You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Осиё чемпионати: Ўзбекистон яна биринчи, ғолиб боксчилари неча минг доллар олишади? O'zbekiston dunyo yangiliklar
Ўзбекистонлик боксчилар Осиё чемпионатининг энг кўп медалларини олишди. Умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди. AIBA эса, кутилмаган бир ишга қўл урди.
Ҳаваскор бокс бўйича бу йилги қитъа биринчилиги шу йилнинг 24-31 май кунлари Дубайда бўлиб ўтди.
Турнирда 17 Осиё давлатидан бўлган 150 нафар боксчи совринли ўринлар учун кураш олиб боришди.
Осиё чемпионати тарихида иккинчи бор аёл ва эркак боксчилар бир вақтнинг ўзида чемпионлик учун беллашишди.
Ўзбекистон чемпионатнинг энг кўп - жами 18 та медалини қўлга киритди, етти боксчиси Осиё чемпионларига айланишди.
Ўзбекистон эркаклар жамоаси қўлга киритган медаллари сони ва сифати бўйича ҳам умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашди.
Улар 6 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритишди.
Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида бу йилги биринчиликнинг энг кўп кумуш ва бронза медалларини олган иккита давлатидан биттаси экани ҳам кўрилди.
Қозоғистон билан бирга энг кўп боксчиси финалга чиқа олган Осиё давлати ҳам бўлди.
Қўлга киритган жами медаллари сони бўйича Ўзбекистондан кейинги энг яхши натижани Қозоғистон кўрсатди.
Қозоғистонлик ҳаваскор боксчилар чемпионатнинг 16 медалини олишди, энг кўп - 8 та олтин медал олган Осиё қитъаси вакили бўлишди.
Бу гал олтин медалларнинг барчасини Қозоғистон терма жамоаси ҳисобига боксчи қизлари келтиришди, кўрсатган бу каби натижалари билан яхшигина шов-шувга ҳам сабаб бўлишди.
Ўзбекистонлик боксчи йигитлар эса, финал баҳсларида Қозоғистоннинг боксчи йигитларига бирор бир имконият қолдиришмади.
Финалга чиққан қозоғистонлик боксчилардан тўрт нафарини айнан Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари мағлуб этиб, Осиё чемпионларига айланишди.
Тожикистон ва қирғизистонлик боксчилар эса, бу йилги қитъа биринчилигини 4 тадан бронза медали билан якунлашди.
Афғонистонлик боксчилар бирор бир совринли ўринга кўтарила олишмади.
AIBA эса, сўнгги биринчилик манзарасида кутилмаган ташаббус билан чиққан, бу йилги Осиё чемпионатида илк бор совриндорлар учун пул мукофотлари таъсис этган.
Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси айни мақсадда $400 000 АҚШ доллари ажратган.
Осиё чемпионатида биринчи ўринни олган боксчилар учун $10000 доллар миқдорида мукофот пули белгилаган.
Кумуш медали соҳибларининг $5000 доллардан олишлари айтилган.
Чемпионатни совринли учинчи ўрин билан якунлаганлар эса, $2500 доллардан берилиши маълум бўлган.
Ўзбекистоннинг катталар бўйича терма жамоаси ҳаваскор бокс оламида энг совриндорларидан бири саналади. Ҳақли равишда энг кучлиларидан бири сифатида эътироф этилади.
Ўзбекистон Тошкент мезбонлик қилган 2017 йилги Осиё чемпионатида ўзига хос рекорд ўрнатган. Ўшанда финалга чиққан 9 боксчисининг барчаси олтин медал олган. Осиё чемпиони бўлган.
Ўзбекистонлик боксчилар нуфузли халқаро беллашувларда ўрнатган рекордлари ва эришган ютуқлари билан халқаро миқёсда катта шов-шувга сабаб бўлишган.
Ўзбекистоннинг ўзида давлат мукофотлари билан ҳам тақдирланишган.
Ҳаваскор бокс бўйича пешқадам Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Дубайдан Тошкентга аниқ қачон қайтиши санаси ҳозирча расман очиқланмаган.
Риодаги рекорд
Ўзбекистонлик боксчилар ўрнатган энг шов-шувли рекордлардан бири 2016 йилги Рио Ёзги Олимпиадасига тўғри келади.
Улар ўшанда умумжамоа ҳисобида қўлга киритган медалларининг сони бўйича Куба дохил қолган барча иштирокчи давлатларни ортда қолдириб, медаллар жадвалида биринчи ўринни эгаллашган.
Ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида кузатилмаган бир даражада Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода энг кўп медалларини (шу жумладан, олтинларини ҳам) бокс спорт турида қўлга киритган.
Ўзбекистонлик боксчилар Ўйинларни 3 та олтин, иккитадан кумуш ва бронза медаллари билан якунлаганди.
Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига илк олтин медални ҳам боксчиси Ҳасанбой Дўсматов келтирган.
Айнан Рио Олимпиадасида Ҳасанбой Дўсматов Ўзбекистон тарихида Ўйинларнинг техник жиҳатдан энг кучли боксчи, деб тан олинган ўзбекистонлик биринчи чарм қўлқоп устаси бўлган.
Худди шу Ўйинларда кўрсатган маҳорати учун Рио Олимпиадаси ортидан AIBA томонидан жаҳонда "Йилнинг энг кучли эркак боксчиси", деб ҳам топилган.
Бу ҳам боксчилари учун Ўзбекистон тарихида кузатилмаган бир ютуқ бўлганди.
Айнан боксчиларининг муваффақияти сабаб, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистон ҳисобидаги жаъми 13 та медали билан 206 иштирокчи давлат орасидан медаллар жадвалида 21-ўринни эгаллаган.
Ўзбекистон Ўйинларда 100 дан ортиқ спортчиси билан иштирок этган Қозоғистонни ҳам бир ўринга ортда қолдириб кетган.
Осиёда Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин тўртинчи ўринни эгаллаган.
Бунақаси ҳам мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган бир натижа бўлганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02