You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Бош оғриғи ва тумов: Дельта ёки ҳиндча штамм белгилари оддий ковиддан қандай фарқ қилади – Ўзбекистон ва дунё Hindiston Qozog‘iston O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar
Шифокорлар одамларга ниҳоятда диққатли бўлишни маслаҳат беришмоқда. Уларнинг айтишларича, коронавирус ҳиндча штаммининг белгилари бошқалариникига ўхшамайди. Ҳиндча штамм яқинда Россия ва Қозоғистонга кириб келган. Ўзбекистонда ҳам борлиги ҳалича буткул рад этилмаган.
- Йўтал
- Юқори ҳарорат
- Ҳид ва таъм билишни йўқотиш
оддий ковидга хос энг умумий хусусиятлар бўлади.
Энди эса, улар яна янгилари:
- Бош оғриғи
- Томоқ оғриғи
- Қаттиқ тумов
билан бойиди.
Аммо айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш керакки, янги белгиларнинг барчаси ковид хасталигига хос бўлган бошқалари билан умумийликда қаралиши керак.
Чунки алоҳида олганда, бу белгиларнинг ҳар бири бошқача сабабга эга бўлиши мумкин.
Дейлик, пичан безгаги ҳолатида одамлар, одатда, томоқ, бош оғриғи ва қаттиқ тумовдан шикоят қилишади.
Аммо бунга кўпинча ўсимликларнинг гуллаши билан боғлиқ мавсумий аллергия сабаб бўлади.
Бу каби ҳолат эса, айнан июнь ойида кўп кузатилади.
(Пичан безгаги ёки ўзингиздаги қандайдир одатий хасталик ўзгача кечаётганини ҳис қилсангиз, мутахассисга мурожаат қилганингиз мақсадга мувофиқ бўлади).
Лекин, тадқиқотчиларга кўра, юқорида тилга олинган янги аломатларга келганда, сўз айнан коронавируснинг ҳиндча штамми ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.
Zoe Covid Symptom study тадқиқоти муаллифи, профессор Тим Спекторнинг айтишича, дельта штаммини юқтирган ёшлар ўзларини қаттиқ гриппга чалинганман, деб ўйлашади.
Улар ўзларини жуда ёмон ҳис қилмасликлари мумкин, аммо бошқаларнинг саломатлигини жиддий хавф остига қўйишади.
Чунки штаммни бошқаларга юқтириш хавфлари жуда юқори бўлади.
Худди шу боис ҳам, мутахассислар бунга ўхшаш аломатларни ҳис қилган одамларга ўзларини ковидга текширтиришни маслаҳат беришади.
Профессор Спекторнинг жамоаси махсус мобил иловалар ёрдамида минглаб одамлардаги белгиларни ўрганган.
Унинг ана шу маълумотларга таяниб, хулоса қилишича, ҳозирга келиб, беморларда коронавирусга хос одатий аломатлар камайиб бормоқда.
Профессорга кўра, ковид беморларида энг кўп учраётган белгиларни шу йил май ойидан буён қайд этиб боришган, улар эса, аввалгиларидан фарқ қилган.
У бундай ўзгаришлар сабабини ҳиндча штаммни юқтириш ҳоллари ортиб бораётгани билан изоҳлаган.
Дейлик, жорий пайтда Британиядаги жами касалланиш ҳолатининг 90 фоизи дельта штамми ҳисобига тўғри келади.
Маълум бўлишича, касаллик ҳали ҳам юқори иситма билан кечиши мумкин.
Аммо ҳид ёки таъм билишнинг йўқолиши ҳозир ҳатто ковидга хос ўнта аломатдан биттаси ҳам эмас.
Профессор Тим Спекторнинг айтишича, янги штамм, афтидан, ўзини бошқача "тутади".
"Одамлар ўзларини худди мавсумий гриппга чалинганман, деб ўйлашади. Худди шу хаёлда бошқалар билан бемалол мулоқотда бўлишади. Ўзлари билмай, хасталикни уларга ҳам юқтиришади. Бизнингча, бу катта муаммо туғдиради", - дейди олим.
Профессор Спекторники бу борада ўтказилган ягона тадқиқот эмас.
Лондоннинг Империал коллежи Британияда ҳали "альфа" - британча штамм етакчи бўлган пайтда ўз тадқиқотини олиб борган.
Улар ўз тадқиқотлари жараёнида Англияда бир миллиондан ортиқ кишидаги белгиларни ўрганишган.
Бу тадқиқот ортидан ҳам олимлар коронавируснинг кўплаб янги белгиларини аниқлашган.
Улар ваража, иштаҳанинг йўқолиши ва мушакдаги оғриқлар ҳам ковиднинг аломатлари бўлиши мумкин, деган хулосага келишган.
Шу билан бирга, расмий тавсияларда:
- Янги пайдо бўлган тўхтовсиз йўтал
- Юқори ҳарорат
- Таъм ёки ҳид билишнинг йўқолиши/ўзгариши
коронавирусга хос умумий аломатлигича қолмоқда.
Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги эслатмасида ҳам ковид билан боғлиқ бошқа белгилар борлиги алоҳида таъкидланади.
Аммо вазирлик уларнинг ҳар доим ҳам коронавирус нишонаси бўлмаслигини назарда тутаркан, бу белгилар ўзингизни бирданига коронавирусга текширтиришнинг сабаби бўла олмайди, дейди.
Ўзларидаги худди шунга ўхшаган аломатлардан хавотирда бўлганларни эса, тиббий кўмак сўраб, шифокорларига мурожаат қилишларини маслаҳат беради.
Коронавируснинг дельта ёки ҳиндча штамми ҳозирга келиб дунёнинг юзга яқин давлатига кириб борган.
Худди шу штамм тез орада қолган барчасини сиқиб чиқариб, дунёда доминантига айланишига оид жиддий хавотирлар бор.
Ҳиндча штаммининг бошқаларига қараганда энг юқумли ва ҳалокатлиси экани айтилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek