You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон Россия ва Қозоғистонни ҳам ортда қолдирди - O‘zbekiston, Rossiya, Qozog‘iston, dunyo , yangiliklar
Ўзбекистонда яшаш Россия ва Қозоғистондан зўрми? Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг бахтли давлат, деб топилган. Учта энг бахтли собиқ Шўро давлатидан биттаси экани ҳам маълум бўлган. Жаҳондаги "энг бахтсиз" мамлакат эса, Ўзбекистонга бевосита чегарадош Афғонистон бўлиб чиққан.
Бу каби хулосага Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботида келинган.
The World Happiness Report 2021 да асосий эътибор Covid-19 оқибатлари ва бутун дунё бўйлаб одамларнинг аҳволларига қаратилган.
Халқаро ташкилотга кўра, бу йилги ҳисобот аввалги ҳеч бирига ўхшамайди.
Чунки инсоният дунёни ўзгартирган ва кўплаб одамларнинг ҳаётларига зомин бўлган кенг кўламли пандемияга дуч келган.
Худди шу манзарада ишонч ва хайрихоҳлик коронавирусга қарши энг яхши стратегия эканини аниқлашган.
Ўзбекистон ўтган йили Қозоғистондан кейин минтақанинг коронавирус расман аниқланган иккинчи давлати бўлган.
Ҳозирга келиб, Ўзбекистонда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 81559 тага етган.
Умумий ҳисобда 622 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Аммо, бошқа томондан, Ўзбекистон мисолида бу рақамлар ҳозирча пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.
Расмий рақамларнинг орада кечган вақт давомида айрим мустақил экспертлар ва оддий ўзбекистонликлар томонидан ҳам шубҳа остига олинган ҳоллар кузатилган.
Орада ўзбекистонлик айрим масъулларнинг ўзлари ҳам коронавирусдан ўлим ҳоллари айтилганидан кўп бўлиши мумкинлиги эҳтимолини назардан соқит этишмаган.
Ўзбекистон худди шу манзарада Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати экани кўрилади.
Марказий Осиё назарда тутилганда, "бахтлилар"нинг рўйхатида Ўзбекистондан кейин энг яхши кўрсаткични Қозоғистон қайд этган.
Қозоғистон янги рўйхатда 45-ўринда келган.
Қирғизистон(67-ўрин) ва Тожикистон(78-ўрин)дан кейин Туркманистон минтақанинг "энг бахтсиз" давлати экани маълум бўлган.
Туркманистон 149 давлат орасидан 97-ўринни эгаллаган.
Ҳисоботни ишлаб чиқиш чоғида муаллифлар учта муҳим кўрсаткичга ўз эътиборларини қаратишган.
Дунёнинг 149 давлатидаги ҳаёт даражаси ( ЯИМ, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши), салбий ва ижобий ҳис-туйғуларни инобатга олишган.
Ўзбекистон умумий рўйхатда 42-ўринни эгаллаган, Финландия эса, дунёнинг энг бахтли давлати бўлиб чиққан.
Юқори ўнталикни Финландия ортидан, Исландия, Дания, Швейцария, Нидерландия, Швеция, Германия, Норвегия, Янги Зеландия ва Австрия тўлдиришган.
Лесото, Ботсвана, Руанда ва Зимбабве эса, Афғонистон билан бирга дунёнинг "энг бахтсиз" бешлиги, деб топилган.
Россия эса, "бахтли"ларнинг янги рўйхатида Ўзбекистондан 34 поғона қуйи ўринда келган, 76-ўринни эгаллаган.
Янги ҳисобот манзарасида Gallup International буюртмаси асосида Россиядаги "Ромир" тадқиқот маркази томонидан ўтказилган сўров эса, россиялик ўзларини 2011 йилдан буён кузатилмаган бир даражада "бахтсиз", деб ҳисоблашларига далолат қилади.
Глобал коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон иқтисодига ҳам таъсири сўнгги ойларда мамлакат раҳбарини жиддий ўйлантирган мавзулардан бири экани кўрилади.
Россия Қозоғистон билан бирга энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлиб келган.
Глобал коронавирус пандемиясига қадар, бу икки давлатда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар сони жами миллионларга нисбат берилган.
Улар ҳар йили ортга - Ўзбекистонга юбораётган маблағлар эса, миллиардлаб долларни ташкил этган.
Бу пуллар орқасидан миллионлаб ўзбекистонликларнинг тирикчилиги ўтиб келади.
Тўй-ҳашамлари борми, болаларининг олий таҳсили - бу улар аксарияти учун рисоладагидек турмуш тарзининг асосий манбаи бўлади.
Умумиятла, йилларки, Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири сифатида кўрилади.
Бу пуллар аҳолиси минтақада энг йириги (34500 миллиондан ортиқ - таҳр.) бўлган Ўзбекистон ҳукумати учун ижтимоий муҳофаза камари вазифасини ҳам ўтайди.
Рейтинг тузувчиларнинг таъкидлашича, мамлакатларнинг учдан бирида салбий ҳиссиётлар даражаси сезиларли даражада ошган, бу, эҳтимол коронавирус пандемияси оқибатлари билан боғлиқ, дейишган улар.
Янги ҳисобот тафсилотларидан маълум бўлишича, шу билан бирга, дунёнинг 22 давлатида одамлар яхшироқ ва қувноқроқ яшашни бошлашган.
Хусусан, кўплаб Осиё мамлакатларида бахтиёрлик даражаси сезиларли даражада ўсган, масалан, Хитой 94-ўриндан 84-ўринга кўтарилиб олган.
Ўзбекистон Марказий Осиё ва МДҲ даги энг бахтли давлат, деб топилган янги ҳисобот мамлакатдаги аксарият интернет нашрлари эътиборидан ҳам четда қолмаган, ёритилган.
Аммо, шуни ҳам таъкидлаш керакки, бахтиёрлар ва бахтлилар рўйхатида топ ўринлар Ўзбекистон, ўзбекистонликлар учун бегона эмас.
Дейлик, 2017 йилда "Sustainable Development Solutions Network" ташкилоти томонидан тайёрланган бахтиёрлик бўйича ҳисоботда ҳам Ўзбекистон бутун МДҲ да энг юқори ўринни эгаллаган.
Ўшанда ҳам Ўзбекистон Қозоғистон, Россия, Беларусу нефтга бой Озарбайжонни ҳам ортда қолдириб кетган.
Устига устак, бу ҳисоботда бир мамлакат ва фуқароларининг қанчалар бахтлилиги аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми, умр кўриш давомийлиги, ижтимоий кўмак, кишилар томонидан қарорларнинг эркин қабул қилиниши, коррупция даражаси ва сахийлик мезонларига қараб белгиланган.
Ўзбекистон бахтиёрлик бобида 2018 йилда БМТ буюртмаси асосида тайёрланган The World Happiness Report ҳисоботида ҳам худди шу каби натижани қайд этган.
Яна собиқ Шўро давлатлари орасида энг бахтлиларидан бири бўлиб чиққан.
Дунёнинг 156 давлатини қамраб олган бу тадқиқотда ҳам бахтлилик меъёри узоқ умр кўриш даражаси, ижтимоий ҳимоя, коррупция ва бошқа кўрсаткичлар бўйича баҳоланган.
Бу каби сўровлар манзарасида натижаларини Ўзбекистон аҳолисининг менталитетига йўйган қараш, талқин, баҳоларнинг озмунча бўлмагани ҳам бор гап.
Яқинда эса, ўзбекистонликлар йилига $21960 доллар даромад қилса, ўзини бахтли деб ҳис қилиши мумкинлигига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Бу ҳақда АҚШнинг Пердью университети ўткизган тадқиқот натижаларига таянган ҳолда Expensivity нашри маълум қилганди.
Янги ҳисобот, бошқа томондан, Ўзбекистон илова аксарият минтақа давлатларида коронавирус билан боғлиқ аҳвол яна ёмонлаша бошлаган бир пайтга тўғри келган.
Бунгача Ўзбекистонда коронавирус беморларининг 99 фоизи соғайиб бўлгани хабар берилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek