You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Сифатсиз йўл қурувчиси ҳам қотиллик шеригими? O'zbekiston Yo'l-transport hodisasi
Ўзбекистонда расман 2021 йил бошидан буён 6551 йўл-транспорт ҳодисаси рўй бергани ва оқибатда 1682 инсон ҳаётдан кўз юмгани хабари ушбу мудҳиш статистика сабаблари борасидаги баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсов ЙТҲларнинг 40 фоизи тезликни ошириш оқибати экани, ҳодисаларда 5920 инсон жароҳатланганини маълум қилди.
Асосий сабаб автомобилни тез ҳайдаш эканидан ташқари, кўнгилсиз, фожеали ҳодисаларга яна нималар сабаб бўлаётгани ҳақида фикрлар билдирилаяпти.
Бундан олдин Ўзбекистонда қурилишларда техника хавфсизлигига риоя этилмаслиги, уй ва бошқа иншоотлар талаб даражасидаги сифатга жавоб бермаслиги мавзулари ҳам матбуотда кўп ёритилган.
Хусусан, сув тошқинлари нималигини билмаган Тошкент ва Самарқанд шаҳри кўчаларида йўл қурувчилари ёғингарчилик пайти қор ёки ёмғирни оқизиб кетиши лозим бўлган ариқчаларни қуришни ёддан чиқарганлари мавзуси ҳам кўтарилган.
Мамлакатда аксар қурилишларни муайян бир байрамгача якунлаш талаби қўйилади ва бу ишларни сифатсиз, пала-партиш бажарилишига олиб келаётган асосий сабаблардан биридир.
Мана энди йирик шаҳарлардаги пиёдалар ўтиш йўлакчалари йўл қурилишида деярли ёддан кўтирилиб қолаётгани йўл-транспорт ҳодисаларига олиб кетаётгани муаммоси ҳам кўтарилмоқда.
Тошкентликлар кўчадан қўрқиб ўтишлари ҳақида Би-би-сига айтиб ҳам беришган.
Шу кеча-кундузда Тошкент шаҳрида бўртма пиёдалар ўтиш йўлаги қурилгани ҳақида хабар қилинди, бу хабар кўпчилик томонидан олқишланмоқда.
Аммо ўзбекистонлик таниқли блоггер, Kurbanoff.net" телеграм канали муаллифи Шуҳрат Қурбонов, бўртма пиёдалар йўлаги қурилишида қандай хатога йўл қўйилганини кўрсатди.
Шунингдек, у йўл қурилишида автомобиллар ва пиёдалар хавфсизлигини инобатга олмаган масъул шахсни жавобгарликка тортиш тарафдори эканини билдирди.
"...Пиёдалар ўтиш йўлагида уриб юборилган пиёда - Ўзбекистондаги яна бир қўрқинчли статистика. Мен ҳам бу ҳақда кўп маротаба ёзганман, икки ёки ундан ортиқ чизиқли йўлнинг ҳар бир йўналишида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи бу - жиноят. Бундай ўтиш жойига рухсат берувчи қоғозга имзо қўйган одамни қотилликка уриниш сифатида суд қилиш керак. Тасаввур қилинг-а, Кичик халқа йўлида тартибга солинмаган бундай ўнлаб ўтиш жойлари бор, улардан ўтиш жуда хавфли ва одамлар буни уддалаётганларини омад деб ҳисоблаш мумкин. Бунга рухсат бераётган ҳурматли масъулиятли раҳбарлар, машинангиздан шунчаки тушиб, кундуз куни у ердан камерасиз ўтиб кўринг-чи. Энди, фарзандингиз у ердан ўтиши кераклигини тасаввур қилиб кўринг. Бу борада бирор нарса қилиш керак, бу муаммо тўхташ тақиқланган белгиларидан ва бепул "тонировка"дан кўра муҳимроқ", деб ёзди Шуҳрат Қурбонов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek