You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистонлик мигрантлар Қозоғистонда қандай яшашаяпти - video, Rossiya, Qozog‘iston, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar
"Қозоғистонга келмагунимча, қўрқардим. Қайси маънода қўрқиш: Мени биров бир нарса қилади, дебмас, одамларнинг гапи орқали. Бизда негадир Қозоғистон деса, бир сесканишади", дейди Хурсандбек Саидакбар.
Россия ўзбекистонликларга ёпиқ бир пайтда меҳнат муҳожирлиги учун имкониятлардан бири Қозоғистон бўлиб турибди.
Хурсандбек мактабни тамомлаб, Россияда муҳожирликка чиққан.
Аввалига қурилишда, кейин такси ҳайдовчиси бўлиб ишлади.
2018 йилда ватанига қайтди. Аммо у ерда кўп қолмади.
Шу йилиёқ Қозоғистондаги дўстларидан ҳамкорликда ишлаш таклифини олиб, у ерда тадбиркорликни бошлади.
Қозоғистонда ўзбекистонлик мигрантлар ҳаёти қандай кечмоқда, Хурсандбек Саидакбар билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.
Би-би-си: Ўзбекистонликлар қайси соҳаларда кўпроқ ишлашмоқда?
Хурсандбек Саидакбар: Ошхона, қурилишларда, сартарошхоналарда ўзбекистонликлар ишлашади. Энг кўпи ошпазлар. Ўзбеклар деса, ошпазмисан, дейишади. Овқатларни ширин қиласизлар, деб мақташади. Яна Ўзбекистон рақамили машиналар, такси ҳайдовчилари кўп. Қурилишларда ҳам ўзбеклар кўп.
Аммо Москвадаги сингари ўзбекистонлик кўча супурувчи, фаррошлар йўқ. Бу ишни маҳаллий аҳоли бажаради. Чунки фаррошларнинг маоши оз, ўзбекларга уйга пул юбориши учун тўғри келмайди.
Би-би-си: Иш ҳақи Москвадаги кабими?
Хурсандбек Саидакбар: Йўқ, Москвадагидан икки баробар кам. Москвада 100 рубль оладиган жойда бу ерда 50 рубль ҳақ олишади. Ойлик нисбатан оз бўлгани билан харажат ҳам шунга яраша. Масалан, ҳар ойда патент пули тўланмайди, регистрацияга пул кетмайди. Мигрантлар ҳар 3 ойда бир 50 доллар давлат божини тўлаб, ҳужжатини узайтириб юришади. Ошпазлар билан қурилишдагиларни ойлиги эса деярли бир хил.
Вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олиш қийин. Мен бу жараённи енгиллаштириш таклифини, ўзбеклар кўпроқ келиб мамлакат иқтисодиётига ҳисса қўшишлари мумкинлиги ҳақида президент Тўқаевнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига ҳам ёздим. Аммо менга ўхшаб мурожаат этувчилар қанча, ўқийдими-йўқми, билмадим.
Би-би-си: У ерда ўзбекистонлик мигрантларга муносабат қанақа?
Хурсандбек Саидакбар: Москвадагичалик эмас. Кўчада милиция йўқ, энг яхшиси шу. Биров келиб "кимсан, ҳужжатинг қани, нима қилаяпсан", деган гап-сўз йўқ. Агар шаҳар қоидасини бузмаса, ҳеч ким "мушугини пишт", демайди.
Ижара уйлар ўша-ўша: Москвадаги сингари. "Резиновая квартира", деган тушунча бу ерда ҳам бор.
Би-би-си: Қозоғистонда қулликка тушиб қолганлар ҳақида кўп ёзилади…
Хурсандбек Саидакбар: Бу нарса Ўзбекистонда ҳам бор: беш-олти ой ишлайсиз, ойлигингизни беришмайди. Бу ерда ҳам шундай вазиятга тушганлар бўлса, шу қулликка тушиб қолди, дейилса керак. Менимча, бу ҳолат бор, лекин кўп эмас.
Би-би-си:Сиз Россияда ҳам кўп йил ишладингиз, ишлаш учун қаер сиз учун маъқул бўлди?
Хурсандбек Саидакбар: Бу ерга биринчи келган пайтимда 3-4 ой бекор келибман, деб юрганман. Машинада юрганман, йўллар тор, қийналардим.
Мактабни битириб, 16 ёшимда Москвага ишлашга кетганман, у ерда улғайдим. Ватаним каби бўлиб қолганди, лекин ўзимни эркин ҳис қилмасдим. Фақат мен эмас, мигрантлар у ерда ўзларини 3-4 табақали инсондек сезади, хафа бўлишади.
Бу ерда менга ёққан томони - мен шу ерлик аҳолини бир қисмига айланганим. Шу жамиятнинг бир бўлагиман.
Би-би-си: Ўзбекистонга қачон қайтасиз?
Хурсандбек Саидакбар: Бутунлайми?! Ота-онам буни кўришса хафа бўлишадию, аммо қайтиш ниятим йўқ. Очиғи, мен Ўзбекистонда иш қилолмайман. Ватаним, уйимга бориб-келиб, ота-онаю яқинларимни кўриб келиб тураман. Лекин келажагимни… билмадим. Яна ҳам тақдир, балки нимадир бўлар.
Москвада юрганимда бу қадар хотиржам эмасдим. Xавотир бор эди, бироз пул ишлай, уйга бориб бир иш қиламан, деб юрардим. Ҳозир эса бу ерда кўнглим жуда хотиржам.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek