You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Расмий Тошкент Толибон ҳукуматини қачон тан олади? Қашқадарёда товламачи мухбир қўлга олинди ва ўзбек депутати ЕОИИ билан ҳамкорликни ёқлаб чиқди - O‘zbekiston dunyo yangiliklar
- Махсус вакил Толибон ҳукуматини тан олиш шартларини маълум қилди;
- Депутат ЕОИИ билан ҳамкорлик аҳамияти ҳақида фикр билдирди;
- Қашқадарёда сохта Kun.uz мухбири қўлга олинди;
- Маҳаллий ишлаб чиқарилган вакцина эмлаш учун топширилди;
Толиблар ҳокимиятини тан олиш шартлари
Расмий Тошкентнинг Толиблар ҳокимиятини тан олиши, ҳозирча, имконли эмас.
Бу ҳақда 20 октябрь куни Толибон билан Москвадаги музокараларда иштирок этган Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев маълум қилган.
Спутник нашри билан суҳбатлашган Эргашевнинг маълум қилишича, толиблар ҳокимиятини тан олиш барча шерик давлатларнинг ўзаро келишилган қадами асосида бўлади, ҳеч ким бошқалардан ажралиб турмайди.
"Ҳозирча тан олиш имконияти мавжуд эмас", деган махсус вакил.
Шунингдек, Эргашев Толибон ҳокимиятининг расмий Тошкент томонидан тан олиниши шартларини ҳам тилга олган.
Унинг сўзларига кўра, толиблар томонидан Доха келишуви бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши, афғон жамиятининг барча сиёсий томонларини ўзида ифода эттирган ҳукумат тузилиши, инсон ва аёллар асосий ҳуқуқларининг таъминланиши ҳамда террорчиларнинг Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатларга хавф солишда фойдаланишига йўл қўйилмаслиги Толиблар ҳукуматининг Ўзбекистон томонидан тан олинишига йўл очиши мумкин.
- Ўзбекистон: Мамлакатдан чиқарилмаган Жаҳонгир Отажонов, 18 йилда прописка олган Мирзиёев ва қандай жарималар кескин камайтирилмоқда?
- Илк теледебатнинг илк саволи: номзодларнинг ўзи қани? Мигрантларнинг онлайн норозилиги қандай "бостирилди"? Сўхда аэропорт. Дайжест
- Ўзбекистон: Мирзиёев iPhone 11 ишлатади, бир коронавирус бемори даволанишига 15 миллион сўмдан сарфланмоқда ва мамлакат энди газ сотиб оладими?
- Автоблогер Бобур Ғаниев аппеляцияси қаноатлантирилмади ва ўзбекистонликлар осмонда кўрган учар жисм нима эди?
- Жаримага тортилган Санжай, танқидга учраган тил челленжи ва никоҳ қураётган энг кўп қариндошлар қайси вилоятда?
ЕОИИ билан ҳамкорлик ва депутат фикри
Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ўзаро ҳамкорлик қилиши муҳим аҳамиятга эга.
Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Актам Ҳаитов ўзининг қуйи палата расмий сайтида эълон қилинган мақоласида шундай фикрни илгари сурган.
Ҳаитовнинг фикрича, солиқлар, божлар ва харажатлар тартибга солинган ва камайтирилган ягона ҳудуд ва иқтисодий макондан фойдаланиш шерикчилик ва халқаро савдони енгиллаштиради.
"Масалан, мева-сабзавотлар, тўқимачилик-трикотаж маҳсулотларга бўлган барқарор ўсиш суръатини ҳисобга олган ҳолда, ушбу ташкилот билан ҳамкорлик қилиш экспортни кўпайтиришга хизмат қилиши мумкин", ёзади депутат.
Шунингдек, у ЕОИИга аъзо бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида қийин аҳволда қолаётганини ҳам таъкидлаган.
"ЕОИИ билан ҳамкорлик фуқароларимизга ташкилот доирасидаги умумий меҳнат бозорининг барча афзалликлари ва имтиёзларидан фойдаланиш, меҳнат шартномасига эга шахсларга Россияда муддатсиз қолиш имконини беради", билдиради у.
Актам Ҳаитов ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистон олий таълим даргоҳлари битирувчиларига ҳам енгиллик олиб келишини маълум қилган.
"Ўзбекистонда олинган деярли барча дипломлар бутун ЕОИИ ҳудудида тан олинади. Бу иш берувчи фуқароларга нисбатан қўйилган чекловлар бекор қилиниши ва тартиб-таомилларнинг соддалаштирилишига олиб келди", ёзган у.
Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев номзоди президентликка кўрсатилган ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ҳам ҳисобланмиш Актам Ҳайитовнинг фикрича, ЕОИИ билан ҳамкорлик кучайтирилиши ортидан Ўзбекистонга кириб келиши кутилаётган арзон товарлар мамлакатдаги тармоқларнинг рақобатбардошлигини кучайтиради.
Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан яқиндан ҳамкорлик қилиши йўлидаги илк қадамлар бундан бир неча йил аввал ташланган эди.
Аксар экспертлар ва жамоатчиликнинг норозилигига қарамай, мамлакат 2020 йил декабрида иттифоқда кузатувчи давлат мақомини олган.
- Ўзбекистон: Икки қишлоқ аҳли олтин кони талашиб уришди ва 8 ой ичида четдан қанча доллар келди?
- Ўзбекистон мустақиллигига нималар таҳдид солмоқда?
- Ўзбекистон: Қўлда терилган пахта учун ҳақ белгиланди ва навбатдаги муфтий қандай сайланади?
- Ўзбекистон: 'Одамлар берилган эркинликдан эркалаб кетди' ёки 'минг марта раҳмат' - Мустақиллик сизга нима берди?
Товламачи мухбир
Қашқадарёда ўзини Kun.uz мухбири сифатида таништириб, пул ундиришга уринган шахс қўлга олинган.
Қашқадарё вилоят ИИБнинг хабар қилишича, ҳолат шу йилнинг август ойида Муборак туманида содир бўлган.
Расмий хабарда Муборак тумани яшовчиси 31 август куни ички ишлар органига мурожаат қилиб, ўзини давлат идораларига Kun.uz мухбири ўлароқ таништирган шахс агарда шартнома тузиб, пластик карта рақами ва қўлига 2,6 миллион сўм пул бермаса, тумандаги салбий ҳолатларни интернет нашри сайтига чиқариб юбориш билан таҳдид қилганидан хабар бергани ҳақида сўз боради.
"Натижада, масъул идора вакили унинг қўлига 100 АҚШ доллари ва 500,000 сўм пул берганлигини, шунингдек, унинг талабига кўра, фуқаро Т.Р. исмли фуқаронинг пластик карта рақамига 1,000,000 сўм миқдордаги пулларни ўтказиб берган", дейилади вилоят ИИБ хабарида.
Маълум қилинишича, кейинроқ пул талаб қилган шахснинг ҳеч қандай сайтда ишламаслигидан хабар топган масъул "мухбир"га нисбатан чора кўрилишини сўраган.
Қашқадарё вилоят ИИБ ҳозирда гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган вакцина
ССВ мамлакатда "Jurabek Laboratories" қўшма корхонаси томонидан тайёрланган 2,7 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси эмлаш учун топширилганини хабар қилган.
Қўшма корхона томонидан ишлаб чиқарилган ушбу вакцинанинг 1,4 миллион дозалик илк партияси 30 сентябрь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакилларига топширилган эди.
Ўшанда, корхона томонидан жами 7 миллион доза вакцина ишлаб чиқарилгани, кейинги дозалар бошқичма-босқич эмлаш пунктларига етказиб берилиши маълум қилинганди.
Шунингдек, ССВ 21 октябрь куни мамлакатга Хитойнинг Sinovac вакцинасининг 912 минг дозалик вакцинаси ҳам олиб келинганини билдирган.
ССВнинг маълумотларига кўра, шу тариқа Ўзбекистонга келтирилган ва маҳаллий ишлаб чиқарилган вакциналар миқдори қарийб 35 миллион дозага яқинлашган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek