Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи, бутун МДҲда эса фақат Россиядан кейин иккинчи - O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Токио Олимпиадаси чемпиони ва рекордчиси Акбар Жўраев

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Токио Олимпиадаси чемпиони ва рекордчиси Акбар Жўраев
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Боксчи Баҳодир Жалолов финалда. Ўзбекистон Токиода ҳозирча қолган бирор бир Марказий Осиё давлати эриша олмаган ютуққа эришди. Олимпиаданинг иккинчи олтин медали ва рекордига оид хабарга шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эътибор қаратди. Тошкентда ўтказаётган видеоселектор йиғилишини бўлиб бўлса-да, хушхабарни ҳаммага ўқиб эшиттирди. Бунақаси мамлакат тарихида бўлмаган.

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Акбар Жўраев кеча, 3 август куни яна бир бор Олимпиада рекорди билан олтин медални қўлга киритди.

У даст ва силтаб кўтариш бўйича Олимпиада рекордини янгилади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, "бу унутилмас воқеълик ўзбек спорти ва оғир атлетикачи учун жуда катта аҳамиятга эга" эканлигини билдирди.

Қўмита спортчининг қаторисига икки бор Олимпиада рекорди билан чемпионликни қўлга киритаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев оғир атлетикачи Акбар Жўраевнинг олтин медали ва ўрнатган янги рекордига шахсан муносабат билдирди.

Видеоселектор йиғилишида экан, янгиликни ўша оннинг ўзидаёқ бўлишиш сўзлаб турган вазирининг ҳам гапини бўлди. Хушхабарни куттириб ўтирмади.

Президент матбуот хизмати ҳам кечанинг ўзида бу онлар билан расман бўлишди:

Ўзбекистон президенти ўзининг Япониядан худди шундай хабар кутганлигини айтди.

Янгиликни ўрнидан туриб, қарсак чалиб олқишлади, хурсандчилигини видеоселектор йиғилишидагилар билан бирга ошкора баҳам кўрди.

Барчани Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Токиода эришган ютуқ билан шахсан табриклади.

Бунинг ўзлари учун "жуда катта куч-қудрат, мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги, янги Ўзбекистонга жуда катта нарса экани"ни таъкидлади.

Ўзбекистон ва Токио Олимпиадаси

Токио Олимпиадасининг тантанали расмий очилиш маросими

Сурат манбаси, Reuters

Акбар Жўраевнинг олтин медали билан Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги медаллар сони жами учтага етди.

Ҳисобидаги иккита олтин ва битта бронза медали билан Ўзбекистон медаллар жадвалида энг пешқадам Марказий Осиё давлати мавқеини янада мустаҳкамлади.

Совриндор 78 жамоа орасида 28 -ўринга кўтарилиб олди.

Қолган минтақа давлатлари ҳалича Токио Олимпиадасининг олтин медалини қўлга киритишмаган, рекордини ҳам янгилашмаган.

Қирғизистон шу пайтгача Ўйинларнинг битта кумуш ва битта бронза медалини олишга муваффақ бўлган.

Туркманистон ҳисобида ҳали-ҳануз битта кумуш, Қозоғистонникида эса, учта бронза медали бор.

Тожикистон Токио Олимпиадасидаги иштирокини бирор бир медалсиз якунлаган, аллақачон Ўйинлардан чиқиб кетган.

МДҲ давлатлари мисолида эса, Ўзбекистон Россия Олимпия қўмитасидан кейин иккинчи ўринда келмоқда.

Акбар Жўраевники Ўзбекистон Олимпя терма жамоаси Токио Олимпиадасида қайд этган иккинчи рекорд бўлди.

Бундан аввал ҳам Ўзбекистоннинг яна бир оғир атлетикачиси янги рекорд ўрнатган, Муаттар Набиева Олимпия рекорди билан тарихга кирган.

Аммо у ҳар икки машқ натижасига кўра, Ўйинларнинг тўртинчи ўрни билан кифояланишга мажбур бўлганди.

Улуғбек Рашитов

Сурат манбаси, official

Бу йилги Ўйинларда жамоа ҳисобидаги илк олтин медални 19 ёшли таэквондочиси Улуғбек Рашитов келтирган.

Ёш таэквондочиси ҳам олий ўрин учун бўлган курашда собиқ ва амалдаги жаҳон чемпионларини енгиб, Токио Олимпиадасининг сенсациясига айланган.

Жамоа ҳисобидаги ҳозирча ягона бронза медалини эса, дзюдочиси Давлат Бобонов келтирган.

Ўзбекистон бугунги бокс беллашувларида Токио Олимпиадасининг яна бир - камида кумуш медалини нақд қилди.

Боксчиси Баҳодир Жалолов энг оғир вазн тоифасида Ўйинларнинг ярим финал жангини ҳозиргина ўз фойдасига ҳал қилди.

Баҳодир финал йўлланмаси учун муросасиз кечган жангда британиялик боксчи Фрейзер Кларкни ҳам мағлуб этди.

Баҳодир бу йилги Токио Олимпиадасида бу каби ютуққа эриша олган ягона ўзбекистонлик боксчи бўлди.

Бугун, 4 август куни яна каноэчилари, енгил атлетикачилари ва эркин курашчилари ҳам Токио Олимпидасининг совринли ўринлари учун курашиб кўришади.

Айнан пандемия боис бир йилга кечиктирилган эса-да, Токио Олимпиадаси барибир ҳам яна коронавирус билан боғлиқ аҳвол қайта ёмонлашиб бораётган бир манзарада бўлиб ўтмоқда.

Токио Олимпиадаси ва Ўзбекистон

Ўзбекистонлик совриндор дзюдочи

Сурат манбаси, official

Токио Олимпиадасида Ўзбекистонни жами 71 спортчиси намоён этмоқда.

Улар Ўйинларда 17 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.

Ўзбекистон сўнгги - XV Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларини ўзи учун тарихий натижа билан якунлаган.

Тўртта олтини илова Ўйинларнинг жами 13 медалини қўлга киритган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 25 июнь кунги қарори билан Токио Олимпия ва Паралимпия Ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларининг:

олтин медаль учун - 200 000 АҚШ доллари;

кумуш медаль учун - 100 000 АҚШ доллари;

бронза медаль учун - 50 000 АҚШ доллари;

миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши кўзда тутилган.

Бу харажатларнинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши айтилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek