Электр энергиясини тежанг, жазирама иссиққа президент эътибор қаратди - O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

hot weather

Сурат манбаси, Umida Ahmedova

Шу кунларда Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистонда ҳаво ҳароратининг янада исиши, +44...+47 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Ёз мавсумининг илк кунларида башорат қилинаётган бу каби жазирама иссиқнинг аномал экани айтилаётир.

Об-ҳавонинг кескин исиши шу кунларда Туркманистон президенти хосан ўз эътиборини қаратган масалалардан бири бўлган.

Гурбангули Бердимуҳамедов жазирама иссиқ мавзусини мамлакат Бош вазирининг қишлоқ хўжалигига масъул муовини ва вилоятлар ҳокимлари билан муҳокама этиб олган.

Туркманистон президенти ўз амалдорларига қишлоқлар, далалар ва одамлар кўп тўпланадиган жойларда ёнғин хавфсизлиги тартиб-қоидаларига риоя этилишини қатъий назорат этишни топширган.

Бундан ташқари, уларга иншоотлар ва биноларда тегишли ускуналар, жумладан, ёнғин ўчириш мосламалари, сув заҳиралари ва бошқа зарур жиҳозлар бор-йўқлигини текширишни буюрган.

Туркманистон пойтахти Ашхобод

Сурат манбаси, STANISLAV KRASILNIKOV\TASS VIA GETTY IMAGES

Президент Бердимуҳамедов бу каби об-ҳавода кондиционер ва бошқа совитиш мосламаларидан фойдаланишнинг ортиши туфайли электр токи кўп истеъмол қилиниши масаласини ҳам назардан қочирмаган.

Таъминотда тақчиллик юзага келмаслиги учун Бердимуҳмедов электр энергиясини кўча чироқлари ва реклама тахталари ҳисобидан тежашни талаб қилган.

Туркманистон президентининг бу каби талаби минтақа учун анчайин ғайриодатийлиги билан ҳам кўпчиликнинг диққатини ўзига тортган.

Шу кунларда Ашхободда ҳавонинг қарийб рекорд даражада исиб кетиши, ҳаво ҳароратининг ҳатто +47 даражагача кўтарилиши кутилаётир.

Метереологик кузатувлар тарихи давомида Туркманистон пойтахтида бунга ўхшаш иссиқ фақат 2015 йилда қайд қилингани айтилади.

Ўзбекистонда ёз

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ўзбекистонда эса, шу кунларда ҳаво ҳароратининг +44...+46, Тожикистонда эса, +45 даражага чиқишига оид хабарлар олинган.

"Ўзгидромет" бу каби аномал иссиқ сабабини "Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келишининг кучайиши" билан изоҳлаган.

3-7 июнь кунлари ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрлардан 7-10° га юқори бўлишини ҳам айтган.

31 майда эса, Ўзбекистонда 80 йиллик ҳарорат бўйича мутлақ максимум қайд этилгани хабар берилган.

Минтақанинг аксарият давлатларида сўнгги йилларда ёз мавсумида ҳаво ҳароратининг анчайин исиб бораётгани кузатилади.

Ҳали 2016 йилнинг 26 июль куни пойтахт Тошкентда қайд қилинган + 41,6 даража иссиқ шаҳар тарихидаги 103 йиллик рекордни янгилагани айтилган.

Бунга ўхшаш кунлик рекордлар худди ўша кунлари Ўзбекистоннинг бошқа қатор шаҳарларида ҳам қайд қилинган.

Самарқандда ҳаво ҳарорати + 37,9 , Термезда эса, +44,1 даражага чиққан.

Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатлашган айрим ўзбекистонликлар бу каби иссиқдан "дод", деб юборгилари келаётганлигини айтишган.

"Кондиционер, вентилятори йўқларга жуда қийин эканлиги, айниқса, домларда нафас олиб бўлмаслиги"дан нолишган.

Шунга қарамасдан, бозор, идоралар ишлаётгани, далаларда ҳам иш қизғин эканини айтишган.

Жазирама иссиқ, айниқса, мамлакатнинг ичимлик суви доимий муаммога айланган жанубий вилоятларида янада кўпроқ сув танқислигини юзага келтиргани маълум бўлган.

Айрим вилоятларда аҳоли ўзлари сотиб олаётган ичимлик сувининг нархи ошганидан ҳам шикоят этишганди.

Илк расмий баёнот

иссиқ ҳаво

Худди ўша йили ва ўша ойда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ахборот хизмати илк бор экстремал об-ҳаво шароити билан боғлиқ баёнот тарқатган.

Унда иш вақти қуйидаги шахсларга нисбатан иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилиши айтилган:

18 ёшга етмаган ишчиларга; I ва II гуруҳ ногиронларига; Ноқулай меҳнат шароитларида ишловчиларга; Жиддий мазмунга эга ишларда фаолият юритувчилар; Давлат бюджети томонидан молиялаштирилаётган ташкилот ва корхоналарда ишлаётган 3 ёшгача бўлган фарзанди бор аёлларга.

Қонунчиликка кўра, хавфли ва ноқулай меҳнат шароитларида ишлаётганлар, шароит даражасига мувофиқ қўшимча равишда 3-24 кунгача меҳнат таътилига чиқишлари мумкин.

Меҳнат кодексининг 219-моддасида эса, ишчи ўз саломатлиги ёки ҳаётига таҳдид солувчи ишни бажаришдан бош тортишга ҳақли экани белгилаб қўйилган.

Бу ҳолатда, ишчи меҳнат жараёнида унинг саломатлиги ва ҳаётига хавф солувчи ҳолат вужудга келганидан иш берувчини зудлик билан огоҳлантириши керак бўлади. Бу ҳолатлар тасдиқланса, иш берувчи уларни бартараф этиш чораларини кўради. Агар, зарурий чоралар кўрилмаса, ишчи токи унинг соғлиғи ва ҳаётига таҳдид солувчи ҳолат бартараф этилгунича, ишламасликка ҳақли. Бу давр мобайнида, унинг иш ҳақи сақлаб қолинади", - деб айтилганди мазкур баёнотда.

Бу Ўзбекистон расмийларининг жазирама ёки аёз ҳаво шароитида ишлаш шарт-шароитларига оид аҳолига эълон қилган илк баёноти бўлган.

Унда ёпиқ биноларда қандай ҳаво ҳароратида ишлаш ёки ишламасликка ойдинлик киритилган.

Аммо очиқ ҳаводаги жазирама остида ишлашига тўғри келаётган инсонлар қандай йўл тутишлари ҳақида изоҳ берилмаган.

Шу билан бирга, Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 219-бандига асосланиб ишчининг ишдан бош тортишга ҳаққи борлигини эслатганди.

Бироқ Ўзбекистонда далада ишлаётган деҳқоннинг ёки давлат идораларидаги ходимларнинг айнан иссиқ туфайли ишга чиқмагани ҳоллари ҳали кузатилмаган.

Аксар Араб мамлакатларида ёз пайти иш соатлари расман эрталаб соат 6 дан туш соат 2 гача қилиб белгиланган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишларича, "+60 градус бўлсаям ишлайди ўзбек, тепада ўтирганларнинг бу билан иши йўқ...".

Ёки бунга тескари:

"Далада ишлаётганларга иш соатини белгилаш шартмас. Улар ўзлари хоҳлашса эрталаб 5 да хам ишлаши мумкин, иссиқ пайт дам олса ҳам бўлади" каби изоҳларни ҳам ўқиш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek