You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Ялпи Ички Маҳсулот атрофидаги рақамлару прогнозларга қанчалик ишониш мумкин? O‘zbekiston dunyo yangiliklar
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти Кармана туманидаги янги қуёш электр станциясини ишга тушириш маросимида "келгуси 5 йилда иқтисодиётимиз ўсишини 1,5 баробарга ошириб, Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмини камида 100 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз", деди.
Бунга таниқли иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров (@the_bakiroo) муносабат билдирар экан, шундай бир аҳдипаймон бундан 20 ой аввал, яъни 2020 йил 22 январда президент муножаатида ҳам тилга олинганини эслайди.
"Биз келгуси беш йил учун юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш, солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш, саноат тармоқлари, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал соҳаларни ривожлантириш борасида катта марраларни белгилаб олдик. Жумладан, Ялпи Ички Маҳсулотни қарийб 2 баробар ошириш ёки 58 миллиард доллардан 100 миллиард долларга етказиш зарур".
Отабек Бакировга кўра, "Ҳозирда паритетсиз баҳоларда Ўзбекистон ЯИМи 60 млрд. доллар атрофида. Келгуси беш йилликда бу кўрсаткични 100 млрд. долларга етказиш учун иқтисодиётнинг йиллик ўсиши 10 фоиздан кам бўлмаслиги керак".
Аммо имкониятлар қанақа?
Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Жамғармаси маълумотларига қараладиган бўлса, иқтисодий ўсишни башорат қилишда ўта эҳтиёткор бўлиш керак.
Айниқса, ҳозирги глобал талотўплар манзарасида...
Ҳозирги нарх-наво ва ҳисоб-китобларга эътибор берилса, Ўзбекистон ЯИМи 2015-2016 йилда 80 миллиард атрофида бўлган.
Аммо айни иқтисодий кўрсаткичга қайтиш ва ундан ўзиб кетиш учун келаси беш йилда ўсиш даражаси халқаро молия институтлари прогнозларидан ҳам юқорироқ бўлиши керак.
Халқаро Молия Жамғармаси Ўзбекистонга доир сўнгги таҳлилида мамлакат иқтисодини оптимизм ва эҳтиёткорликга омухта таърифлаган.
Пандемия Ўзбекистон иқтисодига, айниқса, 2020 йилнинг биринчи ярмида зарба берганини эътироф этар экан, эҳтимолий инқироз соғлиқни сақлаш йўлида ва турфа иқтисодий чоралар билан жиловлангани айтилади.
Натижада Ўзбекистон 2020 йилда ижобий иқтисодий ўсишга эришган оз давлатлар қаторига қўшилди.
2021 йилда эса иқтисодий башоратларига кўра, ўсиш 5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Аммо... ҳушёр торттирадигани шуки, ҳали пандемия тугагани йўқ.
"Ноаниқлик даражаси жуда юқори қолмоқда. Иқтисод тикланиши касаллик тарқалишининг кучайиши, эмлаш жараёнини пасайиши, Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкорларида ўсишнинг сусайиши ҳамда нархлар, айниқса, олтин нархининг ўзгариб туриши туфайли оқсаши мумкин", дейилади Халқаро Молия Жамғармасининг апрел ойида ошкор этган ҳисоботида.
Ялпи ички маҳсулот ўзи нима?
Батафсил ўқиш учун - Ўзбекистон: ялпи ички маҳсулот ошгани сизнинг ҳаётингиз яхшиланди деганими?
Ялпи Ички Маҳсулот бир йил давомида, бир давлат ичида ишлаб чиқарилган маҳсулот ва кўрсатилган хизматларни ҳисоблайди. Бу якуний қиймат қанчалар юқори бўлса, мамлакат шунчалар иқтисодий тараққий топган, қудратли ва фаровон деб кўрилади.
Аммо Ялпи Ички Маҳсулот ўта материалистик тушунча: Унинг ягона мақсади - юқори даражали иқтисодий кўрсаткичга эришиш. Лекин, бу ўсиш аслида одамларнинг турмуш даражасини оширяптими? Бу бошқа масала. Охирги йилларда дунёда Ялпи Ички Маҳсулот бўйича биринчи ўринда турадиган Америка Қўшма Штатларида бу шубҳа остига олина бошланган. Кўплаб таҳлилчиларга кўра, ҳа, иқтисод ривожланяпти, лекин оддий америкаликлар, аксинча, қашшоқлашиб боряпти. Мамлакатдаги бойлик аҳоли ўртасида адолатсиз улашилади, тенглик даражаси ёмонлашгандан ёмонлашяпти.
Ўзбекча мисол... Айтайлик, сиз Термизда яшайсиз. Кўчангизда бир бадавлат оила бор. Улар ҳашаматли саройда яшайди. Бу йил оиладаги машиналар сони бештага етди. Бутун дунёдаги каби, Ўзбекистон иқтисоди буни яхши кўрсаткич, дея йиллик ҳисоботга киритади, ахир мамлакатда бешта қиммат машина сотилди-ку, тўғрими? Лекин, маҳалладаги машинаси йўқ одамлар аҳволи ҳисоботда акс этмайди - улар жамоат транспортида ишга қатнашда давом этади.
Шунингдек, Ялпи Ички Маҳсулот ҳисобланганда, унинг иқлимга таъсири ҳисобга олинмаяпти. Яна бир мисол. Айтайлик, сиз Бахмалда, тоғли ва ўрмонли ҳудудда яшайсиз. У ерда бир жой дарахтлардан тозаланиб, текисланиб, катта савдо мажмуаси қурилди. Тўғри, бу иш ўринларини яратади, Ялпи Ички Маҳсулот ошади, лекин иқлим-чи? Унга бўладиган таъсир ўлчанадими? Ёки, бутун Ўзбекистон учун аянчли мисол, пахтани олинг. Пахтани суғориш учун сарфланган сув ва келиб чиққан қурғоқчилик, ишдан чиққан ер Ялпи Ички Маҳсулотда акс этганми? Йўқ. Битта футболка ишлаб чиқариш учун 2700 литр сув керак бўлар экан, лекин Ялпи Ички Маҳсулотда сув эмас, ўша футболка ҳисобланади.
Яна бир ғалати жойи шуки, агар қаердадир тўфон ё тошқин юз берса, ҳукуматлар қайта қуришга миллионлаб пул сарфлайди ва бу харажат Ялпи Ички Маҳсулотни кўтаради, лекин одамлар уйидан, ишидан, ҳаётидан айрилгани ҳисобланмайди.
1958 йилда "Бадавлат жамият" китобини чоп қилган Жон Кеннет Гелбрайт ёзганди: "Тенгсизлик одамларни хавотирга солмай қўйди". Ҳукуматлар қанча кўп миқдорда ош қилсанг, ҳаммага кўпроқ ош етади деб ўйлаганди, аммо бундай бўлмади. Ҳозирда АҚШда 10% аҳоли мамлакатдаги 75% бойликни назорат қилади.
Энди иқтисодий экспертлар, ўзгараётган дунёга мос, табиий заҳираларни асрайдиган, инсон фаровонлиги ва тенгсизликни йўқ қилишни мақсад қилган янгича усулни ўйлаб топишни таклиф қилишмоқда. Чунки, Ялпи Ички Маҳсулот тоза ҳаво, соғлик, умр кўриш муддати, жинслар тенглиги, имконият, таълим ва кўплаб бошқа жиҳатларни ўлчамайди.
Иқтисод бўйича Нобель мукофоти совриндори Жозеф Стиглицнинг огоҳлантиришича, агар дунё лидерлари Ялпи Ички Маҳсулотга мубталоликларини тўхтатишмас экан, иқлим таҳдиди ва молиявий тенгсизликка қарши курашиш, ҳамда демократиянинг таназзулини тўхтатиш жуда қийин бўлади. "Буни ривожланган давлатлардаги сиёсий намойишларда кўряпмиз, иқтисодий шикоятлардан фойдаланиб қолаётган демагоглар кучайишида, ёнғинлар авжига чиқаётган, тошқинлар ва қурғоқчилик тобора кўп юз бераётган табиатимизда кўряпмиз" дейди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek