Дайжест. Россия-Ўзбекистон: Москва ўз тинчини бузганларни аямайдими? Кузминкида муштлашганлар депортация килинади Rossiya O'zbekiston yangiliklar

  • Ўзбекистонда яна коронавирус хавотири;
  • Тошкентда Covid учун махсус поликлиникалар;
  • Ҳайит - Туркияда, Ўзбекистонда, Россияда ҳам дам;
  • Россия мигрант журналистларни нима мақсадда тўплаяпти?;

Асосан пичоқ жароҳатлари ва кўкаришлар

13 июлга ўтар кечаси Москвада Кузминки метроси яқинида оммавий муштлашувда асосан меҳнат муҳожирлари иштирок этишган.

Жанжал иштирокчилари орасида жабрланганлар ҳам бор, деб хабар беради "Интерфакс" ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбасига асосланиб.

Агентлик маълумотларига кўра, уч киши касалхонага ётқизилган, қолганларга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.

"Асосан, пичоқ жароҳатлари ва кўкаришлар", - деди Интерфакс манбаси.

Оммавий тўқнашувдан сўнг Марказий осиёлик 102 муҳожир ҳибсга олинган, деб хабар бермоқда РИА Новости полициядаги манбасига асосланиб. Интерфакс хабарига кўра, жанжалдан кейин ўнлаб одамлар ҳибсга олинган.

Майда безорилик учун ҳайдалиш

"Ҳибсга олинганларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи ҳал қилинмоқда", - деди агентлик суҳбатдоши, бу Маъмурий кодекснинг "Ҳокимият вакилининг қонуний талабига бўйсунмаслик билан боғлиқ бўлган" майда безорилик ҳисобланади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик учун ҳибсга олиш 15 кунгача ёки бир мингдан 2,5 минг рублгача жарима билан таъминланади.

Сешанба куни Ички ишлар вазирлиги Кузминки ҳудудидаги жанг учун ҳибсга олинганлар Россиядан чиқариб юборилишини айтди.

"Чет эл фуқаролари суд қарори билан маъмурий жарима солиниши билан Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юборилади ва бир қатор шахсларга нисбатан Россия Федерацияси ҳудудига кирмаслик тўғрисида қарор қабул қилинади", - дейилади Москва Ички ишлар бошқармаси сайтидаги баёнотда.

Махсус поликлиникалар

Тошкентнинг 11 туманида коронавирус билан касалланганликда гумон қилинган инсонларга дастлабки санитария ва тиббий ёрдам кўрсатиш учун махсус поликлиника очилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган хабарга кўра, муассасаларда кеча-кундуз хизмат кўрсатилади. Ушбу поликлиникаларнинг ҳар бирида учта врачлик бригадаси мавжуд бўлиб, улар таркибида иккита врач ва иккита ўрта тиббиёт ходими мавжуд бўлиб, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун махсус поликлиникалар рентген аппаратлари ва кислород концентраторлари, пульс оксиметрлари ва керакли тўпламлар билан таъминланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги махсус поликлиникалар пойтахтдаги барча оилавий поликлиникалар билан бирлаштирилганини билдирган. Одамлар оилавий шифокорлар ва "103" тез ёрдам хизмати йўлланмаси билан муассасаларга кириш имкониятига эга бўлишлари мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, 2021 йил 13 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 117409 (+491) нафарни ташкил этмоқда. Бундан ташқари, кеча кун давомида 319 нафар кишида пневмония аниқланди.

Шунингдек, 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 781 нафарни ташкил қилган.

Ким кўп байрам қилади?

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити байрами 20 июль куни нишонланиши маълум қилинди. Байрам муносабати билан ўзбекистонликлар 21−22 июль кунлари ҳам дам олишади.

Туркияда эса ҳайит байрами муносабати билан 7 кунлик дам олиш куни белгиланди.

Ўзбекистонликларнинг катта қисми меҳнат муҳожирлигида бўлган Россияда келаётган ҳафта тўлиқ иш куни ҳисобланади. Бироқ мамлакат таркибидаги аҳолисининг аксари мусулмон бўлган 9 та республикада байрам таътиллари эълон қилинди.

Жумладан, Башқирдистонда 4, Чеченистонда 3 кун, Татаристон, Доғистон, Татаристон, Кабардин-Болқор, Қорачой-Черкес, Адигея ва Қрим аҳолиси Қурбон ҳайити муносабати билан дам олишади.

Ўзаро айбловдан - мулоқотга

Миллатлараро Журналистика Гилдияси ташаббуси билан Муҳожир журналистларнинг норасмий бирлашмасини яратиш тадбирлари бошланди.

12 июль куни мазкур бирлашманинг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилотчилардан ташқари Марказий осиёлик журналистлар ва блогерлар, диаспора вакиллари қатнашган.

Лойиҳа ташаббускори - Россия жамоатчилик палатаси аъзоси Маргарита Лянге.

Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, мигрантлар мавзусини ёритишда ўзаро айбловлардан мулоқотга ўтиш вақти келган.

Пресс-релиз билдиргиларидан англашиладики, норасмий бирлашма тузилишидан мақсад, мигрантлар мавзуларини ёритадиган журналист, блогер, жамоатчилик фаоллари билан ўзаро ҳамкорлик қилишдир.

- Биз ахборот маконидаги вазиятни ўзгартириш бўйича аниқ қадамларга эътибор қаратмоқдамиз. Умид қиламанки, биз биргаликда бир-биримизга бўлган тушунмовчилик ва ишончсизлик деворини ёриб ўтамиз, - деди лойиҳа ташаббускори Маргарита Лянге.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek