Ўзбекистон-Россия: Ўзбекистоннинг 'Саҳро Луври' энди дунёни забт этадими? У Путинни ҳам ўзига қаратган - Rossiya Putin O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
Қорақалпоғистоннинг Нукусидаги Савицкий музейида сақланувчи ноёб суратлар сўнгги тўрт йил ичида иккинчи бор Россияда кўргазмага қўйилди. Суратларнинг пойтахт Москвадаги дастлабки намойиши Шавкат Мирзиёевнинг Россияга 2017 йилги илк давлат ташрифи пайтига тўғри келган. Кўргазма аҳамиятини Россия президентининг ўзи алоҳида урғулаган.
"Нукус кўргазмаси", деб номланган кўргазма ўшанда Пушкин номидаги Тасвирий санъат музейида очилган.
Унда Савицкий музейидаги авангард ва поставангард йўналишида ижод қилган рассомларнинг 200 га яқин асарлари, кулолчилик намуналари ва Қорақалпоғистонда топилган айрим археологик экспонатлар кўргазмага қўйилиши айтилган.
Ўзбекистон ва Россия томони бу воқеъликни юқори баҳолашган, Владимир Путин Шавкат Мирзиёев билан юзма-юз мулоқоти чоғида унинг аҳамиятини алоҳида урғулаган.
Россия томони "бу кўргазмани бир неча ўн йил кутганликлари"ни расман эътироф этганди.

Сурат манбаси, facebook/saidamirziyoyeva
Қорақалпоғистон Давлат санъат музейидаги сақланаётган ноёб коллекция бу гал Россиянинг бутун дунёга машҳур Третьяков галереясида намойишга қўйилган.
Рассом Иван Кудряшовнинг 300дан ортиқ экспонатдан иборат ретроспектив жамланмаси жамоатчиликка тақдим қилинган.

Сурат манбаси, courtesy

Сурат манбаси, facebook/saidamirziyoyeva
Маълум бўлишича, бугунги кунда ушбу ижодкорнинг ижодий мероси тўрт мамлакат: Россия, Ўзбекистон, Греция ва Франция музейлари ўртасида нотекис тақсимланган.
Аммо картиналарнинг аксарияти И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи томонидан тақдим этилган.
Рассом, санъатшунос, Нукусдаги Санъат музейининг яратувчиси ва биринчи директори Игорь Савицкийнинг асарлари туфайли Кудряшов ишларининг энг катта коллекцияси у ерда тўпланиб, рассомнинг ижодий йўлини очиб берган.
Кўргазманинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева иштирок этишган, табрик нутқи билан чиқиш қилишган.

Сурат манбаси, courtesy

Сурат манбаси, courtesy
Третьяков галереясидаги мазкур кўргазма Нукус музейининг жаҳон миқёсида шуҳрат қозониш йўлидаги зафарли юришини бошлаб беришига кўз тикилмоқда.
Ноёб коллекцияларини бундан-да оммалаштириши ва Қорақалпоғистон нуфузини янада оширишга хизмат қилишига умид қилинмоқда.
"Биз музей асосчиси Игорь Савицкий ушбу дурдоналарни йиғиш учун қанчалик меҳнат қилгани ва фидойилик кўрсатганини намойиш этмоқчимиз. Назаримда, бу унинг хотирасига ҳурмат ва мазкур бебаҳо музей айнан бизнинг юртимизда ташкил этилгани учун чуқур миннатдорчилик рамзидир", - деб айтган Саида Мирзиёева.
Саида Мирзиёевага кўра, мазкур кўргазма санъат ихлосмандларининг "саҳродаги Лувр" га шахсан ташриф буюришлари ва ўзига хос санъат асарлари тўпламини томоша қилишларига туртки бўлса ҳам ажаб эмас.

Сурат манбаси, facebook/saidamirziyoyeva

Сурат манбаси, courtesy
Бундан олдин Савицкий коллекцияси Нукусдан бошқа ҳеч жойда намойишга қўйилмаган.
Савицкий музейида 44 минг санъат асари борлиги айтилади.
Лекин булар асосан графика ва тасвирий санъат асарлари, деб ишонилади.
Бошқа маълумотларга кўра эса, Қорақалпоқ амалий санъат асарлари билан қўшиб саналса, у ерда 90 мингга яқин асарлар сақланади.
2015 йили августида Савицкий музейига узоқ йиллар директорлик қилган Мариника Бабаназарова ишидан бўшатилган.
Шундан сўнг музейдаги асарлар тақдири борасида хавотирлар ҳам янграганди.
"Супрематист рассом Иван Кудряшовнинг картиналари деярли эллик йилдан бери Нукус музейи омборларида ётди. Кўргазма замирида илмий изланишлар, рус авангардига бўлган қизиқишлар ва Игорь Савицкий музейи хазиналарини бутун дунёга намойиш этишга бўлган катта истак ётибди. Бу илмий изланишларга, рус авангардига қизиқиш ва Игорь Савицкий музейи хазиналарини дунёга намойиш этишга бўлган катта истакка асосланган", - дея таъкидлаган ўзининг Москвадаги чиқишида Саида Мирзиёева.

Сурат манбаси, facebook/saidamirziyoyeva

Сурат манбаси, facebook/saidamirziyoyeva
Нукусдаги Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат Санъат Музейи у ерда жамланган ноёб асарлари билан дунёга танилган.
Асли аслзодалардан бўлган Игорь Савицкий Иккинчи Жаҳон Урушидан аввал Ўзбекистонга кўчиб ўтган ва ўз коллекторлик фаолиятини қорақалпоқ осори-атиқаларини йиғишдан бошлаган.
У сўнгра йиллар давомида Россия ва Ўзбекистонда совет тарғиботи ва совет реализмига тўғри келмайдиган авангард асарларни тўплай бошлаган.
Унинг ёрдами билан Совет ҳукумати қора рўйхатига тушган рассомларнинг кўргазмалари уюштирилган, Сталин даврида қатағонга учраган ва отилган рассомларнинг минглаб асарлари сақлаб қолинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














