Буркина Фасо коронавирусга қарши вакцинацияни Ҳажга бораётганлардан бошламоқчи - Ўзбекистон ва дунё O'zbekiston koronavirus musulmonlar

20 миллионли Буркина Фасо аҳолисининг ярмидан кўпроғи мусулмон бўлади. Дунёнинг аксарият аҳолиси мусулмон бўлган давлатларидан ҳалича бунга ўхшаш хабар олинмаган. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси эса, бу йилги Ҳаж масаласига ойдинлик киритган, раддия билан чиққан.

Буркина Фасо аҳолисини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишларини фақат шу кунларда бошлаган.

Мамлакат куни-кеча Covax дастури доирасида 155000 доза Oxford-AstraZeneca вакцинаси олган.

Аввалига Соғлиқни сақлаш, Спорт вазирлари ва пойтахт Уагадугу мэри ўзларини эмлатишган.

Ҳукумати эса, соғлиқни сақлаш ходимлари, сурункали хасталиги бор беморлар билан бир қаторда келаси ой Ҳажга боражак мусулмонларни ҳам биринчи бўлиб коронавирусга қарши эмланадиган инсонлар тоифасига киритган.

155000 доза вакцинадан 20 минггининг айнан улар учун ажратилиши айтилган.

20 миллионли Буркина Фасо аҳолисининг ярмидан кўпроғи мусулмон бўлади.

Буркина Фасода шу пайтгача жами 13 ярим мингга яқин коронавирус ҳолати қайд қилинган.

Уларнинг 167 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Глобал коронавирус пандемияси боис, ўтган йилги Ҳаж зиёратида ўзбекистонликлари илова четдан бирор бир зиёратчи иштирок этмаган.

Ҳаж фақат маҳаллий миқёсда бўлиб ўтган, Саудия Арабистони четдан бирор бир зиёратчининг келишига изн бермаган.

Бу йилги Ҳаж санаси ва тартиби ҳозирча аниқ маълум эмас.

Ўзбекистон, вакцинация ва Ҳаж

Ўзбекистон эса, минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Аҳолисининг сони расман қарийб 35 миллион кишини ташкил қилади.

Марказий Осиёдан Ҳажга энг кўп зиёратчи айнан Ўзбекистондан боради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондан жами 7 мингдан ортиқ киши Ҳаж зиёратини адо этиб келган.

Саудия Арабистонида 2017 йилда Ўзбекистонга бераётган квоталарини қарийб 40 фоизга оширган.

Ўзбекистон ўз аҳолисини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишларини шу йилнинг 1 апрелида бошлаган ва ҳозир учинчи босқичига киришган.

Мамлакатда дастлаб 65 ёшдан юқори инсонлар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассаса тарбияловчилари ҳамда сурункали хасталиклари бор инсонлар эмланган.

31 майдан бошлаб, бу рўйхатга чет элга ўқишга борадиган талабалар, оммавий ахборот воситалари (журналистлар, блогерлар), ёзувчилар, телерадиокомпанияда хизмат қилувчи ходимлар ҳам киритилгани маълум бўлган.

Агар, расмий статистикага таянилса, шу пайтгача мамлакатда 2 миллиондан ортиқ киши эмланган.

Ўзбекистондан ҳам ҳар йили минглаб зиёратчилар Ҳаж баробарида Умра зиёратини ҳам адо этиб келишади.

Орада Ўзбекистонда коронавирус ва ундан ўлим ҳолати Умра зиёратидан қайтиб келганлар орасида ҳам аниқланган.

Қирғизистондан эса, Умра зиёратидан қайтганларнинг карантин остига олингани, илк коронавирус ҳоллари айнан зиёратчиларда аниқланганига оид хабарлар олинган.

Улар масъуллар томонидан зиёратдан қайтгач, уюштирган зиёфатлари билан коронавирус манбаси бўлишда ҳам танқидларга тутилишган.

Бу йилги Ҳаж

Бу йилги Ҳаж зиёрати глобал коронавирус пандемияси ҳануз ўз шиддатини бўшаштирмаган бир пайтга тўғри келмоқда.

Сўнгги ҳафталарда айрим маҳаллий нашрларда Саудия Арабистони Ҳаж зиёрати қандай ўтказилишини эълон қилганига оид хабарлар бўй кўрсатган.

Аммо 31 май куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расман раддия билан чиққан.

Идора Ҳаж ва Умра масаласида ҳали якуний қарор қабул қилинмаганини маълум қилган.

"Саудия Арабистони ҳукумати айрим талаблар асосида инсонларга Ҳаж сафари учун рухсат беришга қарор қилди, деган мазмунда тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги"ни баён қилган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига кўра, ҳозирга қадар Саудия Арабистони ҳукумати Ҳаж ва Умра сафарларини бошлашга оид бирор-бир якуний баёнотни эълон қилгани йўқ.

Идоранинг маълум қилишича, Ҳаж ва Умра сафарларига оид ўрганишларни давом эттирган ҳолда уларга боғлиқ хабарлар расмий нашрларда эълон қилинади.

Ҳозирга келиб, дунёда коронавирусга чалинганлар сони қарийб 172 миллион кишидан ортган.

Уларнинг 4 миллионга яқини аллақачон ҳаётдан кўз юмган.

Ҳатто, шунда ҳам, ҳали энг ёмони олдинда эканига оид огоҳликлар, хавотирлар йўқ эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek