кимсалар тарқатаётганини ва бу гаплар замирида асос йўқлигини таъкидлаган.
Денгизга икки давлатни кесиб ўтиш орқали чиқа оладиган Ўзбекистон Афғонистонни маҳсулотларини экспорт қилиш учун муқобил йўллардан бири сифатида кўради.
Расмий Тошкент Толиблар ҳукуматини тан олмаган бўлса-да, иқтисодий алоқаларни бир муддат ҳам тўхтатиб қўймаган.
Афғонистонга зарурий маҳсулотлар чегарадан ўтиб турибди. Электр энергиясини етказиб бериш эса қарздорлик бўлса-да, бир муддат тўхтамаган.
Асли афғонистонлик тадбиркор Амруллоҳ Саъдуллоҳнинг айтишича, икки давлат ўртасида савдо нуқтаси бўлмиш Термизнинг келажаги порлоқ.
200 минг аҳолиси бор шаҳарчага аллақачон кўплаб афғонистонлик тадбиркорлар келиб жойлашган.
Беш йилдан сўнг келсангиз Термизни танимайсиз, дейди у.
2020 йили Ўзбекистоннинг Афғонистон билан савдо ҳажми 776 миллион долларни ташкил қилган. У бир йил олдингига нисбатан 25 фоизга кўпайган. Толибон бошқарувни қўлга киритишидан олдин Кобул ва Тошкент савдо ҳажмини 2023 йилга келиб 2 миллиард долларга етказишни режа қилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek