Ўзбекистон: Энди Ҳаж сафарига борувчиларнинг навбатига нима бўлади? O'zbekiston koronavirus musulmonlar

Сурат манбаси, Muslim.uz
Ўзбекистон томони Саудия Арабистони ҳукуматининг бу йилги Ҳаж мавсумини ташкил этиш бўйича чиқарган қарори юзасидан расмий баёнот билан чиқди.
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари бўйича вазирлигининг 12 июнь кунги қарорига кеча, душанба куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ўз муносабатини билдирди.
Саудия ҳукумати эса, глобал коронавирус пандемияси боис, яна Ҳаж зиёратига четдан ҳеч кимни қўймасликка қарор қилганди.
Қўмитанинг билдиришича, бу ҳақдаги расмий маълумот ўзларига Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси Ҳаж ва умра масалалари бўйича Атташеси томонидан тақдим қилинган.
Мазкур расмий маълумотда эса, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар ҳамда Ҳаж ва умра вазирликлари томонидан Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 13 июнь куни ташкил этилган матбуот анжумани ва ҳукуматининг бу йилги Ҳаж мавсумини ташкил этиш қарори ҳақида сўз борган.
Диний ишлар бўйича қўмитанинг ўз расмий баёнотида маълум қилишича, Ўзбекистон томони ҳам Саудия ҳукуматининг бу қарорини қўллаб-қувватлаган.
Қўмита мазкур қарор сабаб, ўзбекистонлик Ҳажга борувчиларнинг навбатига нима бўлиши саволига ҳам ойдинлик киритган.
Бу галги Ҳаж зиёрати ҳам глобал коронавирус пандемияси ҳамон жиддий муаммо бўлиб турган бир пайтга тўғри келган.

Сурат манбаси, AFP
Саудия Арабистони бу йил ҳам чет эллик зиёратчиларнинг Ҳаж зиёратидаги иштирокларини чеклаган.
Ҳаж зиёратини яна фақат маҳаллий аҳолиси ва подшоҳликда доимий яшовчи резидентлар учунгина ташкил этишга қарор қилган.
Бўлажак зиёратчиларнинг сонини 60 минг билан чеклаган.
Уларнинг ёшларини 18 дан 65 гача қилиб белгилаган.
Барчасининг коронавирусга қарши эмланган бўлишлари ва сурункали хасталиклардан фориғ бўлишларини шарт қилиб қўйган.
Фақат Pfizer, Astrazeneca, Moderna ва Johnson&Johnson вакциналаригина тан олинишини айтган.
Саудия Арабистони томони буни жаҳонда кузатилаётган мураккаб эпидемиологик вазият ҳамда ҳожиларнинг соғлигини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсади билан изоҳлаган.

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитасининг ўзларига тақдим этилган расмий хатга таяниб маълум қилишича, Саудия ҳукуматининг ушбу қарори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Саудия уламолари Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ислом мамлакатларидаги кўплаб фатво ҳайъатлари ва бошқа илмий марказлар томонидан маъқулланган.
Қўмита ҳам ўзининг расмий баёнотида ҳозирги вақтда подшоҳликда мураккаб эпидемиологик вазият сақланиб қолаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Саудия Арабистонида ҳар куни ўртача 1000 дан ортиқ вирус билан касалланиш, 15-20 та ўлим ҳолати кузатилаётганини ҳам маълумот ўрнида келтириб ўтган.
Кеча, 14 июнь куни эълон қилинган мазкур баёнот тафсилотларидан маълум бўлишича, юқоридагиларга асосланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши ҳам Саудия Арабистони ҳукуматининг ҳожилар манфаатлари, уларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилишни таъминлаш нуқтаи-назаридан қабул қилган ушбу қарорини қўллаб-қувватлаган.

Сурат манбаси, Muslim.uz
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг йирик мусулмон давлати бўлади.
Мамлакат аҳолисининг сони расман 35 миллион атрофида экани айтилади.
Марказий Осиёдан Ҳажга энг кўп зиёратчилар ҳам айнан Ўзбекистондан боради.
Саудия Арабистони 2017 йилда Ўзбекистонга Ҳаж зиёрати учун бераётган квоталари сонини қарийб 40 фоизга оширган.
Сўнгги йилларда ҳар йил етти мингдан зиёд ўзбекистонлик Ҳаж зиёратини адо этиб келган.
Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси эса, ўзининг расмий баёноти якунида Жамоатчилик кенгашининг эслатмасига тўхталиб ўтган.
Саудия Арабистонининг сўнгги қарори манзарасида Ҳаж сафарига боришни режалаштирган ўзбекистонликларнинг навбатлари кейинги мавсум учун ҳам сақланиб қолиши маълум бўлган.
Саудия томонининг ўтган йилги худди шунга ўхшаш қарори айрим минтақа давлатларида одамларнинг Ҳаж зиёрати учун йиққан пулларига энди нима бўлишига оид саволларни ҳам пайдо қилмай қолмаган.
Тожикистон Уламолар Кенгаши Ҳажга боролмай қолган зиёратчиларга пулларини хайрли ишлар ва Ватан ободлиги учун сарфлашни маслаҳат беришгача боргани хабар берилган.
Минтақавий нашрлардан бирига билдирган фикрларидан эса, айрим тожикистонликларнинг Ҳаж учун йиққан пулларини қабристон йўлини таъмирлаш, четда меҳнат муҳожирлигида банд яқинларини ортга қайтариш ёки пулсиз қийналиб қолишгани боис, рўзғорга сарфлашга қарор қилганликлари маълум бўлган. Яна бирлари эса, бу пулга фарзандларининг бошини иккита қилиб қўйганликларини ҳам айтишган.
31 май куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси бундан аввал айрим маҳаллий нашрлар ва ижтимоий тармоқлардаги Саудия Арабистони Ҳаж зиёрати қандай ўтказилишини эълон қилганига оид хабарларни расман рад этиб чиққан.
Идора Ҳаж ва Умра сафарларига оид ўрганишларни давом эттирган ҳолда уларга боғлиқ хабарлар расмий нашрларда эълон қилинишини маълум қилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














