You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Pandora Papers: Кўп миллионли "порахўрлик" Ўзбекистонда қандай амалга оширилган?
- Author, Pandora Papers ахборот гуруҳи
- Role, BBC Panorama
Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг сайловолди кампаниясига ҳисса қўшган атоқли донор Европа тарихидаги энг йирик можаролардан бирига аралашган, дейди Би-би-си тадқиқот гуруҳи.
Муҳаммад Амерси 2018 йилдан бери Консерваторлар партиясига £525,000 фунт стерлинг хайрия қилган.
Сизиб чиққан ҳужжатлар унинг қандай қилиб Швеция телекоммуникация ширкати учун бир қатор зиддиятли келишувларни амалга оширганини ҳам ошкор қилади.
Ушбу ширкат кейинчалик АҚШ тарафидан $965 миллион долларлик жаримага тортилган.
Жаноб Амерси айбловларни рад этади.
61 ёшли адвокат 2007-2013 йиллари Telia ширкати учун маслаҳатчилик қилган.
Порахўрлик ва Ўзбекистон
Би-би-си Панорама гуруҳи Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми ҳамда Гардиан нашри билан билан бирга текширув олиб бориб, Муҳаммад Амерси 2010 йили офшор ширкатга $220 миллион доллар тўлов ўтказиш каби зиддиятли жараёнда иштирок этгани ҳақидаги ҳужжатларни қўлга киритди.
Бу ширкатни ўша пайтдаги Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова назорат қилган.
Ушбу тўловни эса АҚШ ҳукумати "$220 миллион долларлик пора" деб атаганди.
Амерсининг адвокатларига кўра, офшор ширкат Telia тарафидан "текширилган ва маъқулланган" бўлган ва шу боис у ҳеч қандай хавотир уйғотмаган.
Британия: Донор пулни қаердан олган?
Жаноб Амерси бойлигининг манбалари қаерда деган саволлар айнан Манчестерда Британия Консерваторлар партиясининг йиллик анжумани ўтадиган паллага тўғри келмоқда.
У 2019 йилги сайловлар учун £100 минг фунт стерлинг ва Бош вазирлик кампаниясига £10 минг фунт стерлинг ҳадя қилган.
Жаноб Амерсининг Россияда туғилган партнёри Надежда Родичева ҳам 2017-2018 йиллар давомида Британия Консерваторлар партиясига £250 минг доллардан кўпроқ пул туҳфа қилган.
Сиёсий қонунчилик бўйича таҳлилчи Гэвин Милларнинг ишонишича, Консераторлар партияси бу пулларни қайтаргани тузук.
"Менимча, улар пулларни қайтариб бериши керак… агар донор борасида жиддий саволлар сўралаётган бўлса" - дейди у.
Лекин таҳлилчининг қўшимча қилишича, "улар пулларни қайтариш масъулияти остида эмас ва бирон қонун ёки йўриқнома уларни бунга мажбурлай олмайди".
Ўтган йиллар давомида Британиядаги бошқа асосий сиёсий партиялар - Лейбористлар ва Либерал Демократлар ҳам (ҳадя қилинган) пулларни қайтариш чақириқларига юз тутишганди.
Айни дамда донорлар учун фақат Буюк Британия сайлов реестрида бўлиш етарли.
Партиялар буни текширгач, истаганча маблағни қабул қилаверишлари мумкин.
"Сиз ўйлашингиз мумкин... яъни қонун уларнинг елкасига кўпроқ масъулият юклаши керак, йирик маблағлар қаердан келганини чуқурроқ текширишлари зарур деб" - дейди Гэвин Миллар.
Сўнгги ойларда Муҳаммад Амерси катта пул эвазига Британия Бош вазири ва Молия вазири билан мунтазам тарзда учрашиб келган донорлар қаторида тилга олинмоқда.
Янги ҳужжатлар: Pandora Papers
Жаноб Амерсининг номи эса сизиб чиққан 12 миллионга яқин ҳужжатда учрайди,
Айни ҳужжатлар эса Pandora Papers деб аталади.
Ҳужжатлар Британия Виргин Ороллари, Панама ва Сингапурдаги офшор молиявий ширкатлар қандай ишлашлари тафсилотларини кўрсатади.
Якшанба куни, масалан, Иордания қироли қандай қилиб улкан кўчмас мулк салтанатига эга бўлганини ва Озарбайжон президенти ҳамда унинг яқинлари Британияда £400 миллион фунт стерлингдан кўпроқ кўчмас мулк келишувларида иштирок этганини Би-би-си ошкор этганди.
Сизиб чиққан ҳужжатларда Британия собиқ Бош вазири Тони Блэр ва унинг рафиқаси Чери айнан офшор келишувларни ишга солиб, £6.45 миллион фунт стерлингга кўчмас мулк сотиб олишгани ва шу асно £312 минг доллар мулк солиғи тўлашдан қутулиб қолишгани ҳақида ҳам ёзилган.
Ҳужжатларга биноан, Муҳаммад Амерси махфий офшор ширкатларни ишга солиб, Британияда иккита (Мэйфейр ва Глостерширда) кўчмас мулк сотиб олади.
Гулнора Каримова ва Амерси
Би-би-си ва медиа ҳамкорлари олиб борган текширувларнинг кўрсатишича, Муҳаммад Амерси Гибралтарда жойлашган ширкатга $220 миллион доллар тўлаш бўйича музокараларда ҳам иштирок этган.
Бу ширкатга эса Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова офшор компания орқали махфий тарзда эгалик қилган.
Telia ўз ширкатларидан бирининг ҳиссаларини 2007 йили унга берган.
Орадан уч йил ўтиб эса ушбу ҳиссаларнинг аксарини ўзи яна $220 миллион долларга сотиб олган.
Айни ҳаракат бўйича қўзғатилган жиноий ишда АҚШ ҳукумати бу усулни Ўзбекистонда телекоммуникация бизнесини юритиш учун "пора бериш" деб атаган.
Telia ўша пайтда Ўзбекистондаги фаолияти учун янги рухсатнома олишга интилаётган бўлган.
Қоралов тарафига кўра, поп-юлдуз ва БМТда элчи бўлган Гулнора Каримова Ўзбекистонда "таъсирга" эга эди.
Айни ҳаракат АҚШ Адлия вазирлиги тарафидан Telia ширкати ва унинг баъзи мулозимларига қарши қўзғатилган ишнинг бир қисми сифатида кўрилади.
Ушбу жараён 2017 йили тугаган ва маҳкамага етиб бормаган. Сабаби - Telia ширкати аксилкоррупция қонунларини бузганини тан олган ва $965 миллион доллар жарима тўлашга розилик берган.
Швецияда Telia ширкати мулозимлари Гулнора Каримова билан олди-берди ишлари бўйича айбланган, аммо бу мамлакатнинг порахўрликка оид қонунлари ушбу ҳолатда тадбиқ этилмаслиги учун улар оқланганлар.
Муҳаммад Амерси ким?
•Британия фуқароси. Кенияда туғилган. Асли келиб чиқиши Эрон ва Ҳиндистондан.
•Британияда таълим олган. Шеффилд ва Кембридж университетларида таббиёт ҳамда ҳуқуқшуносликка ўқиган.
•Ўз хайрия жамғармаси вебсаҳифасида "глобал коммуникацияда атоқли ишбилармон, филантроп ва ғоялар лидери" деб аталади.
•Ўз нутқларида коррупцияга қарши гапирган.
•Яқинда Британия Консерваторлар партиясининг Яқин Шарқдаги алоқаларини кучайтиришга ёрдам берувчи гуруҳ ташкил этгани учун айрим консерваторлар қаршилигига дуч келган.
Амерсининг пора ишига алоқаси қандай?
Панорама қўлга киритган далилларга мувофиқ, Муҳаммад Амерси Telia ширкатининг бошқа келишувларига ҳам аралашган.
Ширкат ички ҳисоботларидан сизиб чиққан ҳужжатлар Жаноб Фалончи Пистончи номли (Mr XY) маслаҳатчининг фаолиятини тасвирлайди ва олти йил давомида унга $65 миллион доллардан кўпроқ пул тўланганини таъкидлайди.
Ушбу тўловлар орасида ойида ўртача $100-200 минг долларлик "дабдабали корпоратив кўнгилхушликлар" ҳам бор, аммо улар учун кетган сарф-харажатлар квитанциялари йўқ.
Ҳисоботда урғуланишича, маслаҳатчига тўланган маблағларнинг баъзилари "қонуний имтиёзлардан номақбул фойдаланиш ҳамда транзакцияларни муваффақиятли амалга оширишга эришиш учун ишлатилган".
Ҳисобот Telia ширкатига бу маслаҳатчи билан алоқаларни узишни маслаҳат берган.
Telia ширкатининг собиқ ижроия раҳбари Микаэла Альберг (у айнан ширкатни тозалаш учун тайинланганди) Панорама билан суҳбатда ҳисоботдаги номи очиқланмаган маслаҳатчи айнан Муҳаммад Амерси эканлигини айтди.
"Унинг атрофидаги одамлар, унга ишонганлар ва унга қулоқ тутадиганлар унинг фаолияти ва бойлиги борасида тушунчага эга бўлишлари муҳим" - деди Альберг.
"У замонавий Швециядаги энг йирик коррупция можароасига аралашган".
Панорама тасдиқлашича, Муҳаммад Амерси 2014 йили Telia йиллик учрашувида эслатилган "маслаҳатчи" бўлган ва Евросиёдаги баъзи транзакциялар ортидан ширкат билан ўртасидаги келишувлари "тўхтатилган".
Айни йиллик йиғинда гапирган ширкатнинг ўша пайтдаги раҳбари Евросиёдаги фаолиятларида юз берган неадекват бошқарув ҳолатлари ва уларнинг номидан олиб борилган лоббилик ҳаракатлари ширкатнинг ахлоқий талабларига мос бўлмаган.
Ўшандан бери Telia ширкати Марказий Осиёдан чиқиб кетди ва у ердаги бизнесларини сотди.
Ҳозирда Скандинавия ҳамда Шимолий Европадаги фаолиятига урғу бермоқда ва корпоратив бошқарувда ўзгаришлар қилган.
Эндиликда очиқлик ва шаффофликка эътибор қаратишини айтмоқда.
Жаноб Амерсининг адвокатлари эса унинг шартномаси тўхтатилганини "буткул сохта" деб аташмоқда.
Уларга кўра, у ширкат раҳбарлари билан бирга юқори мартабали сиёсатчиларни учратган, аммо "фақат муайян шахслар билан иш олиб борган ва у инсонлар асосий ташкилотлардаги сиёсатдонлар бўлишмаган".
Ҳимоячиларнинг айтишича, унинг гонорар ва чиқимлари айни соҳадаги амалларга тўлиқ мос бўлган ва ширкат мунтазам тарзда квитанцияларни кўрсатишни талаб қилмаган.
"Бизнинг мижозимиз норматив имтиёзларни қўлга киритиш ва телекоммуникация шартномаларига эришиш учун Telia ширкати учун канал вазифасини ўтагани ҳақидаги айбловлар мутлақо уйдирма" - дейишган унинг адвокатлари.
Консерваторлар партиясининг айтишича, "маблағ йиғиш бу демократик жараённинг қонунинг бир қисмидир" ва партияга берилган пуллар керакли жойда ишлатилган ҳамда улар борасида қонуний тарзда ҳисоб берилган.
Шунингдек, Консерваторлар партияси ўтган Лейбористлар ҳукумати даврида қабул қилинган қонунлардан четга чиқилмаганини текшириб боришларини ҳам айтган.
Би-би-си Pandora Papers ҳужжатлари ичидан барча сиёсий партияларга қилинган хайриялар ҳақида маълумот излади, аммо фақатгина Консерваторлар партиясининг донорлари борасида ҳужжатлар чиқиб келди.
Pandora Papers - сизиб чиққан 12 миллионга яқин ҳужжат бўлиб, улар дунё раҳбарлари, сиёсатчилар ва миллиардерларнинг махфий бойликлари ҳамда яширин келишувларини ошкор этади.
АҚШда Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми қўлга киритган маълумотлар энг йирик глобал текширувларга етаклади.
Дунёнинг 117 мамлакатидаги 600 нафардан кўпроқ журналист ер юзидаги энг қудратли инсонларнинг яширин бойликлари билан таниша олишди.
Буюк Британияда ушбу тадқиқотларни Би-би-си Панорама ва Гардиан нашри олиб боришди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek