You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Сизни қизиқтирган савол: Москвадаги карантин рейсларга таъсир қиладими – юрист жавоб беради. Ўзбекистон ва Россия Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar
Россияда яна коронавирус билан боғлиқ аҳвол ёмонлашди.
Москвада карантин чоралари кучга кирди.
Бу ўзбекистонлик мигрантлар орасида озмунча саволларни пайдо қилмай қўймади.
Россиядаги энг кўп ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари айнан Москва ҳисобига тўғри келади.
Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Россияда биргина меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари ўзининг сони пандемиягача миллионларга нисбат бериб келинган.
Россияда коронавирус билан боғлиқ аҳвол ёмонлашиб, карантин чораларининг қайтаётганига оид хабар икки давлат ўртасида миграция оқими ва мунтазам авиақатновлар қайта жонланаётган бир пайтга тўғри келган.
Худди шу икки масала глобал коронавирус пандемияси билан кечган бир ярим йилча вақт оралиғида катта сондаги ўзбекистонликларни энг кўп ўйлантирган мавзулардан бири бўлиб келган.
Россия шу йилнинг 4 апрель куни ўзбекистонликлар талабаларга ўз таҳсилларини давом этдиришлари учун ортга қайтишга расман рухсат бергани хабар берилганди.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Агар куни-кеча эълон қилинган расмий статистикага таянилса, мамлакат аҳолиси сони ҳозир қарийб 35 миллион кишига яқинлашган.
Аксар фуқаролари мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.
Бу ердаги миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги, йилларки, четда - асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбораётган пуллар ҳисобидан ўтиб келган.
Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Аммо шу кунларда Россияда коронавирус билан боғлиқ аҳвол яна ёмонлашган.
Кундалик рақамлар яна шитоб билан орта бошлаган.
Касалликка чалиниш ўтган уч ой давомида кузатилмаган бир даражага етган.
Москва яна коронавирус ўчоғига айланган.
Шу дам олиш кунларида Россия пойтахтида кундалик кўрсаткичлар 7 мингтага яқинлашган.
Сўнггига қадар бундай эҳтимол ва танловни назардан соқит этиб келаётган масъуллар 12 июнь куни шаҳарда яна карантин чораларини эълон қилишган.
Улар пандемия хуружининг бу йил июнь-июль ойларига тўғри келишини тахмин қилишган.
Бу ўтган бир ярим йилча вақт ичида Россия пойтахтида учинчи бор карантин чораларининг кучайтирилиши бўлган.
Айримлари аллақачон кучга кирган янги тартиб-қоидаларга мувофиқ:
- 15−19 июнь кунлари ойлик маошларни сақлаб қолинган ҳолда ишланмайдиган кунлар деб эълон қилинган. Бунинг ортидан, "узун дам олиш кунлари"нинг жами 9 кун - 12 июндан 20 июнгача давом этиши маълум бўлган. Бу қарорнинг одатда дам олиш кунлари ишламайдиган ташкилот ва идораларга тааллуқли экани айтилган.
- 13 июндан бошлаб иш берувчиларга камида 30% ходимлари, шунингдек, 65 ёшдан ошган ёки сурункали касалликлардан азият чекадиган барча ишчиларини (агар улар Ковид-19га қарши эмланмаган бўлсалар) камида масофадан ишлаш режимига ўтказиш тавсия этилган.
- Иш берувчилар "ишчиларнинг иш жойида бўлишини минималлаштириш" ва "эмлашни тарғиб қилиш бўйича" чоралар кўрилишини таъминлашлари кераклиги таъкидланган.
- 13 июндан 20 июнга қадар ҳайвонот боғлари, умумий овқатланиш объектлари ва болалар учун ўйин хоналари фаолияти тўхтатилган.
- Шаҳарнинг катта паркларида аттракционлар, болалар майдончалари ва спорт майдончалари, ижарага бериш пунктлари ёпилиши, уларда "фақат сайр қилишингиз мумкин"лиги айтилган.
- Барлар, кафе ва тунги клублар фаолияти ҳам чекланган, ушбу давр мобайнида уларнинг соат 23:00 дан 6:00 гача кўнгилочар тадбирлар ўтказиши ва мижозлар қабул қилиши тўхтатилган. (етказиб бериш хизматларидан ташқари).
- Москванинг катта боғларида ва табиат ҳудудларида аттракционлар, болалар ва спорт майдончалари, бошқа объектлар ёпилган.
Шунга ўхшаш чекловларнинг Санкт-Петербургда ҳам жорий қилингани айтилган.
Москва ва Санкт-Петербург Россиянинг энг кўп сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида банд шаҳарлари бўлади.
Янги карантин чоралари ўзбекистонлик мигрантлар орасида озмунча саволларни пайдо қилмай қўймаган.
Бунга Москвадан узоқ йиллар давомида Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган асли ўзбекистонлик юрист Зарнигор Омониллаеванинг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги акаунтларида шу кунларда чоп қилинган савол-жавоблар ҳам далолат қилган.
Уларни энг кўп қизиқтирган саволлардан бири айнан бир йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон ва Россия ўртасида қайта тикланган мунтазам ҳаво парвозлари билан боғлиқ экани кўрилган.
Саволлардан бири: Кўчага чиқса бўладими?
Зарнигор Омониллаева, юрист: Ҳа, кўчага чиқиш мумкин. 20 июнгача киритилган чекловлар худди дам олиш кунларини узайтиргандек бўлиб киритилди. Кўчада юриш, ишга бориш/келиш, магазин, бозор, парк, ҳаттоки ТЦ/ТРЦларни ҳам айланишга рухсат бор. Шунчаки фудкортларда ўтириб овқатланиш, ўйин марказларида болаларни ўйнатиш, 23:00 дан ҳеч нарса ишламагани учун бирон ерга бориш имкони йўқ.
Саволлардан бири: Рейслар тўхтатиладими?
Зарнигор Омониллаева, юрист: Йўқ, тўхтатилмайди. 20 июнгача дам олиш кунлари узайтирилгани ва чекловлар жорий қилингани рейслар сонига ҳам, мунтазамлигига ҳам таъсир қилмайди. Билет олганлар ҳам, оладиганлар ҳам хавотир олмаса бўлади.
Юрист янги карантин чораларига бағишланган постида "ҳамма жойда ижтимоий масофа, тиббий ниқоб ва қўлқоплар каби эҳтиёт чоралари қайтгани" ҳақида ҳам маълумот берган.
Мигрантлар айни эҳтиёт чораларига риоя этмаганларни "жарима тортиш кучайтирилиши" билан ҳам огоҳлантирган.
Агар, ўтган ойги маълумотларга таянилса, пандемия ортидан, турли сабабларга кўра, 600 мингга яқин ўзбекистонлик Россиядан ортга қайтган.
Айни пайтда 400 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг Россияга кира олмаётгани айтилади.
Карантин боис, бир йилдан буён муҳожирларнинг Россияга киришига чеклов ўрнатилган.
Аммо Ўзбекистон томони сўнгги ойларда минглаб фуқароларини шартнома асосида Россияга яна ишга қайтариш ҳаракатида.
Россия орада мамлакатда қолаётган мигрантларга ҳам енгилликлар яратган, қолиш муддатларини бир неча бор узайтирган ва маълум вақт уларни мамлакатдан чиқариб юборишни бекор қилган.
Бугун, 15 июнь куни уларга берилган якуний муҳлат ўз поёнига етаркан, миграция марказлари қайддан ўтиш илинжидаги мигрантларга тўлиб кетгани, улкан навбатлар юзага келганига оид хабарлар ҳам олинган.
Агар улар бугун ҳисобидан қонуний қолиш муҳлатларини расман узайтира олишмаса, Россияни тарк этишга мажбур бўлишлари айтилган.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси куни-кеча эълон қилган расмий маълумотларга таянилса, ўтган йили Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 50 минг 700 нафар Ўзбекистон фуқаросининг мақоми қонунийлаштирилган.
Аммо агентлик шу билан бирга Россия томони билан ҳамкорликда яна ҳуқуқий мақоми қонунийлаштирилиши керак бўлган 300 мингдан ортиқ ўзбекистонликнинг рўйхати шакллантирилганини ҳам маълум қилган.
Ўз навбатида уларни 15 июнга қадар ўзларига берилган ана шу енгиллик ва ҳуқуқларидан фойдаланиб қолишга ҳам чақирганди.
Россияда ҳозирга келиб жами коронавирусга чалинганлар сони 5 миллион кишидан ортган.
Россия жорий пайтда дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган олтита давлатидан биттаси бўлиб турибди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek