Россия, мигрантлар: "Илтимос, ўзбекларни қутқаринг" - video Rossiya Putin O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Мигрантлар турар-жойи

Сурат манбаси, Screenshot

    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, ББС, Москва
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ
  • Кун давомида совуқда муздек сув кечиб ишлаш қийин. Оёқларимиз уюшиб қоларди, зах ўтиб кетарди;
  • Иш берувчи ака-укалар уриб дўппослади. Оғзи-бурним қон бўлиб кетди;
  • Полициячилар одам ўрнида кўришмади, мазахлаб устимиздан кулишди;
  • Ишсиз, пулсиз кўчада қолганмиз. Барнаулдан Новосибирскгача 8 соатли йўл;
  • У ерда яна ўзбеклар бор, 500 рублга ишлаб юришибди;
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Telegram даги турли хизматлар каналларидан ҳам иш излашаяпти.

Эълонлар кўп, аммо улар қанчалик ишончли?

Би-би-си Ўзбек хизматига Барнаул шаҳридан 6 нафар ўзбекистонлик йигитлар мурожаат қилди.

Уларнинг айтишича, Россиядаги муҳожирлар учун иш эълонлари каналидаги $500 АҚШ доллари иш ҳақи ваъда қилиниб қолдирилган телефон рақамига қўнғироқ қилишган.

- Вагиз деган киши билан гаплашдим. Иш Барнаулда, иссиқхонада экан. Ойига $500 доллар, ойма-ой бераман деди. Унга ишониб келдим, - дейди муҳожирлардан бири.

Муҳожирлар бу вақтда Москвада бўлишган.

- Москвада ишимиз юришмай, бошқа иш излаб юрган эдик. Эълондаги ишни телефонда гаплашиб, уларга ишондик. Внуковадан Новосибирскка учиб келдим, у ердан Олтой ўлкасидаги Рубцовск шаҳрига кетдик. Иш берувчилар ака-укалар экан. Иш ҳақини $700 долларга келишдик. Еб-ичиш, ётоқ ўзимиздан, дейишди. Иш учун кийим олиб келиб беришди, - дейди ишчи муҳожир.

Йигитларнинг айтишича, улар эртаси куниёқ ишга тушишган.

Теплицада ишлаётган мигрантлар

Сурат манбаси, Screenshot

- Иссиқхонада кунига 14 соатлаб ишладик. Иш оғирлигига чидаса бўлади, аммо кун давомида совуқда муздек сув кечиб ишлаш қийин. Оёқларимиз уюшиб қоларди, зах ўтиб кетарди, - ҳикоя қилади мигрант.

- Деярли 3 ой ишладик, жами $200 доллар уйга пул юбориб берди. Қолгани қолди. Октябрда бераман, дейди. Кўнмадик, уйдагиларимиз пул кутишаяпти, ахир. Қаерга борсанглар боринглар, бермайман деди. Ҳақимни талаб қилдим. Иш берувчи ака-укалар уриб дўппослади. Оғзи-бурним қон бўлиб кетди, зўрға кўчага қочиб қутилдим, - дейди муҳожирлардан бири.

Йигитлар полиция чақириб, ариза ёзишади. Аммо Россия учун аксарият ҳоллардаги одатий вазият: ўзбекистонлик мигрантларнинг ўзлари жаримага тортилади. Важ қилиб эса, ҳужжатлари жойида эмаслиги айтилади.

- Паспортларимизни олиб, кечқурун 22:00 гача маҳкамада олиб қолди. Полициячилар одам ўрнида кўришмади, мазахлаб устимиздан кулишди.

Теплица

Сурат манбаси, Screenshot

Ишсиз, пулсиз кўчада қолганмиз. Барнаулдан Новосибирскгача 8 соатли йўл. Консуллик Новосибирскда, у ер қўнғироқ қилдик. "Келмасанглар бўлмайди", дейишди, танишларимиз йўлкирага ёрдам қилишди. Тонгда миграция агентлигини ваколатхонасига етиб келдик. Улар ётоқхонага жойлаштиришди, иш билан таъминлаймиз, дейишди, - гапириб берди йигитлар.

Би-би-си Ўзбек хизматига мурожаат қилган мигрантлар расмийларнинг Олтойдаги иссиқхонага эътибор қаратишларини сўрашмоқда:

- У ерда яна ўзбеклар бор, 500 рублга ночор ишлаб юришибди. Уларни ҳам қулдек ишлатишаяпти. Пулларини олишолмаяпти. Илтимос, уларни қутқаринг. Бизга қолиб кетган пулларимизни олишда, иш берувчиларга чора кўришда ёрдам беринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати мазкур ҳолат бўйича Новосибирскдаги консуллик ва Олтой ўлкасидаги иш берувчи билан боғланишга уринмоқда.

Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги қийин вазиятда қолган бу 6 муҳожирга ёрдам беришгани ҳақида Telegram каналида маълум қилди.

Аммо мигрантларнинг иш ҳақини ундириш ва Олтойда қолаётган бошқа ўзбекистонликлар борасида маълумот ҳозирча берилмаган.

Ўзбекистон эса, минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони 34700 миллиондан ортади.

Аксар аҳолиси мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.

Бу ердаги миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги, йилларки, четда - асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбораётган пуллар ҳисобидан ўтиб келган.

Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Икки давлат ўртасида пандемия сабаб бир йилча тўхтатиб қўйилган мунтазам ҳаво қатновлари яқиндагина қайта тикланган, аммо бошқа йўллар билан Россияга бориш Ўзбекистон фуқароларига ҳали-ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

Худди шу каби бир вазиятда ўзбекистонлик масъулларнинг иш берувчилар орқали мамлакат фуқароларини имкон қадар Россия бўладими ёки Қозоғистон, ишлаш учун юбориш ҳаракатида эканликлари кўрилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek